ФАРЗАНДИНИ ПУЛЛАГАН “ОНА”

Фарзанд Яратган томонидан инсониятга инъом этилган буюк неъмат, мўжиза. Зеро, у билан ҳар биримизнинг бағримиз бутун, хонадонимиз файзли. Аслини олиб қараганда бу ҳаётда барчамиз болам деб яшаймиз, ҳаракат қиламиз. Бу шубҳасиз, болажон халқ эканлигимиздан, ширинтойларимизни суйганлигимиздан далолат. Бироқ, орамизда шундайлар ҳам бор эканки, ўз жигаргўшасини, умрининг мазмуни бўлган фарзандини пуллашга ҳам тайёр. Учқўрғонлик Шаҳло Темирова (исми-шарифи ўзгартирилган) ҳамда унинг онаси Соҳиба Акрамова ана шундайлар сирасидан бўлиб чиқди.

Улар ҳали туғилмаган, ўз жигаргўшалари бўлган норасида гўдакни эҳтиёжлари йўлида бошқа бировга сотиб юбормоқчи, пулламоқчи бўлдилар. Ҳаттоки бу йўлда Шаҳлонинг оналик меҳри ҳам қаҳрга айланди. Пул инсонни ҳар-хил йўлларга бошлайди, деганлари балки шудир.

2021 йилда турмуш ўртоғи билан ажрашган Шаҳло Темированинг уч нафар фарзанди бўлиб, тўртинчи фарзандига ҳомиладор эди. Гўёки қорнидаги гўдак туғилса боқа олмаслигини рўкач қилиб, дугонаси Зилолага бола асраб олмоқчи бўлган оилаларни топишни айтади. Орадан кўп ўтмай дугонаси Нигора исмли аёлга бола керак эканлигини айтиб,  у билан Шаҳлони таништириб қўяди. Улар Шаҳлонинг онаси Соҳибанинг уйида кўришиб, она қорнида бўлган 5 ойлик чақалоқ устидан келишиб олмоқчи бўладилар. Бу борада кўпни кўрган Соҳиба норасидани бериш эвазига бир уй олиб беришни айтади. Нигора бунга имкони йўқлигини билдиргандан кейин эса, гўдакнинг нархи туширилади. Бу сафар бола эвазига банкдан олган кредит қарзларини узиш ва 1000 АҚШ доллари миқдорида пул бериш таклиф этилади. Харидор ҳам мазкур шартга кўниб, бир ҳафтадан сўнг келишилган пулнинг ярмини беришини, қолганини эса болани қўлига олганидан кейин олишларини таъкидлайди. Шу тариқа ҳали дунёга келмасданоқ ўз онаси ва бувиси томонидан кераксиз бир буюм каби сотиб юборилаётган норасида гўдак устидан келишувга эришадилар.

Айтилган кун ҳам етиб келиб, Шаҳло Нигора билан учрашади. Боланинг соғломлиги, ривожланиши яхши экани ойдинлашгач, Нигора 500 АҚШ доллари миқдоридаги пулни фарзандфуруш онага тутқазади. Бироқ, туғилмаган жоннинг устидан қилинган савдо охирига етмайди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари Шаҳло Темировани ашёвий далиллар билан қўлга оладилар.

Мазкур қабиҳ иш жиноят ишлари бўйича Учқўрғон туман судида кўриб чиқилиб, ўз жигаргўшасини пулламоқчи бўлганларга тегишли жазо тайинланди.   

Шу ўринда бир гап. Ишончимиз комилки, ҳеч бир ота-она жигаргўшасига тикан киришини истамайди. Бирор-бир аёл фарзанди дард чекишини асло хоҳламайди. Аммо бугунги замон, инсонларнинг ҳар бир нарсага енгил-елпи қараши, пул, мол-дунёнинг ортидан қувиши уларни одамийликдан чиқариб, ҳайвон қилмайдиган ишларга қўл уришига сабаб бўляпти. Мазкур мақолада келтирилган ҳолат эса бунга яққол мисол.

Сардорбек Абдусатторов,

Жиноят ишлари бўйича Учқўрғон туман судининг раиси

УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ

Жамиятимиздаги барча соҳаларда тарих, бугун ва келажакни ўзида мужассам этган “Уч авлод учрашувлари” маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш яхши анъанага айланди. Мазкур тадбирларда Наманган вилояти суд тизими ходимлари ҳам фаол иштирок этишмоқда.

Наманган давлат университетида бўлиб ўтган ана шундай “Уч авлод учрашуви”да кўп йиллар суд тизимида ишлаган фахрийлар, айни пайтда вилоятдаги маъмурий, иқтисодий судларда фаолият олиб бораётган судьялар ҳамда талабалар иштирок этдилар.

Самимий мулоқот шаклида кечган суҳбатларда суд фахрийси Абдуносир Мўминов ҳаёт тажрибалари билан ўртоқлашиб, иш фаолияти давомида рўй берган эсда қоларли ва ибратли воқеаларни сўзлаб берди.

Учрашувда сўзга чиққан Наманган вилояти судининг судьяси Жўрабек Қорабоев, вилоят маъмурий суди судьяси Умида Нишонова, Наманган туманлараро иқтисодий судининг раиси Аброрбек Каримов юртимизда фахрийларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик хақида гапириб, бугунги кунда судьяларга яратилган шарт-шароитлар, имкониятлар борасида алоҳида тўхталиб ўтдилар. Бу ўз навбатида одил судловни таъминлаш, қонун устуворлиги ва адолатни қарор топтиришда муҳим эканини таъкидладилар.

Албатта бундай учрашув-мулоқотлар талаба-ёшларнинг эртанги фаолиятида муҳим аҳамият касб этиб, уларга ўзига хос мотивация бўлиб хизмат қилади.

Наманган вилояти судининг

жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Инсон ҳуқуқларини таъминлаш – конституциявий мажбуриятдир

Президентимизнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон аҳолисига мурожаатномасини диққат билан кузатдик. Узоқ йиллардан буён суд-ҳуқуқ соҳасида фаолият олиб бораётганим учун мазкур ҳужжатдаги суд-ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатиш юзасидан давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган фикр ва ташаббуслар катта қизиқиш уйғотди.

Албатта, охирги олти йил ичида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини янада такомиллаштириш, судлар мустақиллигига эришиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида кўп ишлар амалга оширилди. Бироқ, Юртбошимиз амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларга қарамасдан, ҳозирда ҳам тергов сифати пастлигини,  судларда одамларнинг ортиқча овора бўлаётганликларини ҳамда суд қарорларининг ижро этилмай қолаётганлигини,  фуқароларга давлат ҳисобидан бепул юридик хизмат кўрсатадиган адвокатларни “электрон танлаш” тизими  ҳанузгача ишга туширилмаганлигини танқид остига олди.

Шунингдек, мурожаатномада  қисқа муддат ичида  ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича ишлашга ўргатадиган,  одил судлов сифатини оширадиган тизим яратилишини алоҳида қайд этилиб, бунда энг аввало фуқароларнинг судма-суд сарсон бўлиб юришларига барҳам берилиши, вилоят судларининг одил судловга амалга ошириш борасидаги ваколатлари янада кенгайтирилиши, тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкция бериш ваколати прокурордан судга ўтказилиши, бундан кейин мулк ҳуқуқини чеклашга оид ҳар қандай ҳаракат фақат суд орқали амалга оширилиши, суд ишларида қатнашадиган алоҳида прокурорлар корпуси шакллантириши, судлар томонидан  жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячининг фикри билан бирга қабул қилиниши, одил судловни таъминлашда адвокатларнинг ҳуқуқлари ҳам кенгайтирилиши кўрсатиб ўтилди.

Бундан ташқари, мурожаатномада жиноят иши бўйича айбланувчининг ҳимоядан воз кечиши бўйича ҳар бир ҳолат юзасидан прокурор ва суд томонидан синчиклаб ўрганиладиган тизим яратилиши,  ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахсларни вақтинча ушлаб туриш жойларда ҳисобга олишнинг онлайн тизими жорий этилиши ва ушбу жойларда юзни таниб олиш усуналарини ўрнатилиши ва бу орқали инсон ҳуқуқларининг ҳар қандай кўринишдаги бузилишларини олдини олиш таъминланиши алоҳида қайд этиб ўтилди. Ушбу масалаларни тез кунларда ҳал этилиши Ички ишлар тизимидаги шахсларни вақтинча ушлаб туриш жойларида охирги вақтларда учраётган қийноққа солиш ва тазйиқ  ўтказиш ҳолатларига барҳам беради.

Мурожаатномада маъмурий судларга ҳоким қароридан норози бўлиб мурожаат қилинганда, ишларни экстерриториал тартибда, яъни бошқа ҳудудда ҳам кўриш амалиёти жорий қилиниши ҳамда мамлакатимизда мулк ва инвестициянинг ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида “Халқаро тижорат судини ташкил қилиш бўйича ҳам амалий ишлар бошланганлиги таъкидлаб ўтилди.

Мурожаатномада суд-ҳуқуқ соҳаси бўйича қайд этиб ўтилган ҳар бир йўналишдаги ишларни амалга оширилиши юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини янада ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

Абдураҳмон Сафоев,

Наманган вилояти судининг фуқаролик

ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

ҒУРУРИМИЗ ТИМСОЛИ

Айни кунларда мамлакатимизнинг суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи муқаддас тимсол бўлган Ўзбекистон республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 31 йиллиги кенг нишонланмоқда. “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган 7 сессиясида қабул қилинган.


Давлатимиз байроғи бошқа рамзлар билан бирга халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, шу юртда яшовчи ҳар бир фуқарога ғурур, фахр ва ифтихор бағишлайди. Байроғимизга назар солганимизда ёки мадҳиямиз янграганда биз руҳан жўшқинликни, азму шижоатимиз ошганини, қалбимизда ғурур ва буюк истиқболга ишонч туйғусини ҳис этамиз.


Ўзида жуда катта маъно-мазмунни мужассам этган, юксак дид ва маҳорат билан пухта ишланган, бутун Ўзбекистон аҳлининг асрий орзу-истакларини, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни, аждодлар ёди ҳамда миллат ғурурини мужассам этган байроғимиз сайёрамиздаги барча мамлакатларнинг давлат рамзлари орасида алоҳида ҳурмат ва эҳтиромга сазавордир.


Давлат байроғи ва унинг рамзи бугунги Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради.


Байроқдаги мовий ранг – тириклик мазмуни акс этган мангу осмон ва обиҳаёт рамзи. Тимсоллар тилида бу-яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради. Бобомиз Амир Темур давлати байроғи ҳам мовий рангда бўлган.


Байроқдаги оқ ранг – муқаддас тинчлик рамзи бўлиб, у кун чароғонлиги ва коинот ёритқичлари билан уйғунлашиб кетади. Оқ ранг поклик, беғуборлик, софликни, орзу ва ҳаёллар тозалиги, ички гўзалликка интилишнинг тимсоли.


Яшил ранг – табиатнинг янгиланиш рамзи. У кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади.


Қизил чизиқлар – вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларини англатади.


Навқирон ярим ой тасвири бизнинг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ. Айни пайтда у қўлга киритилган мустақиллигимизнинг рамзи ҳам. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғидаги 12 юлдуз тасвири тарихий анъаналаримиз, қадимги йил номамизга бевосита алоқадор. Бизнинг ўн икки юлдузга бўлган эътиборимиз Ўзбекистон сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккурида нужум илми тараққий этганлиги билан ҳам изоҳланади.


Бугун миллий байроғимиз давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб турибди. Турли байрам тантаналарида, мамлакатимиз аъзолари қатнашётган халқаро миқёсдаги сиёсий маданий-маърифий тадбирларда, олимпиада ўйинларидан тортиб бошқа нуфузли спорт мусобақаларида ҳам байроғимиз Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс этирмоқда. Масалан, халқаро спорт беллашувларида ғалаба қозонган спортчиларимиз шарафига юртимиз байроғи баланд кўтарилиб, мадҳиямиз янграган  лаҳзаларда ҳар биримиз чексиз ҳаяжонга тушамиз, ҳеч кимдан кам эмаслигимиздан ғурурланамиз.


Хулоса ўрнида айтиш лозимки, давлатимиз байроғи тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳайётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсолидир.


Тўхтамурод Ражабов,

Наманган вилоят судининг

фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси


САЙЁР СУДЛАР: ОЧИҚЛИК ВА ОШКОРАЛИКНИНГ АМАЛИЙ ИФОДАСИ

Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича “Тараққиёт стратегияси”нинг  2026 йилгача бўлган даврида асосий эътибор қаратилиши лозим бўлган 5 муҳим йўналишдан бири сифатида суд тизимидаги ислоҳотларни кучайтириш, одил судловни таъминлаш белгиланган. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, суд идоралари адолат қўрғонига айланиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалда ишончли таъминламоғи керак. Хўш, амалда ҳам шундай бўляптими?

Таъкидлаш жоиз, охирги 2-3 йилда барча соҳалар қатори суд-ҳуқуқ тизимида ҳам кенг кўламли ижобий ўзгаришлар рўй берди. Мазкур ислоҳатларнинг олий мақсади – суд тизимини босқичма-босқич демократлаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қиладиган суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигига эришишдир. Бу борадаги дастлабки қадам 2017 йилнинг 13 июн куни Тошкент шаҳрида муҳтарам Президентимизнинг судьялар билан бўлиб ўтган тарихий учрашувларида амалга оширилди. Мазкур тадбирда давлатимиз раҳбари амалий ташаббуслар асосида суд идоралари, судьялар фаолиятини бутунлай янгича асосда, самарали ташкил этиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратдилар. Айниқса, фуқароларнинг суд идораларида сарсон-саргардон бўлишига чек қўйиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида бу борадаги ишларни маҳалла, корхона ва ташкилотларда сайёр суд мажлисларида кўриш кўламини кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилиниб, уларнинг ҳар бири бўйича аниқ тавсия ва амалий кўрсатмалар берилди.

Ушбу устувор вазифалар ижросини амалга ошириш мақсадида Наманган вилояти судлари томонидан мунтазам равишда сайёр суд мажлислари ўтказиб келинмоқда. Хусусан, 2022 йилнинг 9 ойи давомида вилоят судлари томонидан жами 41.364 та ишлар сайёр судларда кўриб тамомланган.

Жумладан, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан мазкур даврда жами 38.147 нафар шахсга нисбатан 30.989 та жиноят ва маъмурий ишлар кўрилган бўлиб, шундан 7287 таси сайёр судларда кўриб чиқилган. Жами сайёр судларда кўрилган ишларнинг 1200 тасини транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, ўғрилик, безорилик каби жиноят ишлари, 6087 тасини савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, солиқ қонунчилиги, йўловчи ташиш фалияти билан лецензиясиз шуғулланиш каби  маъмурий ишлар ташкил қилган. Бундан ташқари 844 та жиноят ишлари бўйича чиқарилган суд қарорлари билан боғлиқ материаллар сайёр судларда кўриб тамомланган.  

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан эса ўтган 9 ойда 49.324 та иш кўрилган бўлиб, никоҳдан ажратиш, яраштириш, кредит, алимент қарздорликларини ундириш, мерос масалаларига оид ишларнинг 26.999 таси сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган. Сайёр судларда кўрилган ишлардан 3.270 таси тарафларнинг ўзаро келиштириш ҳамда яраштириш йўли билан ҳал этилган.

Иқтисодий судлар томонидан 2022 йилнинг 9 ойида жами 13.239 та иқтисодий ишлар мазмунан ҳал этилиб, шундан 7.078  та ишлар сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган. Бу даврда сайёр судларда кўрилган 201 та ишлар оммавий ахборот воситаларида ёритилган.

Кўрилган сайёр судлар давомида 514 нафар шахс жиноят кодексининг 73-моддасига асосан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган, 299 нафар шахслар жиноят кодексининг 74-моддасига асосан жазони енгилроғи билан алмаштирилган.

Суд амалиётидан бир мисол. Маълумки, жиноят кодексининг 73-моддасида жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш нормаси, шу Кодекснинг 74-моддасида эса жазони енгилроғи билан алмаштириш нормаси қайд қилинган. Мазкур қонун талабларига кўра, жазодан озод қилиш ёки енгилроғи билан алмаштириш, ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган ҳамда жазонинг белгиланган қисмини ўтаган маҳкумга нисбатан қўлланилади. 2022 йилнинг 26 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Поп туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги жазони ижро этиш департаменти 2-минтақавий ҳудуд 6-сон жазони ижро этиш колониясида ўтказилган сайёр суд мажлисида ҳам суд томонидан тайинланган жазодан ўзига тегишли хулоса чиқариб, тузалиш йўлига ўтган 30 нафар маҳкумнинг иши кўриб чиқилди. Улардан 3 нафари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.Шунингдек, сайёр суд мажлисида 5 нафар маҳкумларнинг ўталмай қолган жазоси Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 74-моддасига кўра енгилроқ жазо билан алмаштирилиб, жазони ижро этиш колониясидан озод қилинди. 22 нафар маҳкумларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 113-моддасига асосан ўталмай қолган озодликдан маҳрум қилиш жазоси манзил колонияларда ўташи белгиланиб, инсонпарварлик тамойиллари қўлланилди.

Сайёр суд мажлиси – судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини намоён қилиш билан бирга ишларни кўришда жамоатчилик иштирокини таъминлаш, қонунлар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, фуқароларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларга риоя қилиш руҳида тарбиялаш, қонун устуворлигини таъминлашининг самарали ва амалий шаклидир. Зеро, сайёр суд мажлисларида қонунни бузган шахсларни оммавий муҳокама қилиш орқали жамиятда қонун бузилиши ҳолатларига нисбатан муросасизлик маданияти шакллантирилади.

Жамиятимизда шахсни тарбиялаш орқали соғлом муҳит яратиш вазифаси, нафақат судларнинг, балки кенг жамоатчилик, қолаверса, ҳар бир фуқаронинг бурчи эканини унутмаслик лозим. Ўтказилаётган сайёр суд мажлислари айни жиҳатдан ҳам аҳамиятлидир.

Абдурасул Эранов,

Наманган вилоят судининг раиси

БАНК СОҲАСИДАГИ ҚОНУНБУЗАРЛИКЛАР МУҲОКАМА ЭТИЛДИ

Бугун мамлакатимизда банк ва молия тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалиётга жорий этилиб, фаолият янги тажрибалар асосида бойиб бормокда. Банк ва мижоз ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилиб, замон талаби асосида иш юритиляпти. Бироқ, соҳа билан боғлиқ молиявий жиноятлар ортгани хизматлар бозоридаги ишларни янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Шу жиҳатдан, Наманган вилояти суди томонидан вилоятдаги банк муассасаларида турли тадбирлар ташкил этилиб, уларда банк соҳаси билан боғлиқ жиноят ишлари муҳокамаси ўтказилмоқда.

Марказий банкнинг Наманган вилояти бошқармаси, “Агробанк”, “Микрокредитбанк”нинг Наманган филиалларида бўлиб ўтган ана шундай учрашув-мулоқотларда Наманган вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари иштирок этиб, молия институтларининг ҳуқуқшунос ва кредит билан боғлиқ амалиётда иштирок этувчи мутахасисларига банк соҳаси билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича айблов ҳукми чиқарилган ҳолатлар юзасидан батафсил тушунча бердилар. Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг 9 ойи давомида айни шу йўналишда 372 нафар шахсга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилиб, 160 тасида айблов эълон қилинган. Содир этилган жиноятлар оқибатида 101 миллиард 233 миллион сўм миқдоридаги зарар етказилган бўлиб, тергов ва суд даврида 49 миллиард 881 минг сўм маблағ қопланган ва қолгани суд қарори билан ундирилиши кўрсатилган. Тадбирда мутахасислар томонидан айни жиҳатлар атрофлича таҳлил этилди.

Шунингдек, айрим ҳолларда банк ходимлари томонидан фирибгарлик, коррупцион жиноятлар ҳам кузатилаётгани таъкидланди. Хусусан, таҳлилларги кўра, мазкур даврда 43 нафар банк ходими томонидан банк соҳаси билан боғлиқ коррупцион жиноятлар содир этилгани аниқланган.

Тадбирда банк ҳуқуқшуносларининг бу борада юзага келаётган муаммолар ва уларнинг олдини олишда нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақидаги саволларига судьялар томонидан жавоб қайтарилди.


Шуҳратжон Қурбонов,

Давлатмирза Камилов,

Наманган вилояти судининг судьялари

Перейти к содержимому