«СУДЬЯ ВА ЁШЛАР» УЧРАШУВИ
Наманган вилояти маъмурий суди ташаббуси билан Наманган давлат университетида “Судья ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.
Бўлажак ҳуқуқшуносларни суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, суд амалиёти жараёнлари билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилган учрашувда вилоят маъмурий суди раиси ва судьялар, университетнинг юридик факультети талабалари иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 32 йиллиги олдидан ташкил этилган тадбирда дастлаб Наманган вилояти маъмурий суди раиси Зарипахон Қурбонова суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, мамлакатимизда одил судловни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди. Судьялар янгиланган Конституциямизнинг мазмун-моҳияти, унинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ҳақида гапириб, Бош қомусимиз мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳот ва ўзгаришларнинг бош омили эканлигини таъкидладилар.
Учрашувда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Наманган давлат университети ўртасида юридик кадрларни тайёрлаш соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзолангани, мазкур ҳужжатга асосан олийгоҳ талабаларининг суд тизимида махсус амалиётини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича “Бўлажак суд ходимлари” клуби жорий этилгани таъкидланди. Мазкур ҳужжатга асосан тадбирда иштирок этган талабаларга Олий суд ва қуйи судларда кадрлар захирасини шакллантириш ва номзодларни ишга қабул қилиш тартиби, ходимлар учун яратилган шароитлар, ижтимоий кафолатлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Очиқ, самимий, савол-жавобларга бой тарзда кечган учрашув якунида юридик факультет жамоасига Наманган вилояти судлари тарихига бағишлаб чоп этилган “Мозийга бир назар…” номли китоб-албом ҳамда бадиий адабиётлар тўплами топширилди.