САЙЁР ҚАБУЛ

Фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалаларига доир мурожаатларини ўрганиш, уларни қийнаётган муаммоларни ижобий ҳал этишга кўмаклашиш. Айни мақсадда Наманган вилояти суди ва вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари иштирокида ўтказиб келинаётган сайёр қабулларнинг бу галгиси Наманган туманида бўлиб ўтди.

Тумандаги «Катта Тошбулоқ» маҳалласида ташкил этилган қабулларда Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов иштирок этиб, аҳоли вакилларининг суд тизимига доир мурожаатларини тинглади.

Сайёр қабулда 21 нафар фуқароларнинг жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судларга оид мурожаатлари кўриб чиқилди. Уларнинг 17 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилган бўлса, 4 та мурожаат шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди.

Қабул доирасида бўлиб ўтган жиноят ишлари бўйича Наманган тумани судининг сайёр суд мажлисида Пробация гуруҳи ҳисобида турувчи назорат остидаги шахсларнинг 9 нафари муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

Наманган вилояти суди томонидан ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда уч авлод вакиллари учрашиб, суд фахрийларига эҳтиром кўрсатилди. Тадбирда вилоят судлари тарихига бағишлаб ёзилган «Мозийга бир назар…» номли китоб-альбоми тақдимоти ҳам бўлиб ўтди

ФАХРИЙЛАРГА ЭҲТИРОМ

Юртимизда қай бир соҳада бўлмасин фахрийларни эъзозлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш эзгу қадриятга айланган. 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида мазкур анъана янада кенг қулоч ёзади. Сана муносабати билан Наманган вилояти суди томонидан ўтказилган маънавий-маърифий тадбир ҳам узоқ йиллар элу юртга хизмат қилган нуронийлар ва суд фахрийларини бирлаштирди.

Чортоқ туманидаги сўлим масканда бўлиб ўтган тадбирда “Нуроний” жамғармаси вилоят кенгаши раиси, сенатор Икромхон Нажмиддинов, меҳнат фахрийси Ботирали Ҳакимов, суд фахрийлари ва судьялар иштирок этдилар. Меҳмонлар дастлаб “Короскон тарихий музейи”ни айланиб, бу ердаги тарихий экспонатлар, ўтмишдан сўзловчи осори-атиқалар, кўҳна китоблар билан танишдилар. Тадбирнинг асосий қисмини Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов очиб, барча фахрийларни 9 май – Хотира ва қадрлаш куни билан муборакбод этди. Шу ерда байрамга муносиб туҳфа сифатида Наманган вилоятида судлар тарихига бағишлаб ёзилган “Мозийга бир назар…” номли китоб-альбом тақдимоти ҳам ўтказилди. Вилоят суди раиси мазкур китоб ҳақида гапириб, унда келтирилган тарихий манбалар ва шахсларнинг суд тизимидаги ўрни ва аҳамиятига алоҳида тўхталди.

Тадбирда сўз олган фахрийлар кейинги йилларда мамлакатимизда суд идоралари ҳамда судьяларга қаратилаётган эътибор хусусида гапириб, мазкур жараёнларда айниқса, тизимда кўп йиллар меҳнат қилган фахрийларни қўллаб-қувватлаш борасида ижобий ишлар олиб борилаётганини таъкидладилар. Ушбу фикрлар тасдиғини одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилган судьялар учун “Суд фахрийси” кўкрак нишони жорий этилганида ҳам кўриш мумкин. Хотира ва қадрлаш куни байрами арафасида ана шундай соҳа фидойилари Маҳмуджон Қурбонов ҳамда Файзулла Жалилов “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирландилар. Тақдирлаш маросими Чортоқ туманида ўтказилишининг ҳам ўзига хос рамзий маъноси бор. Зеро, бундан 43 йил муқаддам Маҳмуджон Қурбонов айнан шу туман судида фаолият олиб бориб, одил судловни таъминлашга ўз ҳиссасини қўшган. Шу боис ҳам суд фахрийсига кўкрак нишонини ўша вақтда туман раҳбари бўлган Ботирали Ҳакимов топширди.

Тантанали тадбирда шунингдек, узоқ йиллар суд тизимида самарали фаолият олиб бориб, кўплаб шогирдлар тарбиялаган, айни кунларда қутлуғ 50 ёшни қарши олган жиноят ишлари бўйича Чуст тумани судининг архив мудири Дилоромхон Раҳимовага Олий суд раисининг фахрий ёрлиғи ҳамда вилоят суди раисининг табрикномалари топширилди.

Якунда суд фахрийларига эъзоз ва эҳтиром кўрсатилиб, уларнинг ҳар бирига судлар тарихига бағишлаб ёзилган “Мозийга бир назар…” номли китоб-альбом ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Самимий суҳбатлар санъаткорларнинг куй-қўшиқлари оҳангида, бир пиёла чой устида давом эттирилди.

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ БИРГАЛИКДА КУРАШАМИЗ

Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов томонидан ҳар бир туман, шаҳар, туманлараро судларда ўтказилаётган коррупцияга қарши кураш мавзусидаги учрашув-мулоқотларнинг навбатдагиси Чуст туманида бўлиб ўтди. Аҳамиятлиси, бу галги мулоқотларга суд ходимларининг ота-оналари ҳам таклиф этилдилар.

Тумандаги жиноят, фуқаролик, иқтисодий ишлар бўйича судлар ҳамда жиноят ишлари бўйича Поп тумани судининг судья ва ходимлари қатнашган йиғилишда вилоят суди раиси кейинги йилларда суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, судларнинг жамиятда тутган ўрни, нуфузи ҳақида сўз юритиб, мазкур соҳада фаолият олиб бораётган ҳар бир ходим ана шу эътиборга ҳар жиҳатдан мос бўлиши лозимлигини таъкидлади. Бунда энг аввало коррупция, таъмагирлик иллатларига йўл қўймаслик, одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилган ҳолда ўзига бириктирилган вазифаларни сидқидилдан, виждонан бажариши кераклиги айтиб ўтилди. Бу борада эса ота-оналарнинг ўрни катта эканлиги, ҳар бир ота-она фарзандининг юриш-туриши, иш фаолиятини назорат қилиб бориши, унинг муаммолари билан қизиқиши, кимлар билан яқин муносабатда бўлаётганидан хабардор бўлиши лозимлиги таъкидланди.

Мулоқотда ота-оналар сўзга чиқиб, ўзларининг фикр-мулоҳазалари, таклифларини билдирдилар.

Шундан сўнг вилоят суди раиси ҳар бир судья, ходим билан бирма-бир суҳбатлашиб, суд тизимида коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, коррупциявий ҳолатларни барвақт аниқлаш, уларни келтириб чиқарадиган омилларни бартараф этиш бўйича муҳим кўрсатма ва топшириқларни берди.

Перейти к содержимому