КОНСТИТУЦИЯ ТАРҒИБОТИГА МАСЪУЛМИЗ

Президентимизнинг 2024 йил 17 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойиши билан биз судялар зиммасига ҳам жиддий масъулият юкланди.


Аввало, Асосий қонунимизнинг 32 йиллик тантаналари “Конституция — эркин ва фаровон ҳаёт гарови!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ҳолда ўтказилишини эътироф этиш лозим. Байрам дастурида судлар томонидан амалга оширилиши белгиланган тарғибот тадбирлари ҳам ўрин олган. Хусусан, янгиланган Конституциямиз мазмун-моҳияти ва “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг асосий устувор йўналишлари доирасида белгиланган туб ислоҳотлар ҳақида маҳаллалар, таълим ва меҳнат жамоаларида маърифий учрашув ва суҳбатлар ўтказилади. Бунда эса сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва бу борада эришилаётган натижаларни мустаҳкамлашда янги таҳрирдаги Конституциянинг ўрни ва ролини ҳамюртларимизга халқчил тилда тушунтириб беришимиз лозим.


Бундан ташқари, байрам муносабати билан конституциявий ҳуқуқлар бўйича суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бурчаклари ташкил этилиши белгиланган. Шу орқали биз “Конституция — эркин ва фаровон ҳаёт гарови!” ҳаётий шиорнинг моҳияти ҳамда аҳамиятини, янги таҳрирдаги Конституция асосида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида мутлақо янги босқичга ўтилганини очиб беришимиз зарур.


Судлар зиммасига юкланган яна бир муҳим вазифа бу – фуқаролар кундалик ҳаётида кўп учрайдиган вазиятларда (мулк ҳуқуқи кафолатлари, Миранда қоидалари ва бошқа) Конституция нормаларининг тўғридан-тўғри қўлланилишини жамоатчиликка етказишдир. Дахлдор ташкилот ва муассасалар эса “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси — эркин ва фаровон ҳаёт гарови” шиори остида шаҳар, туман марказларидаги давлат органлари биноларига ўқувчи ва талабаларни саёҳатга олиб келишлари ҳам қайд этилган байрам дастурида. Шу боис судларнинг эшиги ёшларимиз учун очиқ.


“Конституция ойлиги” доирасида суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари учун Конституциянинг қоида ҳамда нормаларини чуқурлаштириб ўргатишга қаратилган ўқув семинарлар ўтказиш ҳам режалаштирилган. Айни тадбир судяларнинг асосий қонунимизга оид билимларини янада ошириши ва мустаҳкамлаши шубҳасиз.


Кези келганда юртдошларимизга асосий қонунимизнинг айрим нормаларини яна бир карра эслатиб ўтишни лозим топдик. Унинг 15- ва 54-моддаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида Конституция ва қонунларнинг устунлиги сўзсиз тан олинади. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир. Давлат инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди.


Шунингдек, 59- ва 60-моддасида барча фуқаролар Конституцияда белгилаб қўйилган бурчларини бажаришлари, фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа инсонларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбур эканликлари ҳам белгиланган.


Нодиржон КИМСАНОВ,

жиноят ишлари бўйича Косонсой

туман судининг судяси