СЕМИНАР-ТРЕНИНГ

Бугунги кунда рақамли технологияларнинг ривожланиши бир қатор қулайликларни яратиши билан бирга, айрим хавф-хатарларга, хусусан турли кибержиноятларга ҳам сабаб бўлмоқда. 

Шу мақсадда жорий йилнинг 23-24 апрель кунлари Наманган вилоятида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЙХҲТ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Судьялар олий кенгаши ва Судьялар олий мактаби томонидан “Кибержиноятлар бўйича рақамли далиллар билан боғлиқ ишларни самарали кўриб чиқиш” мавзусида тренинг ўтказилди.

Наманган вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати, туман-шаҳар судлари судьялари иштирок этган тренингда кибержиноятлар бўйича рақамли далиллар билан боғлиқ ишларни самарали кўриб чиқиш, бу борадаги хорижий тажрибаларни амалиётда қўллаш, шунингдек трансмиллий суриштирувлар билан ишлаш кўникмаларини шакллантириш бўйича судьяларнинг малакаси оширилди.

Тренингда Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси мутахассислари томонидан “Ўзбекистон Республикасида кибержиноятчилик аҳволи”, “Кибержиноятчиликка қарши курашишнинг миллий-ҳуқуқий асослари”, “Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятлар юзасидан тўпланган рақамли далилларга тўғри баҳо бериш ва мақбуллигини таъминлаш” мавзуларида маърузалар қилиниб, иштирокчилар рақамли криминалистиканинг замонавий имкониятлари билан таништирилди. Тренинг якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.


Давлатмирза Камилов,

Наманган вилояти судининг судьяси

СУД РАИСИ ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШДИ

Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси ҳамда Наманган вилояти суди ташаббуси билан Ички ишлар вазирлигининг Наманган академик лицейида амалий Конференция ва ёшлар билан учрашув ўтказилди.

Дастлаб “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури ижроси юзасидан келиб чиқадиган вазифаларни судьялар фаолиятига татбиқ этиш бўйича ишлаб чиқилган алоҳида дастур бўйича сўз юритилди. Судьялар ушбу дастурда белгиланган муҳим вазифаларга тўхталиб, уларни амалга оширишга доир чора-тадбирлар ҳақида маълумот бердилар.

Шундан сўнг, Наманган вилояти суди раиси, суд фахрийлари ҳамда акдемик лицей ўқувчилари иштирокида “Судья ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.

Очиқ мулоқот, самимий суҳбат тарзида кечган учрашувда вилоят суди раиси Алишер Усманов, суд фахрийлари ўқувчилик ва талабалик йилларини эсга олиб, Янги Ўзбекистон ёшларига яратиб берилаётган бугунги шароитларни эътироф этдилар. Судьялик касбининг адолатни, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашдаги аҳамияти, келгусида мазкур тизимда фаолият олиб боришни истаган ёшлар мустаҳкам билим олишга интилиши, ўз устида ишлаши зарурлигини таъкидладилар.

Ички ишлар вазирлигининг Наманган академик лицейида таълим олаётган ўқувчилар орасида суд-ҳуқуқ соҳасига қизиқувчилар кўпчиликни ташкил этади. Айни жиҳатдан, юзма-юз мулоқотда йигит-қизлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан меҳмонларга мурожаат қилдилар. Уларнинг саволларига ҳаётий мисоллар, амалиётда учрайдиган воқеа-ходисалар билан жавоб қайтарилгани бўлажак ҳуқуқшуносларни суд тизимига, судьяликка бўлган қизиқишини оширди.

Жонли мулоқотларга бой ўтган учрашув якунида вилоят суди раиси томонидан таълим муассасасига Наманган вилояти судларининг “Мозийга бир назар…” номли китоб-албоми совға қилинди.

Учрашувдан сўнг меҳмонлар академик лицейда ташкил этилган “Жасорат” музейида бўлдилар. Экскурсия давомида судья ва суд фахрийлари ички ишлар органларининг шонли тарихини акс эттирувчи манбалар, музей фондидаги нодир экспонатлар, тарихий ҳужжатлар ҳамда миллий меросга оид маълумотлар билан яқиндан танишдилар.

Айтиш жоизки, таълим муассасасида ташкил этилган “Судья ва ёшлар” учрашуви эртанги фаолиятини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, давлат ташкилотлари билан боғлаш ниятидаги кўплаб йигит-қизларга ўзига хос мотивация бўлди.

ҲАМКОРЛИКДАГИ ФАОЛИЯТ

Суд ҳужжатлари ижросини ўз вақтида таъминланиши фуқароларнинг судга бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва уларнинг манфаатларини кафолатли ҳимоя қилишда муҳим ўринга эга.

Айни жиҳатдан, Наманган вилояти прокуратурасида ташкил этилган амалий семинар ҳам фуқаролик судлари ҳужжатлари ижросини ўз вақтида таъминлаш, бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга бағишланди.

Унда фуқаролик ишлари бўйича судларнинг судьялари, прокуратура ва мажбурий ижро бюроси ходимлари иштирок этдилар.

Мулоқотларда асосий эътибор суд қарорлари ижросини ўз вақтида таъминлаш, ижро ҳужжатларини қайтарилишига сабаб бўлаётган омилларни ўрганиш ва уларга барҳам беришга қаратилди.

Мазкур масалалар юзасидан судьялар, мажбурий ижро бюроси ходимларининг амалиётда учраётган ҳолатлар бўйича маърузалари эшитилди. Якунда ижро самарадорлигини ошириш, иш сифатини яхшилаш мақсадида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш ҳамда суд қарорлари ижросини вақтида таъминланишига тўсиқ бўлаётган камчиликларни қонун доирасида бартараф этиш бўйича режалар белгилаб олинди.

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ МАСАЛАЛАРИГА БАҒИШЛАНГАН ЙИҒИЛИШ

Коррупциядан ҳоли бўлган адолатли суд тизимини яратиш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш, соҳада мавжуд тизимли хато ва камчиликларни бартараф этиш. Айнан шу масала Олий суд раисининг биринчи ўринбосари И. Муслимов Наманган вилояти судларининг судья ва ходимлари, шунингдек Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ҳудудий бўлими ходимлари иштирокида ўтказган учрашувнинг асосий мавзуи бўлди.

Мулоқотда Олий суд Кадрлар бошқармаси бошлиғи М. Мухитдинов, ҳудудларга бириктирилган Олий суд судьялари ва масъул ходимлари, Наманган вилоят судларининг судьялари ва ходимлари иштирок этди.

Учрашувда Давлатимиз раҳбари томонидан 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида коррупциядан ҳоли бўлган адолатли суд тизими яратиш бўйича белгилаб берилган устувор вазифалар, шунингдек Олий суд раисининг тизимда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашиш бўйича судья ва суд аппарати ходимларига йўллаган мурожаатида кўтарилган масалалар ижросини тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли таъминлаш юзасидан кўрилаётган чоралар муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, йиғилиш давомида маъмурий ҳуқуқбузарликка оид, коррупциявий характерга эга бўлган жиноят ишларини кўриш ва жазо тайинлашда, хусусан коррупцион жиноятни содир этганликда айбланган шахсни лавозимдан четлаштириш масалаларида, шунингдек, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судлар томонидан ишларни кўришда йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар аниқ мисоллар асосида танқидий таҳлил қилиниб, бунда коррупциявий омилларнинг олдини олишга қаратилган тегишли тавсиялар берилди.

Перейти к содержимому