УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ
Наманган вилояти судида Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан “Уч авлод учрашуви” ўтказилди.
Умрини эл-юрт хизматига бахшида этган инсонларнинг хотираси абадий, қадри муқаддас. Улар гарчи орамизда бўлмасалар ҳам босиб ўтган умр йўллари, қолдирган эзгу амаллари кўплар учун ибрат мактабидир. Шу маънода мазкур тадбир турли йилларда вилоят суд идораларида фаолият олиб борган марҳум судьялар хотирасига бағишланди. Учрашувга уларнинг оила-аъзолари, шогирдлари, ҳамкасблари таклиф этилдилар.
Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов ўтганларни ёд этиб, уларнинг эзгу фазилатлари, судьялик касбига бўлган садоқатларини хотирлади. Ўтганлар хотирасига бағишланган видеоролик намойиши эса барча тадбир иштирокчиларининг қалб тубларида ётган ҳис-туйғуларини жунбушга келтириб, дилларидаги хаяжонларини тилларига кўчирди. Сўзга чиққанлар ота-оналари, ака-укалари, ўғил-қизлари билан боғлиқ ширин хотираларни эсладилар. Яқинларига кўрсатилган бундай эҳтиромдан миннатдор эканликларини билдирдилар.
Тадбирда сўз олган фахрийлар кейинги йилларда мамлакатимизда суд идоралари ҳамда судьяларга қаратилаётган эътибор хусусида гапириб, мазкур жараёнларда айниқса, тизимда кўп йиллар меҳнат қилган фахрийларни қўллаб-қувватлаш борасида ижобий ишлар олиб борилаётганини таъкидладилар. Бугунги “Уч авлод учрашуви”, хотира тадбири ҳам бунинг ёрқин ифодаси эканлигини айтиб ўтдилар.
Шундан сўнг, тадбир иштирокчиларининг ҳар бирига Наманган вилояти суди томонидан нашр этилган вилоят судлари тарихига бағишлаб ёзилган “Мозийга бир назар…” номли китоб-альбом совға қилинди.
Тантанали тадбирда шунингдек, узоқ йиллар суд тизимида самарали фаолият олиб бориб, кўплаб шогирдлар тарбиялаган, айни кунларда қутлуғ 60 ёшни қарши олган Нурилло Аббосовга вилоят суди раисининг табриги ўқиб эшиттирилиб, муборакбод этилди.
Уч авлод вакилларини бирлаштирган учрашувнинг яна бир аҳамиятли жиҳати тадбирда бу йил Наманган вилоятидан Судьялар олий мактабига ўқишга қабул қилинган 12 нафар ёшларга оқ йўл тиланди. Улар суд дарғалари, марҳум судьяларнинг оила-аъзолари, ҳамкасблари даврасида эзгу ниятлар билан судьялик сари илк қадамларини ташладилар.
НАМАНГАН ВИЛОЯТИ СУДИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ