2016-2023 ЙИЛЛАРДА АМАЛГА ОШИРИЛГАН СУД-ҲУҚУҚ ИСЛОҲОТЛАРИ

✅ Суд-ҳуқуқ йўналишдаги устувор масалалар юзасидан 50 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Улар асосида суд тизими тубдан такомиллаштирилди.

✅ Янги таҳрирдаги Конституцияда инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган одил судлов соҳасидаги муҳим кафолатлар мустаҳкамланди.

✅ Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари кафолатларини таъминловчи маъмурий судлар ташкил этилди.

✅ Аҳолининг одил судловга эришиш даражасини ошириш, судга мурожаат қилишда уларга қулайлик яратиш мақсадида туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ташкил этилди.

✅ Ягона суд амалиётини йўлга қўйиш мақсадида Олий суд ва Олий хўжалик суди фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди.

✅ Вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда вилоят даражасидаги умумюрисдикция судлари ташкил этилди.

✅ Судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашда очиқ, ошкора ва муқобил танлов тизимини яратиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида судьялар ҳамжамиятининг органи сифатида суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашадиган Судьялар олий кенгаши ташкил этилди.

✅ Судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида Олий судда Жамоатчилик билан ҳамкорлик маркази (PR Марказ) ҳамда вилоят ва унга тенглаштирилган судларда матбуот хизматлари ташкил этилди.

✅ Судьялар ўртасида ишларни инсон омилисиз, автоматик равишда тақсимлаш, судларга масофадан туриб электрон мурожаат ва суд ҳужжатларини тарафларга электрон шаклда юбориш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш, суд мажлисларини аудио- ва видеоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш тизими йўлга қўйилди.

✅ Президент фармони билан фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсадида суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш Стратегияси тасдиқланди.