ПЛЕНУМ ҚАРОРЛАРИ ТУШУНТИРИЛДИ

Наманган вилояти судида Олий суд Пленуми қарорларининг мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича семинар ўтказилди. Унда Олий суд судьялари, Наманган вилояти судининг жиноят, фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьялари, туман, шаҳар ва туманлараро суди раислари ҳамда вилоят маъмурий суди судьялари иштирок этди.

Тадбирда асосий эътибор Олий суд Пленумининг “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”, “Интеллектуал мулкка оид ишларни кўриб чиқишнинг айрим масалалари тўғрисида”, “Реабилитация этилган шахсга етказилган зиённи қоплаш ва унинг бошқа ҳуқуқларини тиклаш бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида” ва “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида” ги қарорларини амалиётда қўллаш масаласига қаратилди.

Семинарда мазкур Пленум қарорларининг мазмун-моҳияти, уларни амалда қўллаш борасида юзага келиши мумкин бўлган масалалар муҳокама қилинди.

ЖИНОЯТЧИЛИК МУҲОКАМАСИ

Наманган вилояти судининг жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари томонидан жиноятчилик ошган маҳаллаларда аҳоли вакиллари билан учрашув-мулоқотлар ўтказилмоқда.

Жиноят ишлари бўйичча Наманган шаҳар, Чортоқ, Тўрақўрғон, Мингбулоқ туман судлари томонидан ўтказилган ана шундай муҳокамаларда фуқаролар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари иштирокида ҳудудда энг кўп содир этилаётган безорилик, ўғирлик, фирибгарлик каби жиноятлар муҳокама қилинди.

Шунингдек, маҳаллаларда сайёр суд мажлислари ҳам ташкил этилиб, ички ишлар идораларининг пробация гуруҳи ҳисобида турган шахсларнинг ишлари кўриб чиқилди.

ЯРИМ ЙИЛЛИК ФАОЛИЯТ САРҲИСОБИ

Наманган вилояти маъмурий судида вилоят судлари томонидан 2023 йилнинг биринчи ярми мобайнида одил судловни таъминлаш, бу орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар иштирок этган матбуот анжуманида Наманган вилояти судининг жиноят, фуқаролик, иқтисодий судлари ҳамда вилоят маъмурий суди томонидан шу йилнинг ўтган 6 ойи давомида одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти таҳлил қилинди. Бу бўйича журналист ва блогерларга суд раиси ва ўринбосарлари батафсил маълумот бердилар. 

Таҳлиллар, талқинлар, тафсилотларда вилоятдаги суд идоралари томонидан 2023 йилнинг биринчи ярми давомида кўрилган жиноят, фуқаролик, иқтисодий ҳамда маъмурий ишлар очиқланди. Жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар, ҳуқуқий тарғибот жараёнлари ҳақида сўз юритилди. Бугунги кунда судларни чинакам “Адолат қўрғони”га айлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар хусусида фикр алмашилди.  

Оммавий ахборот воситалари вакиллари матбуот анжуманида фуқаролларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш, одил судловни таъминлаш, қонунийлик ва адолат барқарорлигига эришиш борасида ўзларини қизиқтирган  саволларига батафсил жавоблар олдилар.

Наманган вилояти судининг

жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

САЙЁР СУД

Жиноят ишлари бўйича Тўрақўрғон туман суди томонидан сайёр суд мажлиси ўтказилди.


Ички ишлар идоралари ходимлари иштирокида ўтказилган сайёр судда жами 20 та маъмурий-ҳуқуқбузарлик ишлари кўриб чиқилиб, уларнинг 7 таси тарафларнинг ўзаро ярашганлиги муносабати билан ярашув билан тугатилди. 13 таси бўйича ҳуқуқбузарларга тегишли жазолар тайинланди.

Сайёр суд мажлисида шунингдек, жиноят кодексининг 73-моддасига асосан ички ишлар идораларининг жазодан муддатидан олдин шартли озод қилиш бўйича тақдимномалари кўриб чиқилиб, 5 нафар назорат остидаги шахс муддатидан олдин шартли озод қилинди. 1 нафар шахснинг жазоси бошқа жазо турига алмаштирилди.


Перейти к содержимому