МЕҲНАТ ҚОНУНЧИЛИГИ НОРМАЛАРИНИ СУДЛАРДА ҚЎЛЛАШ АМАЛИЁТИ

Таҳлиларга кўра, фуқаролик судларида кўриладиган меҳнат низоларининг аксарияти ишга тиклаш ҳамда иш ҳақини ундириш ҳақидаги даъволар билан боғлиқдир. Хусусан, Наманган вилояти фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан 2024 йилда меҳнат низоси бўйича 326 та даъво аризаси кўриб чиқилиб, шундан 219 таси қаноатлантирилган. Уларнинг 123 таси ишга тиклаш, 141 таси иш ҳақини ундириш билан боғлиқ ишларни ташкил этган.

Наманган вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида бўлиб ўтган семинар ҳам меҳнат қонунчилиги нормаларини суд амалиётида қўллашга оид масалаларга бағишланди.

Олий суд ҳамда вилоятдаги фуқаролик ишлари бўйича судлар судьялари, Касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси вакиллари иштирок этган тадбирда меҳнат қонунчилигини амалиётда қўллаш бўйича муҳим ва аҳамиятли жиҳатлар иштирокчилар эътиборига етказилди. Шунингдек, меҳнатга оид муносабатларни тартибга солиш, мазкур турдаги низоларга адолатли ечим топиш, меҳнат низоларига сабаб бўлаётган ҳолатларнинг олдини олиш каби жиҳатлар бўйича фикр алмашилди. Шу билан бирга айрим иш берувчи корхона ва ташкилотлар томонидан ходимлар билан меҳнат шартномасини бекор килишда йўл қўйилган хато ва камчиликлар кўрсатиб ўтилди.