КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ – ДАВР ТАЛАБИ

Коррупция жамиятимиз тараққиётига, халқимизнинг фаровон турмуши ва давлатимиз нуфузига жиддий хавф соладиган хавфли иллатдир. Шу боис, унга қарши курашиш нафақат давлат органларининг, балки ҳар бир фуқаронинг ҳам масъулиятли бурчи ҳисобланади.


Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашишнинг замонавий механизмлари кенг жорий этилди. Уларнинг фаолиятида очиқликни таъминлаш, жамоатчилик олдида ҳисобдорликни ошириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.


Шу билан бирга, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган мақсадли кўрсаткичлар белгиланди.


Бундан ташқари коррупцияга қарши курашишга оид қонунчилик базаси такомиллаштирилди, парламент палаталарида ушбу йўналишга масъул бўлган қўмиталар, Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолияти ташкил этилгани қисқа вақт ичида ўзининг ижобий натижасини берди.


Таҳлилларга кўра, Ўзбекистоннинг очиқлик бўйича халқаро рейтинглардаги ўрни яхшиланди.


Бугун жуда кўп давлат хизматлари рақамлаштирилиб, юзлаб ортиқча маълумотларни сўраш амалиётига барҳам берилди.
Суд ходимлари томонидан сансалорлик, бюрократизм ва турли суиистеъмолчиликларга барҳам бериш, судларда ишларнинг ўз вақтида кўрилишини назорат қилишнинг самарали тизимини яратиш мақсадида, соҳани рақамлаштиришга эътибор қаратилиб, коррупциявий хавф-хатарларни камайтириш ва инсон омилини сезиларли даражада қисқартиришга эришилмоқда.


Шу мақсадда Наманган вилоят судлари томонидан коррупция билан боғлиқ жиноят ишлар қонун талаби асосида кўриб чиқилиб, жазонинг муқаррарлиги таъминланмоқда. Жумладан, 2025 йилда коррупция билан боғлиқ 549 нафар шахсга нисбатан 349 та жиноят иши кўриб, тамомланган.
Шу билан бирга, янги жиноятлар содир этилишининг олдини олишда қўшимча жазо чораларининг катта аҳамиятга эга эканлигидан келиб чиқиб, 273 нафар судланувчиларга нисбатан муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш қўшимча жазоси қўлланилган.


2025 йилда судларда кўрилган коррупция билан боғлиқ ишлар бўйича соҳа ходимлари таҳлили шуни кўрсатдики, энг кўп коррупциявий ҳолатлар мактабгача ва мактаб таълими, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги ва соғлиқни сақлаш тизимида содир этилган.


Мазкур тоифадаги ишлар бўйича жойларга суднинг 204 та хусусий ажрими юборилган, 135 та жиноят иши сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.


Масалан, Наманган шаҳридаги 45-умумтаълим мактаби директори Муҳайё Самадова (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2024 йил август ойи ўрталарида инглиз тили муаллимаси Замира Аҳмадалиевани ҳузурига чақиради-да, 200 АҚШ доллар берса, ўтган йилги дарс соатини сақлаб қолишига ишора қилади. Буни эшитиб, ўқитувчи ўта ноқулай вазиятга тушади: раҳбарнинг талабига кўнмаса, маоши пасаяди, унинг талабини бажарай деса, бу маблағни қаердан олишни билмасди. Бундан ёмони шундаки, М. Самадова яна икки нафар инглиз тили ўқитувчисига нисбатан шундай таъмагирлик қилади… Охир-оқибат ўқитувчилар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилгач, жиноят фош этилади.


Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судида эса, Давлатобод тумани давлат солиқ инспекцияси инспектори Шариф Расуловнинг таъмагирлик билан боғлиқ қилмишлари кўриб чиқилди. Бу кимса 2024 йил май ойидан маҳаллаларга бириктирилган солиқ инспекторлари шўъбаси инспектори лавозимида фаолият юритиб, учта маҳалла ҳудудида фаолият юритувчи тадбиркорлардан “улуш” олиб келган. У фаолияти давомида “Ғирвон” савдо мажмуасида Акмал Жамолов белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмай савдо қилаётганини аниқлайди. Бундай ҳолат уддабурон солиқчи учун айни муддао бўлади. Яъни у ҳуқуқбузар тадбиркорга нисбатан далолатнома тузмаслик эвазига уч миллион сўм талаб қилади.


Шунингдек, судланувчи Ўрта Ғирвон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида фаолият юритадиган тадбиркорлардан даромад солиғини нақд беришса, шахсий ҳисоб варақларига тўлаб қўйишни айтиб, уларни алдайди.
Натижада тадбиркорларнинг 12 миллион 347 минг сўм маблағини шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади.


Суд томонидан юқорида баён этилган икки ҳолат юзасидан судланувчилар тегишли жазо тайинланди.


Хулоса ўрнида айтганда, ҳар бир ташкилот коррупциявий ҳолатларни чуқур таҳлил қилиши, бунга имкон берган иллатларни бартараф этиш юзасидан зарур чора-тадбирларни белгилаши шарт.

Зафаржон Расулов,
Наманган вилояти
суди судьяси