АДОЛАТ КУЙЧИСИГА СУДЬЯЛАРНИНГ ЭҲТИРОМИ

Давлатимиз раҳбари судьялар билан бўлган учрашувда маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмаслиги, шунинг учун ҳам судьялар, юрист кадрларни тайёрлаш ва судьялик лавозимига тайинлашда маънавият масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаган эдилар. Президентимизнинг мазкур фикрларидан келиб чиқиб Наманган вилояти судида мунтазам равишда маънавият ва маърифат тадбирлари ўтказиш анъанага айланган.

Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 112 йиллиги олдидан Наманган вилояти суди томонидан ўтказилган маънавий-маърифий тадбир ҳам судьялар ва суд тизими ходимларининг маънавиятини янада юксалтиришга, уларни китобга, адабиётга, театр санъатига бўлган қизиқишини янада оширишга хизмат қилди.

Дастлаб суд ходимлари Наманган шаҳридаги Усмон Носир музейида бўлиб, у ердаги экспонатлар, шоир ҳаёти ва ижодига оид қўлёзмалар, китоблар билан танишдилар. Айниқса, музейда буюк аждодимизнинг тарихий қўлёзмалари, рисолалари, суратлари мавжудлиги барчада катта таассурот қолдирди.


Шундан сўнг, Наманган шаҳридаги Усмон Носир номли хиёбонда шоир ҳаёти ва ижодига бағишланган адабий-бадиий тадбир ўтказилди. Нуронийлар, суд фахрийлари, шоирнинг авлодлари, судьялар ва тизим ходимлари иштирок этган маънавият тадбирида дастлаб шоир хотирасига ҳурмат бажо келтирилиб, унинг ҳайкали пойига гуллар қўйилди. Сўнг, оташин шоирнинг ҳаёти ва ижодига тўхталиб, унинг болалик, ўсмирлик йиллари, бошидан кечирган оғир кунлари ёдга олинди. Судья ва тизим ходимлари томонидан Усмон Носир шеърларидан намуналар ўқиб эшттирилгани тадбирни чинакам шеърият кечасига айлантириб юборди.

Театр – маънавий тарбия ва маданият масканидир, унда ҳаёт гавдаланади. Шу куни судья ва ходимлар, уларнинг оила-аъзолари вилоят мусиқали драма театрида бўлиб, Иқбол Мирзо асари асосида саҳналаштирилган “Усмон Носир” спектаклини томоша қилдилар.

Спектакл ўткир сюжети, актёрларнинг маҳоратли рол ижроси билан ҳар бир томошабинни ҳаяжонга солди. Буни спектакль якунида янграган олқишлардан ҳам яққол билиш мумкин. Шу куни театрга ташриф буюрган суд тизими ходимлари ва уларнинг оила-аъзолари бой маънавий озуқа олдилар.

Маънавият ва маърифат тадбирларидан олинган таассуротлар нуронийлар ва суд фахрийлари даврасида бир пиёла чой устида давом эттирилди.