ЭЪЗОЗ ВА ЭҲТИРОМ УЧРАШУВИ

Бугун мамлакатимизда меҳнат фахрийларини эъзозлаш, уларга эътибор кўрсатиш эзгу анъанага айланди. Бунда эса давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Инсон қадри учун, инсон бахти учун биргаликда ҳаракат қилиш” мақсади мужассам. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда Судьялар олий кенгаши, Наманган вилояти суди томонидан ҳам яхши ташаббусга қўл урилиб, узоқ йиллар суд тизимида самарали фаолият олиб борган фахрийларнинг ҳаёти ва фаолияти акс этган маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар ўтказилмоқда.

Янгиқўрғон туманидаги 27-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтган ана шундай “Уч авлод учрашуви” таълим муассасасининг собиқ ўқувчиси, суд фахрийси Ғозихон Яхёхўжаевнинг ибратли ҳаёт йўлига бағишланди.

Учрашувда нуронийлар, суд ва прокуратура фахрийлари, туман раҳбарлари, судьялар ва ёшлар иштирок этдилар.

Тадбирнинг асосий қисмида сўзга чиққан суд, прокуратура фахрийлари, судьялар Ғозихон Яхёхўжаевнинг шонли ҳаёт йўли, ибратли фаолияти ҳақида сўзлаб бердилар. Устознинг бой тажрибаси барча судьялар учун ибрат мактаби, умр йўли эса ёшларга чин ҳавас эканлигини алоҳида таъкидладилар.

Юзма-юз мулоқотда йигит-қизлар мактабнинг собиқ ўқувчисига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Уларнинг саволларига ҳаётий мисоллар, амалиётда учрайдиган воқеа-ходисалар билан жавоб қайтарилгани ёшларни суд тизимига, судьяликка бўлган қизиқишини оширди.

Учрашувда мактаб жамоаси, ўқитувчи ва ўқувчиларга Олий суд, Судьялар олий кенгаши, вилоят суди томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Шу куни Судьялар олий кенгаши томонидан таълим муассасасига Ғозихон Яхёхўжаевнинг меҳнат фаолияти акс этган махсус пешлавҳа тақдим этилди. Бу судьялар ҳамжамиятининг мазкур умумтаълим мактабига ҳурмат ва эҳтиром рамзи бўлиб, ушбу даргоҳдан яна кўплаб эл ардоғидаги инсонлар етишиб чиқишига билдирилган ишонч ҳам ҳисобланади.

Тадбир доирасида меҳмонлар синф хонасида бўлиб, бу ерда собиқ ўқувчининг устозлари ва синфдошлари билан суҳбатлашдилар. Самимий мулоқотларда болалик чоғлари, мактаб даврлари эсга олинди.

Шу куни меҳмонлар мактаб ҳовлисига манзарали дарахт кўчатлари экиб, таълим муассасаси ободончилигига ўз ҳиссаларини ҳам қўшдилар.

ХОТИН-ҚИЗЛАР ҲУҚУҚИ ДАВЛАТ ҲИМОЯСИДА

Наманган вилояти суди, оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамда бошқа дахлдор идоралар ҳамкорлигида хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни тазйиқ ва зўравонликдан асраш масалаларига бағишланган семинар ташкил этилди.

“Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро куни” муносабати билан ўтказилган тадбирда Наманган вилояти суди раисининг ўринбосари Абдуносир Игамбердиев, Наманган вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Динара Якубова, прокуратура, ички ишлар, адлия идоралари, “Адолат” социал-демократик партияси масъуллари ва судьялар иштирок этдилар.

Семинарда дастлаб хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш масалаларига тўхталиб ўтилди. Бу борада сўз олган вилоят ҳокимининг ўринбосари Динара Якубова маҳаллаларда айни турдаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, оилада соғлом маънавий муҳитни яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Ҳамкорликда амалга ошириш лозим бўлган вазифаларга тўхталди. Судьялар, прокуратура, ички ишлар идоралари масъуллари айни йўналишдаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар таҳлили ҳақида гапириб, бу турдаги жиноятлар учун жазо чораларини кучайтириш орқали иллатга қарши жазо муқаррарлиги таъминланаётганини таъкидладилар.

Семинарнинг иккинчи қисмида шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ҳамда сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ётқизиш ёки унинг ушбу муассасаларда ётиш муддатини узайтириш билан боғлиқ фуқаролик ишларини кўриш, бу борада дахлдор идоралар билан амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифаларга тўхталиб ўтилди.

Дастлаб мавзу юзасидан сўз олган судьялар ушбу йўналишдаги қонунчилик нормалари ва талаблари ҳақида гапириб, амалиётдаги тартибларни тушунтириб ўтдилар. Шундан сўнг, мазкур тоифадаги ишларни кўриб чиқиш амалиётига тўхталиниб, бу бўйича дахлдор идораларнинг таклифлари, фикр-мулоҳазалари эшитилди. Семинарда сўз олган прокуратура, ички ишлар идоралари масъуллари, “Адолат” социал-демократик партияси вакиллари сўнгги вақтларда руҳий носоғлом шахслар томонидан содир этилаётган жиноятлар ҳақида гапириб, бу жамиятга хавф туғдириб бораётганини таъкидладилар. Шу боис ҳам бугунги кўтарилаётган мавзу ва айни турдаги ишларни кўришда ҳамкорликни йўлга қўйиш долзарб аҳамиятга эга эканлиги айтилди.

Якунда ҳар бир мавзу юзасидан амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар, вазифалар белгилаб олиниб, ҳамкорликни кучайтириш бўйича келишиб олинди.

Перейти к содержимому