КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ БИРГАЛИКДА КУРАШАМИЗ

Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов томонидан ҳар бир туман, шаҳар, туманлараро судларда ўтказилаётган коррупцияга қарши кураш мавзусидаги учрашув-мулоқотларнинг навбатдагиси Чуст туманида бўлиб ўтди. Аҳамиятлиси, бу галги мулоқотларга суд ходимларининг ота-оналари ҳам таклиф этилдилар.

Тумандаги жиноят, фуқаролик, иқтисодий ишлар бўйича судлар ҳамда жиноят ишлари бўйича Поп тумани судининг судья ва ходимлари қатнашган йиғилишда вилоят суди раиси кейинги йилларда суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, судларнинг жамиятда тутган ўрни, нуфузи ҳақида сўз юритиб, мазкур соҳада фаолият олиб бораётган ҳар бир ходим ана шу эътиборга ҳар жиҳатдан мос бўлиши лозимлигини таъкидлади. Бунда энг аввало коррупция, таъмагирлик иллатларига йўл қўймаслик, одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилган ҳолда ўзига бириктирилган вазифаларни сидқидилдан, виждонан бажариши кераклиги айтиб ўтилди. Бу борада эса ота-оналарнинг ўрни катта эканлиги, ҳар бир ота-она фарзандининг юриш-туриши, иш фаолиятини назорат қилиб бориши, унинг муаммолари билан қизиқиши, кимлар билан яқин муносабатда бўлаётганидан хабардор бўлиши лозимлиги таъкидланди.

Мулоқотда ота-оналар сўзга чиқиб, ўзларининг фикр-мулоҳазалари, таклифларини билдирдилар.

Шундан сўнг вилоят суди раиси ҳар бир судья, ходим билан бирма-бир суҳбатлашиб, суд тизимида коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, коррупциявий ҳолатларни барвақт аниқлаш, уларни келтириб чиқарадиган омилларни бартараф этиш бўйича муҳим кўрсатма ва топшириқларни берди.