ЯРИМ ЙИЛЛИК ФАОЛИЯТ ТАҲЛИЛЛАРИ

Наманган вилояти судида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди.

Одил судловни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган анжуманда Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, қонунчиликдаги янгиликлар, 2024 йилнинг ўтган даврида кўрилган жиноят, фуқаролик, иқтисодий ишлар, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларнинг таҳлили, ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ҳамда соҳага оид бошқа маълумотлар ҳақида журналистларга маълумот берди.  

Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш, одил судловни таъминлаш, қонунийлик ва адолат барқарорлигига эришиш борасида ўзларини қизиқтирган  саволлар билан мурожаат қилдилар. Уларнинг савол, таклиф, фикр-мулоҳазаларига суд раислари ва судьялар батафсил жавоблар беришди.

Шундан сўнг, 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Наманган вилояти суди билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, суд-ҳуқуқ соҳасини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишга ўз ҳиссасини қўшган журналистларга ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Наманган вилояти суди ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июндаги «Тезкор қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони мазмун-моҳияти хусусида жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг судьяси Баҳодир Қурбонов сўз юритади

АҲОЛИ МУРОЖААТЛАРИ ЎРГАНИЛДИ

Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда янгича тизим яратилиб, жойларда сайёр қабуллар ташкил этилаётгани фуқароларни ўйлантираётган кўплаб масалаларнинг ижобий ечим топишига сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Наманган вилоятининг Косонсой туманида ташкил этилган навбатдаги сайёр қабулда юртдошларимизнинг суд-ҳуқуқ йўналишидаги мурожаатлари эшитилди.

Олий суд раисининг ўринбосари Шуҳрат Полвонов раҳбарлигида бўлиб ўтган қабулларда фуқароларнинг жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судлар билан боғлиқ 51 та мурожаатлари кўриб чиқилди. Шундан Олий суд раиси ўринбосари 25 нафар фуқаронинг суд-ҳуқуқ масалаларига доир мурожаатларини ўрганган бўлса, Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов 19 нафар, вилоят маъмурий суди раиси Зарипахон Қурбонова 7 нафар фуқаронинг мурожаатларини тинглади.

Мурожаатларнинг 33 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилиб, 10 га яқин мурожаат юзасидан ариза ва шикоятлар Олий суд томонидан ўрганиш учун қабул қилиб олинди. 8 та мурожаат жойида ўз ечимини топди.

Шунингдек, сайёр қабул давомида ўтказилган сайёр суд мажлисларида содир қилган жиноий қилмиши учун суд ҳукми билан жазони ўтаётган 12 нафар фуқаро қилмишидан пушаймонлиги, тегишли хулоса чиқарганлиги, тузалиш йўлига қатъий ўтганлиги муносабати билан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан иш ҳақи, алимент ундириш бўйича мурожаатлар ўрганилиб, суд буйруқлари чиқарилди ва ижрога қаратилди. Ажрашиш ёқасига келиб қолган оилалар билан суҳбат ўтказилиб, 2 та оила яраштирилди.

Д.Камилов,

Наманган вилояти судининг судьяси

ТАДБИРКОРЛАР БИЛАН ОЧИҚ МУЛОҚОТ

Наманган вилоятидаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари ва суд раислари тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Унда вилоятимиздаги йирик тадбиркор ва ишбилармонлар, кичик бизнес вакиллари иштирок этдилар.

Мулоқотда тадбиркорларга қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш масалаларига эътибор қаратилди. Айни жиҳатдан, тадбиркорлик субъекти вакилларининг суд, прокуратура, ички ишлар, солиқ, божхона идораларига мурожаат қилиш билан боғлиқ ҳуқуқлари тушунтирилиб, мазкур тизимларда бизнес эгаларига кўрсатилаётган амалий ёрдамлар ҳақида маълумот берилди.

Самимий руҳда кечган юзма-юз мулоқотда тадбиркорлар фаолиятлари билан боғлиқ турли масалаларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган раҳбарларига мурожаат қилиб, ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар ва ҳуқуқий тушунтиришлар олдилар.

Перейти к содержимому