САЙЁР ҚАБУЛДА СУДГА ДОИР МУРОЖААТЛАР ЎРГАНИЛДИ

Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда янгича тизим яратилиб, жойларда сайёр қабуллар ташкил этилаётгани фуқароларни ўйлантираётган кўплаб масалаларнинг ижобий ечим топишига сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда Наманган вилояти судлари масъуллари томонидан Янги Наманган туманида ташкил этилган навбатдаги оммавий сайёр қабулда юртдошларимизнинг суд-ҳуқуқ йўналишидаги мурожаатлари эшитилди.

Сайёр қабулда 51 нафар фуқароларнинг судларга доир мурожаатлари кўриб чиқилди. Мурожаатларнинг 19 таси жиноят, 15 таси фуқаролик, 6 таси иқтисодий ҳамда 11 таси маъмурий судларга тааллуқлидир. Мурожаатларга мусъуллар томонидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, 3 та тафтиш тартибидаги шикоят, 3 та ариза ва илтимосномалар Олий судда кўриб чиқиш учун қабул қилинди.

Қабул доирасида ўтказилган сайёр судларда жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг тергов судьялари томонидан 5 нафар фуқарога нисбатан маъмурий иш тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилди. Шунингдек, тақдимнома ва илтимосномалар асосида озодликдан маҳрум қилиш ва ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган 12 нафар маҳкумлар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

Фуқаролик судлари томонидан оилавий низо сабабли алоҳида яшаётган ва никоҳдан ажратиш ҳақида судга мурожаат қилган 5 та фуқаролик ишини кўриш жараёнида ажрашиш ёқасига келиб қолган оилаларга тушунтириш ишлари ўтказилиши натижасида 2 нафар вояга етмаган фарзанди бўлган 2 та оила яраштирилди. Шунингдек, бола уч ёшга тўлгунига қадар таъминот ундириш ҳақидаги 2 та, вояга етмаган бола таъминоти учун алимент ундириш ҳақидаги 8 та алимент пуллари ундирилиши белгиланди.

Коммунал хизматлар тўлови, фуқаролардан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги ва кредит қарздорлиги юзасидан чиқарилган суд буйруқларига нисбатан 4 нафар шахснинг эътироз аризалари кўриб чиқилиб, аризалар қаноатлантирилди ва суд буйруқлари бекор қилинди.

Иқтисодий ишлар бўйича судлар томонидан 7 та иқтисодий иш бўйича тадбиркорлик субъектларининг даъво талаблари қаноатлантирилиб, тадбиркорлар фойдасига 929,9 млн. сўм ҳақдорликлар ундириб берилди. 5 та иқтисодий ишлар бўйича тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилганлиги боис кўрмасдан қолдирилди. Натижада 18,4 млн. сўмлик давлат божлари тадбиркорлик субъектларининг ҳисобида қолди. 1 та тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқи ҳимоя қилиниб, давлат органи томонидан қўлланилган жарима рад қилинганлиги боис тадбикорлик субъекти 17 млн. сўмлик жарима қўллашдан озод этилди. Тадбиркорлик субъектларининг 5 та даъво аризалари иш юритувга қабул қилиниб, суд мажлисида кўриб чиқилиши тайинланди.

Маъмурий судлар томонидан 6 та оммавий низолар бўйича фуқароларнинг аризалари қаноатлантирилиб, уларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Бундан ташқари, 2 нафар тадбиркорлик субъектининг солиқ низоларига оид аризалари қаноатлантирилиб, бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилди.