ВАТАН УЧУН, МИЛЛАТ УЧУН, ХАЛҚ УЧУН!
Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан давлатимиз мустақиллигининг 34 йиллигига бағишланган байрам тадбири ўтказилди.

Видеоконференцалоқа тарзида барча вилоятларга уланган тадбирда Олий суд раиси Б. Исломов, Судьялар олий кенгаши раиси Х. Ёдгоров ва Судьялар ассоциацияси раиси У. Мингбоев барчани энг улуғ, энг азиз байрам билан муборакбод этиб, “Ватан учун, миллат учун, халқ учун” деган эзгу ғоя асосида суд-ҳуқуқ тизимида ҳам амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталдилар.

Бу борада албатта, давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 21 август куни имзоланган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ҳамда “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлар суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг изчил давоми сифатида судлар учун тарихий ҳужжат бўлганлиги мамнуният билан эътироф этилди.

Байрам табирида бир гуруҳ суд фахрийлари, судьялар ва тизим ходимларига Олий суд раисининг Фармойиши билан таъсис этилган “Бенуқсон хизмати учун” кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар топширилди. Наманган вилоятидан бундай эътирофга вилоят судининг малака ҳайъати котиби Мансуржон Дармонов лойиқ кўрилиб, унга Олий суднинг эсдалик қўл соати топширилди.

Шундан сўнг, Наманган вилояти суди раисининг Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ судьялар ва суд тизими ходимларини рағбатлантириш тўғрисидаги буйруғи ўқиб эшиттирилди. Унга кўра одил судлов фаолиятини амалга оширишга қўшаётган муносиб ҳиссаси, фуқароларнинг суд идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш йўлидаги самарали фаолияти учун бир қатор судьялар, тизим ходимлари вилоят суди раисининг фахрий ёрлиғи ва ташаккурномаси, шунингдек, эсдалик қўл соати билан тақдирландилар. Мукофотларни Наманган вилояти суди раиси ўз эгаларига топшириб, уларни байрам билан қутлади.

Тадбирда шунингдек, навбатдаги мансаб даражалари берилган суд ходимлари эълон қилиниб, муборакбод этилди.