Аёл оиласи бағрига қайтди
Судланувчи М.Б. 2021 йил 6 апрель куни “ООО “Номеlands” МЧЖ раҳбари М.Мнинг ишончига кириб, жамиятга тегишли бўлган умумий қиймати 20.500.000 сўмлик 5 дона “ВАOYU” русумли тикув машиналарини кредит шартнома асосида олиб, пулларини банкдан оладиган кредит пулларидан ўтказиб беришлигини айтиб, уни алдаб, шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган фуқарога 12.500.000 сўмга сотиб юбориб, пулларни ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Судда М.Б. айбига тўлиқ иқрор бўлиб, 2021 йил май ойи ўрталарида “Ўрта” МФЙ томонидан кам таъминланган оилалар қаторида бўлганлиги сабабли, “ООО Номеlands” МЧЖ томонидан тикув машиналари тарқатилаётганлигини билгани, кимнинг ушбу дастгоҳларни олиш нияти бўлса, жамият билан шартнома тузишлигини айтишгани, 2021 йил апрель ойи бошларида “ООО Номеlands” МЧЖ билан 5 дона тикув машинасига шартнома қилгани, яшаш хонадонида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишини айтгани, жамият томонидан 15 кундан сўнг унга тикув дастгоҳлари етказиб берилгани, шундан сўнг яшаш хонадонига нотаниш бўлган фуқаро келиб, тикув дастгоҳларини сотишини айтиб, унга нақд пул беришини айтгани, шу вақтда пулга муҳтожлиги сабабли 5 дона тикув дастгоҳининг ҳар бир 2.500.000 сўмдан жами 12.500.000 сўмга сотиб юборгани, пулларни шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборгани, шундан сўнг яшаш хонадонига жамият раҳбари М.Маматқулов келиб, тикув дастгоҳлари пулларини сўрагани, у тикув дастгоҳларини сотиб юборганини айтгани, ҳозирда етказилган зарардан 4.320.000 сўм пулларни қайтаргани, қолган зарарни қоплашга имконияти йўқлигини билдириб, қонуний енгиллик беришни сўради.
М.Б. ўзининг бу ҳараткати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган.
Биринчи нстанция суди М.Б. томонидан етказилган зарар қопланмагани сабабли Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми билан 1 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган.
Суд ҳукми чиқарилганидан сўнг М.Б. ва унинг қариндошлари тўғри хулоса чиқариб, жабрланувчига етказилган зарарни қоплаб, М.Б. томонидан апелляция шикоят, туман пркуорори томонидан апелляция тартибида протест келтирилган.
Наманган вилоят суди апелляция инстанцияси томонидан фуқаро М.Б.нинг шикояти ва туман прокурорининг протести кўриб чиқилди.
Апелляция инстанциясида, жабрланувчи М.М. судланувчи М.Б.нинг турмуш ўртоғи томонидан етказилган моддий зарар тўлиқ қоплангани, судланувчи М.Б.га нисбатан даъвоси йўқлиги, енгиллик беришни сўраб, ариза тақдим этган.
Аппеляция судлов ҳайъати Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2004 йил 21 майдаги 4-сонли “Жазоларни либераллаштириш тўғрисидаги қонунни иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларга нисбатан қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қароридаги тушунтиришларни ҳамда жабрланувчи М.Мга етказилган зарар қоплангани сабабли жиноят ишлари бўйича Янгиқўрғон туман судининг М.Б.га нисбатан чиқарилган ҳукмини ўзгартириб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми билан тайинланган 1 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ўзгартирди.
Илёсжон Усмонов, Наманган вилоят судининг судьяси