ТЕРГОВЧИЛАР УЧУН СЕМИНАР

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари Икром Муслимов томонидан Наманган туманида мамлакатимиз Президентининг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти юзасидан семинар ўтказилди.

Судьялар, тергов тизими ходимлари, аҳоли вакиллари иштирок этган семинарда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, Президент Фармони билан 2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши, шу мақсадда жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими жорий этилгани ҳақида маълумот берилди. Бундан кўзланган мақсад, судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, ишни судга қадар юритишда тарафларнинг тенглиги ва тортишуви принципини амалда таъминлаш, шунингдек, тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилинишига эришишдан иборат эканлиги таъкидланди.

Тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилиб, улар томонидан кўриб чиқиладиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинмоқда. Шунингдек, тергов судьясига 11 турдаги санкциялар ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколати ҳам берилмоқда.

Фикр-мулоҳазалар ҳамда савол-жавобларга бой тарзда ўтган семинар давомида янги ташкил этилаётган тергов судьялари фаолияти билан боғлиқ саволларга батафсил жавоб олинди.