ЮРТ КЕЛАЖАГИ, ХАЛҚ ФАРОВОНЛИГИНИ БЕЛГИЛОВЧИ ҲУЖЖАТ

Айни кунларда мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Конституциявий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнларда суд тизими ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқдалар.

 

Наманган вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан Наманган муҳандислик-қурилиш институтида бўлиб ўтган тадбирда ҳам “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти кенг тушантирилди.

Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси 2023 йилнинг 30 апрель куни ўтказилиши белгиланган умумхалқ референдумига қўйилган.

 

Янги таҳрирдаги Конституция 6 бўлим, 27 боб, 155 моддадан иборат бўлиб:

– биринчи бўлим – Давлат суверенитети;

– иккинчи бўлим – инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари;

– учинчи бўлим – жамият ва шахс;

– тўртинчи бўлим – маъмурий ҳудудий ва давлат тузилиши;

– бешинчи бўлим – Давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши;

– олтинчи бўлим – Конституцияни ўзгартириш тартиби деб номланади.

Янги тахрирдаги Конституция ҳозирда амалда бўлган Конституциядаги моддалардан 27 моддага кўпайган ва 65 фоиз матн янгиланган.

Конституция лойиҳасининг 65-моддасида фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади деб белгиланган. Давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратади, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлайди. Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланади. Хусусий мулк дахлсиздир. Мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳам ва суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмас.

Мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади.  Мол-мулкдан фойдаланиш атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, бошқа шахсларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги керак.

 

67-моддада давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаши белгиланган. Тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади. Монопол фаолият қонун билан тартибга солинади ва чекланади.

 

Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир. Ер қонунда назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкин.

Тадбирда шунингдек, Референдум тушунчаси, унинг ташкилий ва ҳуқуқий масалалари бўйича ҳам тушунтиришлар берилди.

 

Албатта, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун Янги Ўзбекистонимизни янада тараққий этишини, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлашнинг асоси сифатида мулк ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилишни,фуқароларимизни қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилиш кафолатини беради.

Умида Солиева,

Наманган вилоят судининг

фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси