НАМАНГАН ВИЛОЯТИ СУДИДА МАЪНАВИЯТ ВА МАДАНИЯТ ТАДБИРЛАРИ ЎТКАЗИЛДИ

Китоб, театр, музейлар – инсон камолотида, унинг маънавияти ва дунёқарашини юксалтиришда муҳим восита ҳисобланади. Маънавияти юксак инсон эса қайси соҳада фаолият олиб бормасин чуқур илми, етук салоҳияти билан ажралиб туради.

Шу маънода Наманган вилояти судида маънавият ва маданият тадбирлари ташкил этилди. Мазкур тадбирлар доирасида дастлаб таниқли ёзувчи Исоқжон Нишонов билан ижодий учрашув бўлиб ўтди. Наманган вилояти суди судьялари ва ходимлари иштирок этган учрашувда ёзувчининг ҳаёти ва ижоди ҳақида сўз юритилиб, унинг ёзган асарлари билан танишилди. Маълумки, Исоқжон Нишонов “Афғон шамоли”, “Жасорат”, “Довон”, “Терговчи хотиралари”, “Адолат ғори”, “Улар қотилликда айбланмайди” каби 50 дан ортиқ роман ва қиссалар муаллифи бўлиб, аксарият асарларига суд-ҳуқуқ соҳасининг адолат тамойилларини мавзу қилиб олган ва мазкур тизимда фаолият олиб бораётган шахслар ёзувчи асарларининг бош қаҳрамонига айланган.

Учрашувда роман ва қиссалар ёзилишига сабаб бўлган воқеа-ходисалар, шахслар ҳақида ижодкор томонидан қизиқарли маълумотлар берилди. Судьялар ёзувчининг асарлари билан танишар эканлар, ўз шахсий кутубхоналарини адибнинг янги китоблари билан бойитдилар.

Музейлар – тарих тилсимоти, қадриятлар бешиги. Маънавият ва маданият тадбирлари Наманган тарихи ва маданияти давлат музейида давом этди. Цивилизациялар тўқнашган масканга ташриф буюрган суд тизими ходимлари вилоятимизнинг қадим тарихи ва маданиятидан сўзловчи осори-атиқалар, экспонатлар билан танишдилар. Тарих зарварақларига муҳрланган бой маданий меросимиз, ўлмас қадриятларимизнинг гувоҳига айландилар. Музейдан олинган таассуротлар судья ва суд ходимларига эстетик ҳамда маънавий завқ бағишлади.

Театр – маънавий тарбия ва маданият масканидир, унда ҳаёт гавдаланади. Шу куни Наманган вилояти судларининг судья ва ходимлари оила-аъзолари билан вилоят мусиқали драма театрида бўлиб, “Ибрат” спектаклини томоша қилдилар. Барчамизга яхши маълумки, ватандошимиз Исҳоқхон тўра Ибрат маърифатпарвар аллома, тилшунос олим бўлиши билан бирга Тўрақўрғон заминининг илк қозиларидан бири эди. Шу маънода мазкур спектаклни томоша қилиш баробарида бугунги судьялар аввалги қозиларнинг фаолияти, уларнинг юритган ишлари билан ҳам яқиндан танишдилар. Ўтмиш ва бугунги суд тизимига, судьяларга яратилган имконият ва шароитлардан бохабар бўлдилар.

“Ибрат” тарихий драмаси ўткир сюжети, актёрларнинг маҳоратли рол ижроси билан ҳар бир томошабинни ҳаяжонга солди. Буни спектакль якунида янграган олқишлардан ҳам яққол билиш мумкин. Шу куни театрга ташриф буюрган суд тизими ходимлари ва уларнинг оила-аъзолари бой маънавий озуқа олдилар.

Вилоят суди томонидан ташкил этилган маданият ва маърифат тадбирлари суд-ҳуқуқ соҳаси вакилларининг маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобга, театр санъати ва музейларга бўлган иштиёқни оширишда муҳим аҳамият касб этди.