КИТОБ – МАЪНАВИЯТ КЎЗГУСИ

Наманган вилояти судида “Китоб – маънавият кўзгуси” танлови ўтказилди. Суд тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш доирасида ташкил этилган мазкур танлов судья ва суд ходимларининг маънавияти ва дунёқарашини юксалтириш, улар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг оммалаштириш, китоб ўқишга бўлган қизиқиш ва интилишларини қўллаб-қувватлашга қаратилди.

Мазкур танловда Наманган вилояти суди ҳамда вилоят маъмурий судидан 30 нафар судья ва суд ходимлари иштирок этдилар.

Танловда иштирокчиларнинг китобхонлик маданияти икки шарт бўйича баҳоланди. Биринчи шартда судья ва суд ходимлари ўзбек ва жаҳон адабиёти ёзувчилари асарларининг мазмун-моҳияти, ғояси ва аҳамиятини шарҳлаб бердилар. Иккинчи шартда китобхонлар коммиссия аъзолари томонидан тузиб чиқилган саволларга тезкор тарзда жавоб бериш билан ўз қобилиятларини намойиш этдилар.

Ҳакамлар ҳайъати томонидан ҳар бир иштирокчининг бадиий асар ҳақидаги нутқи, саволларга тўғри ва тўлиқ жавоб бериши адолатли тарзда баҳолаб борилди.

Танлов ғолиблари мустақиллигимизнинг 33 йиллик байрам шодиёналари арафасида эълон қилиниб, вилоят судининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.

ЯРИМ ЙИЛЛИК ФАОЛИЯТ ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ

Наманган вилояти судида 2024 йилнинг биринчи ярмида одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолият якунлари ҳамда келгусидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган Раёсат мажлиси бўлиб ўтди. Унда вилоят судининг жиноят, фуқаролик, иқтисодий судлов ҳайъати, туманлараро, туман (шаҳар) судлари судьялари иштирок этдилар.

Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов раислик қилган йиғилишда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтилди. Мазкур ҳужжат судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, ишни судга қадар юритишда тарафларнинг тенглиги ва тортишуви принципини амалда таъминлаш, шунингдек, тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилинишида муҳим эканлиги таъкидланди.

Шундан сўнг, Наманган вилояти судининг жиноят, фуқаролик, иқтисодий судлов ҳайъати, туманлараро, туман (шаҳар) судларининг 2024 йил биринчи ярмида одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти танқидий таҳлил қилинди. Хусусан, вилоят суди раиси ҳамда ўринбосарлар томонидан жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида кўрилган жиноят, фуқаролик, иқтисодий ишлар таҳлили, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар ҳолати, ижро ва меҳнат интизоми ҳамда ҳуқуқий тарғибот ишлари кенг муҳокама қилиниб, бу борада йўл қўйилган камчиликлар танқид остига олинди. Уларни бартараф этиш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Йиғилишда шунингдек, суд тизимида коррупциянинг олдини олиш ва мазкур иллатга қарши муросасиз муносабатда бўлиш борасида ҳам сўз юритилиб, бугун ҳар бир судья ва суд ходими яратиб берилаётган имконият ва шароитларга жавобан ўз ишига виждонан ёндошиши кераклиги, бунинг учун эса энг аввало коррупцион ҳолатларга йўл қўймаслиги, фидойилик ва ватанпарварликда ҳаммага намуна бўлиши лозимлиги таъкидланди.

Наманган вилояти суди ахборот хизмати

СУД ТИЗИМИДА КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ

Наманган вилояти судида суд тизими ходимлари ва уларнинг ота-оналари иштирокида коррупцияга қарши кураш мавзусида учрашув-мулоқот ўтказилди.

Барча ҳудудлар билан видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган тадбирда дастлаб Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан суратга олинган “Пушаймон” номли фильм намойиш этилди. Ушбу фильм бугунги кундаги долзарб муаммолардан бўлган порахўрлик ва унга қарши курашиш, коррупциянинг аянчли оқибатларига бағишланган бўлиб, унда таъмагирлик оқибатида ўз иши ва виждонига хиёнат қилган, охир-оқибат бу қилмиши орқали жиноятчига айланган давлат хизматчисининг аянчли қисмати акс этган.

Мазкур фильм намойиши орқали тадбир иштирокчиларига коррупция тараққиёт кушандаси эканлиги, мазкур жиноятнинг оқибати нафақат порахўрнинг ўзига, балки унинг оила-аъзолари, яқинлари, жамиятга ҳам жиддий зарарлиги кўрсатиб берилди.

Фильм намойишидан сўнг Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, тизимда коррупцион омилларни баратаф этиш бўйича қатор ҳужжатлар қабул қилингани, айниқса, судьяларнинг моддий таъминотини жиддий яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаб ўтди. Бугун ҳар бир судья ва суд ходими ана шу эътибордан келиб чиқиб ўз ишига виждонан ёндошиши кераклиги, бунинг учун эса энг аввало коррупцион ҳолатларга йўл қўймаслиги, фидойилик ва ватанпарварликда ҳаммага намуна бўлиши лозимлиги айтилди. Вилоят суди раиси томонидан доимий равишда ҳар бир туман, шаҳар, туманлараро судларда коррупцияга қарши кураш мавзусида суҳбатлар ўтказилаётгани, уларда ҳар бир судья, ходим билан бирма-бир суҳбатлашиб, суд тизимида коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, коррупциявий ҳолатларни барвақт аниқлаш, уларни келтириб чиқарадиган омилларни бартараф этиш бўйича кўрсатма ва топшириқлар берилаётгани таъкидланди.

Албатта, амалга оширилаётган бу каби чора-тадбирларда ота-она ва оила аъзоларининг ўрни катта эканлиги, ҳар бир ота-она фарзандининг юриш-туриши, иш фаолиятини назорат қилиб бориши, унинг муаммолари билан қизиқиши, кимлар билан яқин муносабатда бўлаётганидан хабардор бўлиши лозимлиги айтиб ўтилди.

Мулоқотда вилоят суди фахрийлар кенгаши раиси Ғозихон Яхёхўжаев, суд фахрийси Тоҳирахон Мўйдинова, ота-оналар сўзга чиқиб, касбга садоқат, ҳалол-поклик тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.   

САЙЁР ҚАБУЛЛАР ДАВОМ ЭТМОҚДА

Наманган шаҳридаги «Равнақ» маҳалласида навбатдаги оммавий сайёр қабуллар бўлиб ўтди.

Суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари иштирокида ўтказилган қабулларда вилоят суди раиси Алишер Усманов фуқароларнинг жиноят, фуқаролик, иқтисодий судларга доир 25 та мурожаатларини ўрганди. Вилоят маъмурий суди раиси Зарипахон Қурбонова маъмурий судлар билан боғлиқ 3 та мурожаатни тинглади. Мазкур мурожаатларнинг 7 таси шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилган бўлса, қолганларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Сайёр қабул доирасида бўлиб ўтган жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг сайёр суд мажлисида Пробация гуруҳи ҳисобидаги 3 нафар шахс муддатидан олдин шартли равишда озод қилинди.

Skip to content