
КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ
Наманган вилояти судида коррупцияга қарши кураш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят, туман ва шаҳар судининг судьялари, суд аппарати ходимлари иштирок этдилар.

Дастлаб вилоят суди раиси Алишер Усманов Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси томонидан тасдиқланган “Суд органларида манфаатлар тўқнашуви ва коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш, бартараф этиш ҳамда уларнинг олдини олиш, шунингдек судларда коррупцияга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш буйича 2025 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси”да белгиланган вазифаларга тўхталиб ўтди. Мазкур ҳужжатда одил судловни амалга оширишда коррупциянинг олдини олиш, бунинг учун судьялар ва тизим ходимлари ўртасида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгиланган. Ушбу вазифалардан келиб чиқиб Наманган вилояти судлари тизимида ҳам коррупцияга қарши кураш чораларини кучайтириш лозимлиги таъкидланди ва бу бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Шу билан бирга, йиғилиш давомида судлар томонидан ишларни кўришда йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар, ижро интизоми танқидий таҳлил қилиниб, фаолият самарадорлигини ошириш бўйича зарур тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Дилмурод Мадаминов,
Наманган вилояти суди судьяси

ЭЪЗОЗ ВА ЭЪТИБОР УЧРАШУВИ
Бугун мамлакатимизда меҳнат фахрийларини эъзозлаш, уларга эътибор кўрсатиш эзгу анъанага айланди. Бунда эса давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Инсон қадри учун, инсон бахти учун биргаликда ҳаракат қилиш” мақсади мужассам. Судьялар олий кенгаши томонидан ҳам яхши ташаббусга қўл урилиб, узоқ йиллар суд тизимида самарали фаолият олиб борган фахрийларнинг ҳаёти ва фаолияти акс этган маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар ўтказилмоқда.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида Учқўрғон туманидаги 15-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтган ана шундай тадбир таълим муассасасининг собиқ ўқувчиси, суд фахрийси Абдурасул Эрановнинг ибратли ҳаёт йўлига бағишланди.

Учрашувда Судьялар олий кенгаши, Наманган вилояти суди судьялари, суд ва прокуратура фахрийлари, туман раҳбарлари ва ёшлар иштирок этдилар.

Дастлаб меҳмонлар синф хонасида бўлиб, бу ерда собиқ ўқувчининг устозлари ва синфдошлари билан суҳбатлашдилар. Самимий мулоқотларда болалик чоғлари, мактаб даврлари эсга олинди.

Тадбирнинг асосий қисмида сўзга чиққан суд, прокуратура фахрийлари, судьялар Абдурасул Эрановнинг шонли ҳаёт йўли, ибратли фаолияти ҳақида сўзлаб бердилар. Устознинг бой тажрибаси барча судьялар учун ибрат мактаби, умр йўли эса ёшларга чин ҳавас эканлигини алоҳида таъкидладилар.

Юзма-юз мулоқотда йигит-қизлар мактабнинг собиқ ўқувчисига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Уларнинг саволларига ҳаётий мисоллар, амалиётда учрайдиган воқеа-ходисалар билан жавоб қайтарилгани ёшларни суд тизимига, судьяликка бўлган қизиқишини оширди.

Шу куни Судьялар олий кенгаши томонидан таълим муассасасига А.Эрановнинг меҳнат фаолияти акс этган махсус пешлавҳа тақдим этилди. Бу судьялар ҳамжамиятининг мазкур умумтаълим мактабига ҳурмат ва эҳтиром рамзи бўлиб, ушбу даргоҳдан яна кўплаб эл ардоғидаги инсонлар етишиб чиқишига билдирилган ишонч ҳам ҳисобланади.

Учрашувда мактаб жамоаси, ўқитувчи ва ўқувчиларга Судьялар олий кенгаши, вилоят суди ҳамда А.Эранов томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. Шу куни меҳмонлар мактаб ҳовлисига манзарали дарахт кўчатлари экиб, таълим муассасаси ободончилигига ўз ҳиссаларини ҳам қўшдилар.
Дониёр Тожибоев,
Наманган вилояти суди судьяси
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2025 | Наманган вилоят суди