СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ ИМКОНИЯТЛАРИ: ЭНДИ СУДЛАР ҲАМ УНДАН ФОЙДАЛАНАДИ
Бугунги кунда сунъий интеллект кундалик ҳаётимизга тобора кенгроқ кириб келмоқда. Чунки у беқиёс имкониятларга эга.
Президентимизнинг 2025 йил 21 августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳам фикримиз далилидир.
Мазкур ҳужжат асосида судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, шунингдек, судларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиб беришнинг устувор мақсадлари белгиланди.
Хўш, бу нималардан иборат бўлади?
Аввало, суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан воз кечиш мақсадида “Рақамли суд” концепцияси асосида ишларнинг юритилиши босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказилади. Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини ошириб бориш, суд ҳужжатларидан нусха олиш, суд ишлари билан танишиш, аризанинг судга тааллуқлилиги ва судловга тегишлилигини аниқлаш, сунъий интеллект ёрдамида суд харажатларини ҳисоблаш имкониятини яратиш, шунингдек, суд томонидан тақиқланган манба ва контентларнинг электрон реестри юритилади.
Шунингдек, Олий суднинг ахборот тизимлари негизида суд ҳужжатлари архиви модули ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилади. Судлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича “Кибер ҳуқуқ” йўналишида илмий тадқиқотлар ўтказилади. Бунинг учун эса судьялар ва суд аппарати ходимларининг рақамли саводхонлиги ва малакаси доимий ошириб борилади. Қолаверса, “Рақамли суд” концепцияси асосида босқичма-босқич суд мажлиси заллари ташкил этилади ҳамда аҳоли ва судьялар учун қулай ва замонавий шарт-шароитлар яратилади. Шу билан бирга, судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий ҳимояси кучайтирилади.
Таъкидлаш лозимки, “Рақамли суд” концепцияси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш ҳамда суд ишларини кўришни соддалаштириш мақсадида амалга оширилади. Бунда судга ариза беришдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган харажатлар шакллантирилади. Мурожаатлар судга электрон шаклда юборилади. Энг муҳими, ишда иштирок этувчи шахслар суд биносига ташриф буюрмайди ва суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этади.
Бундан ташқари, тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга суд жараёнларида ишга доир барча материаллар билан электрон шаклда танишиш имконияти яратилади. Суд харажатлари электрон шаклда ҳисобланади ва тўланади, шунингдек, ижро варақалари автоматик равишда ижрога юборилади. Суд ишлари замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда тўлиқ электрон тарзда юритилади. Сунъий интеллект ёрдамида суд мажлиси баённомалари реал вақт режимида матн шаклида тайёрланади. Шунингдек, суд ҳужжатлари лойиҳалари автоматик шакллантирилади.
Фармоннинг яна бир эътиборли жиҳати 2025 — 2027 йилларга мўлжалланган суд соҳасини рақамлаштириш ва одил судлов жараёнларига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш дастури тасдиқланганидир. Дастур доирасида 2025 йил 1 декабрдан бошлаб фуқаролар, адвокатлар, юристлар, судьялар учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформасини ишга туширилади. Йил якунига қадар эса суд ҳужжатларини автоматик тайёрлаш махсус ахборот дастури яратилади. 2026 йил 1 январдан бошлаб “my.sud.uz” интерактив хизматлар порталида фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш модули жорий этилиб, бунда сунъий интеллект асосида ишлайдиган виртуал маслаҳатчини яратилади. Ҳуқуқий мурожаатларга жавоб бериш ҳамда суд маълумотлари автоматик етказилади.
Яна бир гап. 2026 йил 1 мартдан бошлаб фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича дастлабки суд маълумотларини фуқароларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш имконияти яратилади. Қолаверса, 2026 йил якунига қадар фуқароларга одил судловга эришишда қулай имкониятлар яратиш мақсадида 5 та янги интерактив хизматлар йўлга қўйилади. Суднинг ахборот тизимидаги “Шахсий кабинет” платформасининг фойдаланувчилар учун янада қулай бўлган янги версиясини ишлаб чиқиш ҳам шулар жумласидандир.
Хулоса ўринида айтиш мумукинки, тилга олинган фармоннинг қабул қилиниши “Янги Ўзбекистон – янги ислоҳотлар” тамойилининг амалдаги ифодасидир. Зеро, тизимдаги ислотҳотларнинг бош мақсади инсонпарварлик эканлиги ҳеч кимга сир эмас.
Нодиржон КИМСАНОВ,
жиноят ишлари бўйича
Косонсой туман судининг
тергов судьяси