Асосий мақсадимиз – оилавий муносабатларини мустаҳкамлаш

Оила жамиятнинг бирламчи бўғини ҳисобланади. Шунга кўра, ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, оила фуқаролик жамиятининг таянч нуқтаси, барқарор ва тинч тузилмасидир. Чунки бу муқаддас даргоҳда нафақат инсон дунёга келади, балки у маънан ва аҳлоқан тарбия топади. Демак, оила жамиятнинг табиий ҳужайраси, ижтимоий асосидир. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади ва тез ривожланади. Зеро, жамият асоси-оиланинг моддий ва ижтимоий жиҳатдан мустаҳкамланиб бориши ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Мустақилликка эришиб, ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти шаклланиш жараёнида Ўзбекистон халқи олдида турган энг долзарб муаммолардан бири оила муносабатларини давр талаблари даражасида такомиллаштириш, унга асос бўлган дунёвий, диний, миллий ва умуминсоний қадриятлардан ижодий фойдаланиш йўлларини аниқлашдан иборат. Шунинг учун ҳам давлатимиз сиёсатида оилада маънавий баркамол, жисмоний соғлом ёш авлодни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбек халқи тарихий тараққиётида миллий қадриятларнинг уйғунлашувига асосланган оилавий муносабатларда вояга етган инсоннинг маънавий-ахлоқий камолоти ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган.
Соғлом оила муҳитида шаклланган инсоф ва адолат туйғуси, иймон, ҳалоллик, хушхулқлилик ва бошқа инсоний фазилатлар шахс маънавий баркамоллигини намоён қилувчи сифатлардир.
Ғарб мамлакатларида демократия намунаси деб баҳоланиб, жаҳонга эскалацияси кучайиб бораётган бир жинсли никоҳнинг ғайриинсоний моҳиятини фош қилишнинг олдини олиш ғоят муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбек халқи турмуш тарзи ва оилавий муносабатларини мустаҳкамлашда исломий қадриятларнинг тарихий аҳамиятини, ундан ижодий фойдаланишда ворислик алоқадорлигига риоя қилиш илмий йўлларини, усулларини тадқиқ қилиш зарурияти кучаймоқда.

Ёшларни турли норасмий диний ҳаракатлар таъсиридан муҳофаза қилиш, ўзининг мустақил ҳаётий позицияси ғоявий иммунитетини шакллантиришда оиладаги соғлом муҳитнинг аҳамияти беқиёс.
Халқимиз азал-азалдан оилани муқаддас даргоҳ деб билади, уни қадрлайди.
Ўз олдига эркин ва демократик жамият қуриш эзгу ниятини қўйган мамлакатимизда оилани мустаҳкамлашга қаратилган барча шарт-шароитлар яратилган бўлиб, улар қонун билан кафотлатланган.
Асосий қонунимиз  бўлган Конституциямизнинг 63-моддасида Оила  жамиятнинг  асосий  бўғини эканлиги  ҳамда  жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги алоҳида эътироф этилган.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси эса оилани мустаҳкамлаш, оналик, оталик ва болаликни давлат томонидан муҳофаза қилиш бўйича конституциявий нормаларга асосланган.
      Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига кўра, никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 40-моддаси талабига кўра, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар судда эр ёки хотиннинг аризасига биноан даъво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда кўрилади.
Никохдан ажратиш ҳақидаги ишни кўришда суд эр-хотинни яраштириш ва оилавий вазиятни соғломлаштириш чораларини кўришга мажбур.
         Эр-хотинни яраштириш чораларини кўришда суд тарафларнинг ёки улардан бирининг илтимосига ёхуд ўз ташаббусига кўра ишнинг кўрилишини бошқа вақтга қолдиришга ва эр-хотинга ярашишлари учун Оила кодексининг 40-моддасида кўрсатилган доирада, яъни олти ойгача бўлган  муҳлат белгилашга ҳақли.
         Суд яраштириш учун берилган муддатда, эр-хотинни яраштириш мақсадида, ажрим нусхаларини улар яшайдиган маҳалла фуқаролар йиғиниига муҳокама қилиш ва яраштириш учун юбориши лозим.
         Судьялар томонидан никоҳдан ажратиш ишларини кўриб чиқишда асосий эътибор имкони борича оилаларни сақлаб қолишга ва етарли асосларсиз никоҳдан ажратишга йўл қуймасликка қаратилмоқда.
         Судьялар никоҳдан ажратиш ишларини кўриб чиқишда оилани барбод бўлганлик сабабларини аниқлаб, эр-хотиннинг нолойиқ хатти-ҳаракати ҳамда оиланинг барбод бўлишига сабабчи бўлган бошқа шахслар устидан алоҳида ажримлар чиқариб, тарбиявий характерга эга бўлган чораларни кўриб, оилавий келишмовчиликларни ечишга ёрдам бериш учун ажрим нусхаларини муҳокама қилиш учун уларнинг иш, ўқиш ёки яшаш жойларидаги маҳалла фуқаролар йиғинларига юбормоқдалар.
         Охирги вақтларда жамиятимизда қонунсиз (шаръий) никоҳлар тузиш ҳолатлари қўпроқ учрамоқда. Қонунсиз никоҳ асосида турмуш қурган хотин-қизларнинг оиладаги ҳуқуқлари бирмунча чекланган ҳолда бўлади. Бундай хотин-қизлар фарзандларига туғилганлик гувоҳномаларини олишда, уй-жойга бўлган бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, турмуш ўртоғининг мулкидан мерос олишда муаммоларга дуч келмоқдалар. Шу сабабли хотин-қизлар турмуш қуришда никоҳни қонуний расмийлаштиришлари лозим бўлади.
Шу билан бирга эр-хотинларларга никоҳ шартномасини тузишларини маслаҳат берамиз. Никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси деб ҳисобланади.
Мазкур шартномани тузиш орқали эр-хотин ўзининг  мулкий ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлайди. Никоҳ шартномасининг тузилиши никоҳ тугатилгандан кейин ҳам собиқ эр-хотинлар ўртасидаги мулкий муносабатларни тартибга солишда муҳимдир.  Яъни, шартномада мулкий муносабатларга оид қоидаларнинг батафсил акс эттирилиши кейинчалик юзага келадиган мулк билан боғлиқ низолар, келишмовчиликларни судгача, тинч йўл билан ҳал этиш имкониятини яратиб, судлашиб юришнинг олди олинади.
Вилоятимизда кейинги вақтлар эр-хотинларни никоҳдан ажралиш ҳолат бирмунча ошган.
Шу сабабли, вилоят суди судьялари, прокуратураси, адлия бошқармаси, туман ва шаҳар ФҲДЁ бўлимлари ходимлари иштирокида ўтказилган тадбирда асосий эътибор оилаларни мустаҳкамлаш, уларда соғлом муҳитни шакллантириш, ажралиш арафасида турган эр-хонтинларни яраштириш чораларини кўриш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Зеро Бизнинг асосий мақсадимиз оилаларни мустаҳкамлашга, уларда соғлом муҳитни вужудга келтиришга,  янги ижтимоий-иқтисодий шароитларда хотин-қизларнинг манфаатларини қўриқлашга, вояга етмаган болаларни ҳимоялашга қаратилгандир.
 
 
Наманган вилояти суди фуқаролик ишлари
бўйича судлов ҳайъатининг судьяси                                      Умида Солиева