КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ
Наманган вилояти судида коррупцияга қарши кураш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят, туман ва шаҳар судининг судьялари, суд аппарати ходимлари иштирок этдилар.
Дастлаб вилоят суди раиси Алишер Усманов Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси томонидан тасдиқланган “Суд органларида манфаатлар тўқнашуви ва коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш, бартараф этиш ҳамда уларнинг олдини олиш, шунингдек судларда коррупцияга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш буйича 2025 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси” билан барчани таништирди. Мазкур ҳужжатда одил судловни амалга оширишда коррупциянинг олдини олиш, бунинг учун судьялар ва тизим ходимлари ўртасида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгиланган. Ушбу вазифалардан келиб чиқиб Наманган вилояти судлари тизимида ҳам коррупцияга қарши кураш чораларини кучайтириш лозимлиги таъкидланди ва бу бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Йиғилишда суд раислари ва судьялар кейинги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уларнинг моддий таъминотини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидладилар. Бугун ҳар бир судья ва суд ходими ана шу эътибордан келиб чиқиб ўз ишига масъулият билан ёндашиши кераклиги, коррупция, таъмагирлик каби иллатларга қўл урмаслик лозимлиги, бунинг учун эса, энг аввало, фидойилик ва ватанпарварликда ҳаммага намуна бўлиши, доимий равишда ўз билим ва тажрибасини ошириб бориши зарурлигига эътибор қаратдилар. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, одил судловни холис ва беғараз амалга оширишда бор билим ва тажрибаларини аямасликларини билдирдилар.