СУДЛАРДА ОЧИҚЛИК ВА ОШКОРАЛИКНИНГ АМАЛДАГИ ИФОДАСИ

Очиқлик, ошкоралик, шаффофлик, холислик суд тизими фаолиятида ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу одил судловни таъминлаш ва судларнинг чинакам “Адолат қўрғони”га айланишига хизмат қилади.
Шу маънода судлар фаолиятидан жамоатчиликни мунтазам хабардор қилиб бориш яхши анъанага айлангани демократик ислоҳотлар тобора долзарблик касб этиб бораётган бугунги давр одимларига хос ва мос.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар, матбуот анжуманлари ўтказиш белгиланган.
Наманган вилояти судида ташкил этилган навбатдаги матбуот анжумани вилоят судларининг 2022 йидаги фаолият якунларига бағишланди.

Анжуманда дастлаб Президентимиз томонидан шу йилнинг 16 январь куни қабул қилинган “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ҳамда “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонларнинг мазмун-моҳияти тадбир қатнашчиларига батафсил тушунтирилди. Мазкур икки муҳим ҳужжат билан аҳолининг одил судловга эришиш имкониятлари янада кенгайтирилиши, 2023-2026 йилларда суд тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқилиши таъкидланди.

Матбуот анжуманида Наманган вилояти судининг раиси ҳамда вилоят маъмурий судининг раиси судларда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот бердилар.
Таҳлиллар, талқинлар, тафсилотларда вилоятдаги суд идоралари томонидан 2022 йил давомида кўрилган жиноят, фуқаролик, иқтисодий ҳамда маъмурий ишлар таҳлили, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан чиқарилган айблов ҳукмлари, жазо амалиёти, ишларни юқори инстанцияларда кўриш, оқлов ҳукми, судланганлик ҳолати шунингдек, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар юзасидан фаолият, ҳуқуқий тарғибот жараёнлари ифода топди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари матбуот анжуманида фуқаролларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш, одил судловни таъминлаш, қонунийлик ва адолат барқарорлигига эришиш борасида ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олдилар.

Жараён аниқ далиллар, фаолиятга оид таҳлилий маълумотлар, одиллик ва шаффофликни таъминлашда эътибор қаратилаётган жиҳатларга оид масалалар билан қизғин ўтди.

Наманган вилояти судининг
жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими