ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАСИДА САЙЁР СУД МАЖЛИСИ ЎТКАЗИЛДИ

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди томонидан Наманган давлат университетида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот тадбири ҳамда сайёр суд мажлиси ўтказилди.

Дастлаб иштирокчиларга кейинги вақтларда аҳоли, айниқса, ёшлар орасида кўп учраётган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, уларнинг оқибатлари ҳақида тушунтиришлар берилди. Жумладан, ёшлар ўртасида содир этилаётган гиёҳвандик, безорилик, талончилик, йўл-транспорт воситалари билан боғлиқ жиноятлар ошиб бораётгани таъкидланди. Жиноят содир этиб, бугунги кунда панжара ортида ўтирган ёшларнинг аянчи қисмати ҳақида сўз юритилди. Ачинарлиси, бугун улар қаторига олий ўқув юртида таълим олаётган талабалар ҳам қўшилиб қолаётгани афсус билан тилга олинди. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳар бир йигит-қиз пухта билим эгаллаб, белгиланган қонун-қоидаларга амал қилиши, турли қинғир ишларга қўл урмаслиги лозимлиги таъкидланди.


Шу куни жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг сайёр суд мажлиси ҳам ўтказилди.

Сайёр судда дастлаб талончилик, гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний сақлаш, ўтказиш билан боғлиқ жиноятларни содир этган шахсларнинг ишлари кўриб чиқилди. Ҳар бир иш бўйича процесс иштирокчиларининг музокаралари эшитилиб, иш ҳужжатлари ўрганилди. Якунда судланувчиларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, суд залидан қамоққа олинди.


Бундан ташқари, сайёр суд мажлисда пробация гуруҳи ҳисобида туриб суд томонидан белгиланган мажбуриятларини ўтаётган шахсларга оид тақдимномалар ҳам кўриб чиқилди. Хатоларидан хулоса чиқарган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, ҳалол ва фойдали меҳнат билан шуғулланиб, ҳаётини изга солишга уринаётган 10 нафар шахслар муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди. Аксинча, суд томонидан белгиланган жазодан бўйин товлаб, мажбурият ва тартибларга риоя этмаган 2 нафар шахсларнинг жазолари оғирроқ турдаги жазога алмаштирилди.


Наманган вилояти судининг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

ҲАМКОРЛИКДАГИ ФАОЛИЯТ

Наманган вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан вилоят ички ишлар бошқармасида тергов сифатини янада яхшилаш масалаларига бағишланган ўқув семинар машғулоти ўтказилди.

Ички ишлар идораларининг терговчилари, прокуратура, божхона идоралари ходимлари иштирок этган семинарда Наманган вилояти суди раисининг ўринбосари Адҳамжон Мирзаев жорий йилнинг ўтган даври мобайнида дастлбаки тергов органлари томонидан тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган камчиликларга тўхталиб ўтди. Маъмурий материаллар ва жиноят ишларини судларда кўриш жараёнидаги айрим муаммолар таҳлил этилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, янги қонунларни қўллашда юзага келиши мумкин бўлган тушунмовчиликларнинг олдини олиш ва тергов жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди.

Семинарда судьялар Ш.Қурбонов, Д.Тожибоев, Э.Абдуллаев, Қ.Алижонов амалиётда учраётган айрим камчиликлар ҳақида гапириб, уларни бартараф этиш бўйича ўз фикрларини билдирдилар.


Якунда мавзу юзасидан таклиф ва мулоҳазалар эшитилиб, иштирокчилар томонидан берилган саволларга батафсил жавоблар қайтарилди.


Наманган вилояти судининг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

ОТА-ОНАЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

Наманган вилояти судида жиноят ишлари бўйича вилоят, туман, шаҳар судларида фаолият олиб бораётган ходимларнинг ота-оналари билан учрашув-мулоқот ўтказилди.

Учрашувда кейинги йилларда суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, судларнинг жамиятда тутган ўрни, нуфузи ҳақида сўз юритилиб, мазкур соҳада фаолият олиб бораётган ҳар бир ходим ана шу эътиборга ҳар жиҳатдан мос бўлиши лозимлиги таъкидланди. Бунда энг аввало коррупция, таъмагирлик иллатларига йўл қўймаслик, одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилган ҳолда ўзига бириктирилган вазифаларни сидқидилдан, виждонан бажариши кераклиги айтиб ўтилди. Бу борада эса ота-оналарнинг ўрни катта эканлиги, ҳар бир ота-она фарзандининг юриш-туриши, иш фаолиятини назорат қилиб бориши, унинг муаммолари билан қизиқиши, кимлар билан яқин муносабатда бўлаётганидан хабардор бўлиши лозимлиги таъкидланди.

Мулоқотда ота-оналар, кўп йиллардан буён тизимда фаолият олиб бораётган судьялар сўзга чиқиб, ўзларининг фикр-мулоҳазалари, таклифларини билдирдилар.

ЭЪЛОН!

Наманган вилояти суди, туман (шаҳар), туманлараро судларининг суд аппарати ходими лавозими захирасига номзодларни олиш бўйича танлов эълон қилинади.


Танловда олий ва ўрта-махсус ўқув юртларини юриспруденция йўналиши бўйича тамомлаган мутахассислар иштирок этишлари мумкин.


Номзодлар аризага маълумотнома (объективка) ва яқин қариндошлари тўғрисидаги маълумотнома, диплом, (чет элда ўқиганлиги тўғрисидаги дипломга эса, диплом тан олинганлиги ва нострификация қилинганлигини тасдиқловчи гувоҳнома) паспорт ҳамда меҳнат дафтарчаси нусхаларини илова қилган ҳолда 2024 йил 27 февраль кунига қадар вилоят судининг Кадрлар бўлимига мурожаат этишлари мумкин.


Манзил: Наманган шаҳри, Н.Номонгоний кўчаси, 10-уй.


АЁЛЛАРГА ЭЪТИБОР

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузурида Судьялар клуби фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, у орқали аёл судьяларни бирлаштириш ва уларга мулоқот майдонини ташкил этиш имкониятлари яратилган.

Бугун Судьялар олий мактабида мазкур клубнинг йиғилиши бўлиб ўтди. Видеоконференцалоқа шаклида барча ҳудудларга уланган тадбирда Судьялар клуби томонидан амалга оширилаётган ишлар, аёл судьялар фаолияти, уларни қўллаб-қувватлаш борасидаги вазифалар ҳақида сўз борди.


Тадбирда одил судловни амалга ошириш, судларга бўлган ишончни мустаҳкамлаш, ёш судья кадрларни етиштиришдаги улкан хизматлари учун устоз судьялар ҳамда судьяларнинг ота-оналари Судьялар олий кенгашининг ташаккурнома ва эсдалик қўл соатлари билан тақдирландилар.

Хусусан, мазкур эътирофга Наманган вилоятидан айни пайтда Андижон вилояти фуқаролик ишлари бўйича Бўстон туманлараро судининг судьяси бўлиб фаолият олиб бораётган наманганлик Муҳайё Дедамирзаеванинг онаси Ойшахон Аҳмадалиева ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судининг раиси Иқболхон Кўчкинова лойиқ кўрилдилар. Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов мукофотланганларни муборакбод этиб, уларга ташаккурнома ва эсдалик қўл соатини топширди.

Бу каби эътибор судьяларнинг ўз вазифаларига бўлган масъулиятларини янада ошириб, самарали фаолиятларида муносиб рағбат бўлади.       

СУД ҲУЖЖАТЛАРИГА БАҲО БЕРИШНИНГ ЯНГИ ТИЗИМИ

Маълумки, одил судлов сифати суд ҳужжатларининг қонуний, асосли ва адолатлилиги билан чамбарчас боғлиқ. Агар суд томонидан иш якунида қабул қилинган ҳужжатга нисбатан норозилик туғилса ва бу бўйича шикоят қилинса, унга юқори турувчи суд инстанциясида қонуний баҳо берилади. Бу бир тарафдан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг суд томонидан ҳимояланишини англатса, иккинчи томондан, процессуал қонунчиликда белгиланган тартибда юқори турувчи босқич судлари томонидан қуйи судларда қабул қилинган суд ҳужжатларининг қайта кўриб чиқилишини англатади.

Шу маънода суд ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш институтини янада такомиллаштириш нафақат процессуал қонунчилик, балки фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Ишларни кўришда ўрта бўғин судлари имкониятларидан янада самарали фойдаланиш, фуқароларнинг олис ҳудудлардан судга келиб овора бўлишининг олдини олиш мақсадида шу йил 1 январдан бошлаб, судлар, шу жумладан, маъмурий судларда суд ҳужжати устидан шикоят қилишнинг янги тартиби — ишларни тафтиш тартибида кўриб чиқиш институти жорий этилди.

Эндиликда тафтиш тартибидаги шикоятлар Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, Ҳарбий суд томонидан, уларнинг тафтиш тартибида қабул қилган суд ҳужжатларидан норози бўлиб келтирилган шикоятлар эса, Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилади.

Шунингдек, Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари устидан манфаатдор шахсларнинг мурожаатига асосан Олий суд раиси ёҳуд Бош прокурор томонидан тафтиш тартибида протест келтирилиши мумкин ва тафтиш тартибидаги ушбу протест Олий суднинг Раёсатида кўпчилик таркибда кўриб чиқилади. 

Қонунчиликда суд ишни тафтиш тартибида кўриш чоғида қуйи инстанция судлари томонидан моддий ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилган ва процессуал қонун талабларига риоя этилганини иш материаллари бўйича текшириши белгиланган.

Қонунчиликка киритилган ўзгартиришлардан яна бири ишни апелляция ва кассация тартибида биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўриши, юқори инстанция судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш тартиби бекор қилинишидир. Бундай тартиб фуқаро ва юридик шахсларнинг судларга бўлган ишончини янада ошишига хизмат қилади. Чунки бунга қадар биринчи инстанция судлари томонидан ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилингани ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва ишни янгидан кўриш учун юборишга асос бўлар эди. Қонунчиликка киритилган янги ўзгартиришга кўра, эндиликда биринчи инс­танция судлари томонидан мазкур процессуал хатоликка йўл қўйилгани аниқланганда, юқори турувчи судлар ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбормай, ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича апелляция ёки кассация тартибида ишга жалб қилинмаган шахсларнинг иштирокини таъминлаган ҳолда кўриб чиқиб, тегишли қарор қабул қилиши мумкин.

Шу ўринда қуйидаги таклифни билдирмоқчиман. Яъни қонунчиликда белгиланган тафтиш тартибида ишни кўриш доирасини янада кенгайтириб, тафтиш инстанциясида ишларни кўришда қуйи инстанция судлари томонидан моддий ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилгани ва процессуал қонун талабларига риоя этилганини иш материаллари ва янги аниқланган далиллар бўйича текширишнинг аниқ тартиби белгиланса, мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 266-6-моддасида суд ишни тафтиш тартибида кўриш чоғида қуйи инстанция судлари томонидан моддий ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилгани ва процессуал қонун талабларига риоя этилганини иш материаллари бўйича текшириши белгиланган.

Шунингдек, ушбу кодекснинг янги таҳрирда баён қилинган 244-моддаси 4-қисми 2-бандида ишнинг суд мажлиси жойи ва вақти тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаган бирор-бир ишда иштирок этувчи шахс йўқлигида кўрилгани, 3-бандида суд томонидан ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилингани биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг ҳар қандай ҳолда бекор қилиниши учун асос бўлиши кўрсатилган.

Шу боис қонунчиликка биринчи инстанция судларида ишни кўришда учинчи шахс­ларни жалб қилишни мажбурий шарт сифатида белгилаш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар келгусида фуқароларнинг Конституциямизда назарда тутилган суд орқали ҳимояланиш ва судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатларини янада кенгайтириш, уларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликлари, шунингдек, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя этиш, одил судловга эришиш даражасини янада ошириш, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишини таъминлаш, суд қарорларини қайта кўришда ўрта бўғин — вилоят ва унга тенглаштирилган судлар имкониятларидан самарали фойдаланишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Умида НИШОНОВА,

Наманган вилояти маъмурий суди судьяси

Перейти к содержимому