ЯНГИ ҚОНУН МАЗМУН-МОҲИЯТИ ТУШУНТИРИЛДИ
Наманган шаҳар ҳокимлигида Ўзбекистон Республикасининг “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни мазмун-моҳиятига бағишланган семинар ўтказилди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Икром Муслимов, Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, судьялар, Наманган вилояти ҳокимлиги, давлат хавфсизлик хизмати, вилоят прокуратураси, ички ишлар, адлия, божхона, миллий гвардия бошқармалари ходимлари, бош прокуратура ҳузуридаги мажбурий ижро бюроси, департамент вакиллари, адвокатлар ҳамда Наманган давлат университетининг юридик факультети талабалари иштирок этдилар.
Тадбирда Олий суд раисининг ўринбосари Икром Муслимов жорий йилнинг 27 сентябрида давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган Қонун билан амалиётга киритилаётган янгиликлар ва уларнинг аҳамияти хусусида батафсил маълумот берди. Хусусан, эндиликда судлар томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ваколати берилаётгани, апелляция ёки кассация инстанциясининг қарори устидан шикоят (протест) бериш масаласида янги институт – суд ишларини тафтиш тартибида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилаётгани таъкидланди.
Шунингдек, амалиётга киритилаётган янгиликка асосан тарафларнинг хоҳишига кўра, суд қарори устидан ўн кунлик муддатда апелляция тартибида шикоят (протест) берилиши, ушбу муддат ўтгандан сўнг кассация тартибида шикоят (протест) келтирилиши мумкинлиги белгилаб қўйилаётгани айтиб ўтилди. Мазкур тартиб тарафларнинг суд қарорлари устидан шикоят (протест) келтириш ҳуқуқи орқали одил судловга эришиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган семинарда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакиллари, адвокатлар қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Ўзаро савол-жавоблар тарзида кечган мулоқотларда қонуннинг амалдаги ижросини таъминлаш борасидаги масалалар ҳам муҳокама қилинди.
2024 йилнинг 1 январидан кучга кирадиган мазкур ўзгаришлар одил судлов самарадорлигини янада оширишда, судларда фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилинишида муҳим аҳамият касб этади.
Наманган вилояти судининг
жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими