СУДЬЯ ВА СУД ХОДИМЛАРИ СПОРТ МУСОБАҚАЛАРИДА БЕЛЛАШДИЛАР
Наманган вилояти суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилганлигининг 100 йиллигига бағишлаб спорт мусобақалари ўтказилди.
Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасида спортнинг шахмат, стол тенниси, мини футбол турлари бўйича ташкил этилган турнирда Наманган вилояти судлари ҳамда вилоят маъмурий судининг судья ва ходимлари иштирок этдилар.
Суд ходимлари ўртасида соғлом турмуш-тарзини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган мусобақанинг очилиш маросимида Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов барча жамоа аъзоларига омад тилади.
Ўзаро баҳсларга киришган мусобақа иштирокчилари ақлий салоҳиятларини шахмат беллашувларида синовдан ўтказган бўлсалар, стол тенниси баҳсларида эпчил ва чаққонликларини намоён этдилар. Мини футбол ўйинлари эса қизиқарли ва муросасиз вазиятларга бой бўлди.
Дастлабки босқичда тўп сурган 8 та жамоалар орасидан кейинги босқичга 4 та жамоа саралаб олинган бўлса, ярим финал баҳсларида вилоят суди жамоаси Учқўрғон туман судлари бирлашган жамоасига қарши, Янгиқўрғон туман судлари бирлашган жамоаси эса жиноят ишлари бўйича Норин, Чортоқ, Мингбулоқ, Косонсой туман судлари ходимларидан ташкил этилган жамоага қарши майдонга тушдилар. Муросасиз кечган ярим финалдан сўнг финал ўйинида вилоят суди жамоаси йигитлари Янгиқўрғон туман судлари бирлашган жамоасига қарши тўп сурдилар. Мазкур ўйинда 5-3 ҳисобида вилоят суди жамоаси ғолибликни қўлга киритди.
Қизғин ўтган шахмат белашувларида 1-ўринни судлар фаолиятини таъминлаш департаменти Наманган вилоят ҳудудий бўлими ходими Муҳаммадюсуф Ҳакимов, 2-ўринни фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро суди девонхона мудири Ойбек Султонов ҳамда 3-ўринни жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди судьяси Алижон Қаҳрамонов қўлга киритдилар.
Стол тенниси баҳсларида эса 1-ўрин судлар фаолиятини таъминлаш департаменти Наманган вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Ғайратжон Салоҳиддиновга, 2-ўрин Наманган туманлараро маъмурий суди судьяси Сойибжон Раҳимовга, 3-ўрин жиноят ишлари бўйича Поп тумани суди судьяси Акмалжон Кенжабоевга насиб этди.
Хотин-қизлар ўртасида стол тенниси бўйича ўтказилган беллашувларда фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судининг ходими Юлдуз Парпиева ғолиб деб топилди.
Мусобақанинг тақдирлаш маросимида дастлаб шахмат ва стол тенниси баҳсларида ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар шоҳсупага таклиф этилди. Уларга Наманган вилояти суди раиси ва фахрий меҳмонлар томонидан диплом, медал ва эсдалик совғалари топширилди.
Шундан сўнг мини футбол ўйинларининг энг яхшилари аниқлаб олинди. Унга кўра, жиноят ишлари бўйича Норин туман судининг девонхона мудири Элёр Нурматов – “Энг яхши ҳужумчи”, Наманган вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судья катта ёрдамчиси Алишер Нажмиддинов – “Энг яхши ўйинчи”, жиноят ишлари бўйича Норин туман судининг девонхона мудири Шокиржон Қозоқов – “Энг яхши дарвозобон” номинациялари бўйича ғолиб деб топилдилар. Уларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Мини футбол беллашувларининг якуний натижаларига кўра 3-ўринни жиноят ишлари бўйича Норин, Чортоқ, Мингбулоқ, Косонсой туман судлари ходимларидан ташкил этилган жамоа, иккинчи ўринни Янгиқўрғон туман судлари бирлашган жамоаси эгаллади. Вилоят суди жамоаси эса биринчи ўринни қўлга киритиб, мусобақа ғолиби бўлди. Ғолиб жамоаларга диплом, медал ва эсдалик совғалари топширилди. Биринчи ўринни қўлга киритган жамоа вакиллари эса мусобақа бош соврини бўлган кубокни бошлари узра баланд кўтардилар.
Спорт мусобақаларини ўтказишда яқиндан ёрдам берган “Баркамол авлод” спорт мажмуаси раҳбарлари ҳамда мусобақа ҳакамларига миннатдорчилик билдирилиб, Наманган вилояти судининг қимматбаҳо совғалари топширилди.