УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ

Жамиятимиздаги барча соҳаларда тарих, бугун ва келажакни ўзида мужассам этган “Уч авлод учрашувлари” маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш яхши анъанага айланди. Мазкур тадбирларда Наманган вилояти суд тизими ходимлари ҳам фаол иштирок этишмоқда.

Наманган давлат университетида бўлиб ўтган ана шундай “Уч авлод учрашуви”да кўп йиллар суд тизимида ишлаган фахрийлар, айни пайтда вилоятдаги маъмурий, иқтисодий судларда фаолият олиб бораётган судьялар ҳамда талабалар иштирок этдилар.

Самимий мулоқот шаклида кечган суҳбатларда суд фахрийси Абдуносир Мўминов ҳаёт тажрибалари билан ўртоқлашиб, иш фаолияти давомида рўй берган эсда қоларли ва ибратли воқеаларни сўзлаб берди.

Учрашувда сўзга чиққан Наманган вилояти судининг судьяси Жўрабек Қорабоев, вилоят маъмурий суди судьяси Умида Нишонова, Наманган туманлараро иқтисодий судининг раиси Аброрбек Каримов юртимизда фахрийларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик хақида гапириб, бугунги кунда судьяларга яратилган шарт-шароитлар, имкониятлар борасида алоҳида тўхталиб ўтдилар. Бу ўз навбатида одил судловни таъминлаш, қонун устуворлиги ва адолатни қарор топтиришда муҳим эканини таъкидладилар.

Албатта бундай учрашув-мулоқотлар талаба-ёшларнинг эртанги фаолиятида муҳим аҳамият касб этиб, уларга ўзига хос мотивация бўлиб хизмат қилади.

Наманган вилояти судининг

жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими