Наманган вилояти судида ярим йиллик фаолият якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят судининг жиноят, фуқаролик, иқтисодий судлов ҳайъати, туманлараро, туман-шаҳар судлари судьялари иштирок этдилар.
Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов раислик қилган йиғилишда вилоят судининг жиноят, фуқаролик, иқтисодий судлов ҳайъати, туманлараро, туман-шаҳар судларининг 2025 йилнинг биринчи ярмида одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти танқидий таҳлил қилинди. Хусусан, вилоят суди раиси ҳамда ўринбосарлар томонидан жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида кўрилган жиноят, фуқаролик, иқтисодий ишлар таҳлили, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар ҳолати, ижро ва меҳнат интизоми ҳамда ҳуқуқий тарғибот ишлари кенг муҳокама қилиниб, бу борада йўл қўйилган камчиликлар танқид остига олинди. Уларни бартараф этиш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Наманган вилояти судида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари, ахборот хизматлари раҳбарлари, журналистлар иштирок этган анжуманда дастлаб Наманган вилояти суди ҳамда вилоят маъмурий суди раислари томонидан суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, қонунчиликдаги янгиликлар, 2025 йилнинг ўтган даври мобайнида кўрилган жиноят, фуқаролик, иқтисодий ҳамда маъмурий ишлар, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларнинг таҳлили, ҳуқуқий тарғибот ишлари ҳақида маълумотлар берилди.
Тадбирда журналистлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш, одил судловни таъминлаш, қонунийлик ва адолат барқарорлигига эришиш борасида ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Уларнинг савол, таклиф, фикр-мулоҳазаларига суд раислари ва судьялар батафсил жавоблар беришди.
Шундан сўнг, 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Наманган вилояти судлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, суд-ҳуқуқ соҳасини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишга ўз ҳиссасини қўшган журналистларга, шунингдек, тарғибот ишларида фаоллик кўрсатиб келаётган судьяларга ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Наманган вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда семинар машғулоти ўтказилди.
Фуқаролик ишлари бўйича судларнинг судьялари, прокуратура ходимлари иштирок этган семинарда 2024 йилнинг 30 сентябрида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.
Мазкур қонун билан процессуал кодексларга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган бўлиб, маърузачилар фуқаролик судларида прокурор иштирокининг янги босқичи ва қонунларни амалиётга қўллаш масалалари бўйича тушунтириш бердилар. Мазкур йўналишдаги айрим муаммолар муҳокама қилиниб, камчиликларни бартараф этиш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, семинарда Олий суд Пленумининг 2025 йил 29 апрелдаги Қарорлари мазмун-моҳияти тўғрисида ҳам батафсил тушунтиришлар берилди.
Наманган вилояти судида коррупцияга қарши кураш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят, туман ва шаҳар судининг судьялари, суд аппарати ходимлари иштирок этдилар.
Дастлаб вилоят суди раиси Алишер Усманов Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси томонидан тасдиқланган “Суд органларида манфаатлар тўқнашуви ва коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш, бартараф этиш ҳамда уларнинг олдини олиш, шунингдек судларда коррупцияга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш буйича 2025 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси”да белгиланган вазифаларга тўхталиб ўтди. Мазкур ҳужжатда одил судловни амалга оширишда коррупциянинг олдини олиш, бунинг учун судьялар ва тизим ходимлари ўртасида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгиланган. Ушбу вазифалардан келиб чиқиб Наманган вилояти судлари тизимида ҳам коррупцияга қарши кураш чораларини кучайтириш лозимлиги таъкидланди ва бу бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Шу билан бирга, йиғилиш давомида судлар томонидан ишларни кўришда йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар, ижро интизоми танқидий таҳлил қилиниб, фаолият самарадорлигини ошириш бўйича зарур тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Бугун мамлакатимизда меҳнат фахрийларини эъзозлаш, уларга эътибор кўрсатиш эзгу анъанага айланди. Бунда эса давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Инсон қадри учун, инсон бахти учун биргаликда ҳаракат қилиш” мақсади мужассам. Судьялар олий кенгаши томонидан ҳам яхши ташаббусга қўл урилиб, узоқ йиллар суд тизимида самарали фаолият олиб борган фахрийларнинг ҳаёти ва фаолияти акс этган маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар ўтказилмоқда.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида Учқўрғон туманидаги 15-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтган ана шундай тадбир таълим муассасасининг собиқ ўқувчиси, суд фахрийси Абдурасул Эрановнинг ибратли ҳаёт йўлига бағишланди.
Учрашувда Судьялар олий кенгаши, Наманган вилояти суди судьялари, суд ва прокуратура фахрийлари, туман раҳбарлари ва ёшлар иштирок этдилар.
Дастлаб меҳмонлар синф хонасида бўлиб, бу ерда собиқ ўқувчининг устозлари ва синфдошлари билан суҳбатлашдилар. Самимий мулоқотларда болалик чоғлари, мактаб даврлари эсга олинди.
Тадбирнинг асосий қисмида сўзга чиққан суд, прокуратура фахрийлари, судьялар Абдурасул Эрановнинг шонли ҳаёт йўли, ибратли фаолияти ҳақида сўзлаб бердилар. Устознинг бой тажрибаси барча судьялар учун ибрат мактаби, умр йўли эса ёшларга чин ҳавас эканлигини алоҳида таъкидладилар.
Юзма-юз мулоқотда йигит-қизлар мактабнинг собиқ ўқувчисига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Уларнинг саволларига ҳаётий мисоллар, амалиётда учрайдиган воқеа-ходисалар билан жавоб қайтарилгани ёшларни суд тизимига, судьяликка бўлган қизиқишини оширди.
Шу куни Судьялар олий кенгаши томонидан таълим муассасасига А.Эрановнинг меҳнат фаолияти акс этган махсус пешлавҳа тақдим этилди. Бу судьялар ҳамжамиятининг мазкур умумтаълим мактабига ҳурмат ва эҳтиром рамзи бўлиб, ушбу даргоҳдан яна кўплаб эл ардоғидаги инсонлар етишиб чиқишига билдирилган ишонч ҳам ҳисобланади.
Учрашувда мактаб жамоаси, ўқитувчи ва ўқувчиларга Судьялар олий кенгаши, вилоят суди ҳамда А.Эранов томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. Шу куни меҳмонлар мактаб ҳовлисига манзарали дарахт кўчатлари экиб, таълим муассасаси ободончилигига ўз ҳиссаларини ҳам қўшдилар.
Бугунги кунда рақамли технологияларнинг ривожланиши бир қатор қулайликларни яратиши билан бирга, айрим хавф-хатарларга, хусусан турли кибержиноятларга ҳам сабаб бўлмоқда.
Шу мақсадда жорий йилнинг 23-24 апрель кунлари Наманган вилоятида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЙХҲТ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Судьялар олий кенгаши ва Судьялар олий мактаби томонидан “Кибержиноятлар бўйича рақамли далиллар билан боғлиқ ишларни самарали кўриб чиқиш” мавзусида тренинг ўтказилди.
Наманган вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати, туман-шаҳар судлари судьялари иштирок этган тренингда кибержиноятлар бўйича рақамли далиллар билан боғлиқ ишларни самарали кўриб чиқиш, бу борадаги хорижий тажрибаларни амалиётда қўллаш, шунингдек трансмиллий суриштирувлар билан ишлаш кўникмаларини шакллантириш бўйича судьяларнинг малакаси оширилди.
Тренингда Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси мутахассислари томонидан “Ўзбекистон Республикасида кибержиноятчилик аҳволи”, “Кибержиноятчиликка қарши курашишнинг миллий-ҳуқуқий асослари”, “Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятлар юзасидан тўпланган рақамли далилларга тўғри баҳо бериш ва мақбуллигини таъминлаш” мавзуларида маърузалар қилиниб, иштирокчилар рақамли криминалистиканинг замонавий имкониятлари билан таништирилди. Тренинг якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси ҳамда Наманган вилояти суди ташаббуси билан Ички ишлар вазирлигининг Наманган академик лицейида амалий Конференция ва ёшлар билан учрашув ўтказилди.
Дастлаб “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури ижроси юзасидан келиб чиқадиган вазифаларни судьялар фаолиятига татбиқ этиш бўйича ишлаб чиқилган алоҳида дастур бўйича сўз юритилди. Судьялар ушбу дастурда белгиланган муҳим вазифаларга тўхталиб, уларни амалга оширишга доир чора-тадбирлар ҳақида маълумот бердилар.
Шундан сўнг, Наманган вилояти суди раиси, суд фахрийлари ҳамда акдемик лицей ўқувчилари иштирокида “Судья ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Очиқ мулоқот, самимий суҳбат тарзида кечган учрашувда вилоят суди раиси Алишер Усманов, суд фахрийлари ўқувчилик ва талабалик йилларини эсга олиб, Янги Ўзбекистон ёшларига яратиб берилаётган бугунги шароитларни эътироф этдилар. Судьялик касбининг адолатни, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашдаги аҳамияти, келгусида мазкур тизимда фаолият олиб боришни истаган ёшлар мустаҳкам билим олишга интилиши, ўз устида ишлаши зарурлигини таъкидладилар.
Ички ишлар вазирлигининг Наманган академик лицейида таълим олаётган ўқувчилар орасида суд-ҳуқуқ соҳасига қизиқувчилар кўпчиликни ташкил этади. Айни жиҳатдан, юзма-юз мулоқотда йигит-қизлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан меҳмонларга мурожаат қилдилар. Уларнинг саволларига ҳаётий мисоллар, амалиётда учрайдиган воқеа-ходисалар билан жавоб қайтарилгани бўлажак ҳуқуқшуносларни суд тизимига, судьяликка бўлган қизиқишини оширди.
Жонли мулоқотларга бой ўтган учрашув якунида вилоят суди раиси томонидан таълим муассасасига Наманган вилояти судларининг “Мозийга бир назар…” номли китоб-албоми совға қилинди.
Учрашувдан сўнг меҳмонлар академик лицейда ташкил этилган “Жасорат” музейида бўлдилар. Экскурсия давомида судья ва суд фахрийлари ички ишлар органларининг шонли тарихини акс эттирувчи манбалар, музей фондидаги нодир экспонатлар, тарихий ҳужжатлар ҳамда миллий меросга оид маълумотлар билан яқиндан танишдилар.
Айтиш жоизки, таълим муассасасида ташкил этилган “Судья ва ёшлар” учрашуви эртанги фаолиятини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, давлат ташкилотлари билан боғлаш ниятидаги кўплаб йигит-қизларга ўзига хос мотивация бўлди.
Суд ҳужжатлари ижросини ўз вақтида таъминланиши фуқароларнинг судга бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва уларнинг манфаатларини кафолатли ҳимоя қилишда муҳим ўринга эга.
Айни жиҳатдан, Наманган вилояти прокуратурасида ташкил этилган амалий семинар ҳам фуқаролик судлари ҳужжатлари ижросини ўз вақтида таъминлаш, бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга бағишланди.
Унда фуқаролик ишлари бўйича судларнинг судьялари, прокуратура ва мажбурий ижро бюроси ходимлари иштирок этдилар.
Мулоқотларда асосий эътибор суд қарорлари ижросини ўз вақтида таъминлаш, ижро ҳужжатларини қайтарилишига сабаб бўлаётган омилларни ўрганиш ва уларга барҳам беришга қаратилди.
Мазкур масалалар юзасидан судьялар, мажбурий ижро бюроси ходимларининг амалиётда учраётган ҳолатлар бўйича маърузалари эшитилди. Якунда ижро самарадорлигини ошириш, иш сифатини яхшилаш мақсадида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш ҳамда суд қарорлари ижросини вақтида таъминланишига тўсиқ бўлаётган камчиликларни қонун доирасида бартараф этиш бўйича режалар белгилаб олинди.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2025 | Наманган вилоят суди