“ЎЗБЕКИСТОН – 2030” СТРАТЕГИЯСИ: СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР
Давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармони билан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланиб, 5 та устувор йўналиш бўйича муҳим мақсадлар белгилаб олинди.
Наманган вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари томонидан Наманган шаҳридаги Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мазмун ва моҳиятини ёшларга тушунтириш мақсадида ҳуқуқий тадбир ўтказилди.
Стратегиянинг асосий мақсади халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлашдан иборат.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш, аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш, аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш, мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш асосий ғоялар сифатида кўрсатиб ўтилган.
Стратегияда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни амалга оширишга ҳам катта эътибор қаратилган. Конституция ва қонунлар устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашни суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мезонига айлантириш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш ва унинг фаолиятида очиқликни таъминлаш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолиятини инсон манфаатлари, қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтириш ҳамда адвокатура институтининг салоҳиятини тубдан ошириш, шунингдек, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш масалалари ҳам стратегияда алоҳида қайд этиб ўтилган.
Жамиятимизда коррупцион ҳолатлар билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш учун стратегияда энг асосий йўналишлардан бири этиб коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ишларини жадал давом эттириш белгиланди.
Стратегияда ҳар бир инсонга, айниқса ёшларга ўз солоҳиятларини рўёбга чиқаришлари учун муносиб шароитларни яратишга катта эътибор қаратилганлиги алоҳида қайд этиб ўтилди.
Тадбир давомида мавзу юзасида талаба ёшларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар берилди.
Ғайратали Дарвешалиев,
Наманган вилояти судининг судьяси