Наманган вилояти судида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди.
Одил судловни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган анжуманда Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, қонунчиликдаги янгиликлар, 2024 йилнинг ўтган даврида кўрилган жиноят, фуқаролик, иқтисодий ишлар, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларнинг таҳлили, ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ҳамда соҳага оид бошқа маълумотлар ҳақида журналистларга маълумот берди.
Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш, одил судловни таъминлаш, қонунийлик ва адолат барқарорлигига эришиш борасида ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Уларнинг савол, таклиф, фикр-мулоҳазаларига суд раислари ва судьялар батафсил жавоблар беришди.
Шундан сўнг, 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Наманган вилояти суди билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, суд-ҳуқуқ соҳасини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишга ўз ҳиссасини қўшган журналистларга ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда янгича тизим яратилиб, жойларда сайёр қабуллар ташкил этилаётгани фуқароларни ўйлантираётган кўплаб масалаларнинг ижобий ечим топишига сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Наманган вилоятининг Косонсой туманида ташкил этилган навбатдаги сайёр қабулда юртдошларимизнинг суд-ҳуқуқ йўналишидаги мурожаатлари эшитилди.
Олий суд раисининг ўринбосари Шуҳрат Полвонов раҳбарлигида бўлиб ўтган қабулларда фуқароларнинг жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судлар билан боғлиқ 51 та мурожаатлари кўриб чиқилди. Шундан Олий суд раиси ўринбосари 25 нафар фуқаронинг суд-ҳуқуқ масалаларига доир мурожаатларини ўрганган бўлса, Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов 19 нафар, вилоят маъмурий суди раиси Зарипахон Қурбонова 7 нафар фуқаронинг мурожаатларини тинглади.
Мурожаатларнинг 33 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилиб, 10 га яқин мурожаат юзасидан ариза ва шикоятлар Олий суд томонидан ўрганиш учун қабул қилиб олинди. 8 та мурожаат жойида ўз ечимини топди.
Шунингдек, сайёр қабул давомида ўтказилган сайёр суд мажлисларида содир қилган жиноий қилмиши учун суд ҳукми билан жазони ўтаётган 12 нафар фуқаро қилмишидан пушаймонлиги, тегишли хулоса чиқарганлиги, тузалиш йўлига қатъий ўтганлиги муносабати билан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.
Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан иш ҳақи, алимент ундириш бўйича мурожаатлар ўрганилиб, суд буйруқлари чиқарилди ва ижрога қаратилди. Ажрашиш ёқасига келиб қолган оилалар билан суҳбат ўтказилиб, 2 та оила яраштирилди.
Наманган вилоятидаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари ва суд раислари тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Унда вилоятимиздаги йирик тадбиркор ва ишбилармонлар, кичик бизнес вакиллари иштирок этдилар.
Мулоқотда тадбиркорларга қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш масалаларига эътибор қаратилди. Айни жиҳатдан, тадбиркорлик субъекти вакилларининг суд, прокуратура, ички ишлар, солиқ, божхона идораларига мурожаат қилиш билан боғлиқ ҳуқуқлари тушунтирилиб, мазкур тизимларда бизнес эгаларига кўрсатилаётган амалий ёрдамлар ҳақида маълумот берилди.
Самимий руҳда кечган юзма-юз мулоқотда тадбиркорлар фаолиятлари билан боғлиқ турли масалаларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган раҳбарларига мурожаат қилиб, ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар ва ҳуқуқий тушунтиришлар олдилар.
Фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалаларига доир мурожаатларини ўрганиш, уларни қийнаётган муаммоларни ижобий ҳал этишга кўмаклашиш. Айни мақсадда Наманган вилояти суди ва вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари иштирокида ўтказиб келинаётган сайёр қабулларнинг бу галгиси Наманган туманида бўлиб ўтди.
Тумандаги «Катта Тошбулоқ» маҳалласида ташкил этилган қабулларда Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов иштирок этиб, аҳоли вакилларининг суд тизимига доир мурожаатларини тинглади.
Сайёр қабулда 21 нафар фуқароларнинг жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судларга оид мурожаатлари кўриб чиқилди. Уларнинг 17 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилган бўлса, 4 та мурожаат шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди.
Қабул доирасида бўлиб ўтган жиноят ишлари бўйича Наманган тумани судининг сайёр суд мажлисида Пробация гуруҳи ҳисобида турувчи назорат остидаги шахсларнинг 9 нафари муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.
Юртимизда қай бир соҳада бўлмасин фахрийларни эъзозлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш эзгу қадриятга айланган. 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида мазкур анъана янада кенг қулоч ёзади. Сана муносабати билан Наманган вилояти суди томонидан ўтказилган маънавий-маърифий тадбир ҳам узоқ йиллар элу юртга хизмат қилган нуронийлар ва суд фахрийларини бирлаштирди.
Чортоқ туманидаги сўлим масканда бўлиб ўтган тадбирда “Нуроний” жамғармаси вилоят кенгаши раиси, сенатор Икромхон Нажмиддинов, меҳнат фахрийси Ботирали Ҳакимов, суд фахрийлари ва судьялар иштирок этдилар. Меҳмонлар дастлаб “Короскон тарихий музейи”ни айланиб, бу ердаги тарихий экспонатлар, ўтмишдан сўзловчи осори-атиқалар, кўҳна китоблар билан танишдилар. Тадбирнинг асосий қисмини Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов очиб, барча фахрийларни 9 май – Хотира ва қадрлаш куни билан муборакбод этди. Шу ерда байрамга муносиб туҳфа сифатида Наманган вилоятида судлар тарихига бағишлаб ёзилган “Мозийга бир назар…” номли китоб-альбом тақдимоти ҳам ўтказилди. Вилоят суди раиси мазкур китоб ҳақида гапириб, унда келтирилган тарихий манбалар ва шахсларнинг суд тизимидаги ўрни ва аҳамиятига алоҳида тўхталди.
Тадбирда сўз олган фахрийлар кейинги йилларда мамлакатимизда суд идоралари ҳамда судьяларга қаратилаётган эътибор хусусида гапириб, мазкур жараёнларда айниқса, тизимда кўп йиллар меҳнат қилган фахрийларни қўллаб-қувватлаш борасида ижобий ишлар олиб борилаётганини таъкидладилар. Ушбу фикрлар тасдиғини одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилган судьялар учун “Суд фахрийси” кўкрак нишони жорий этилганида ҳам кўриш мумкин. Хотира ва қадрлаш куни байрами арафасида ана шундай соҳа фидойилари Маҳмуджон Қурбонов ҳамда Файзулла Жалилов “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирландилар. Тақдирлаш маросими Чортоқ туманида ўтказилишининг ҳам ўзига хос рамзий маъноси бор. Зеро, бундан 43 йил муқаддам Маҳмуджон Қурбонов айнан шу туман судида фаолият олиб бориб, одил судловни таъминлашга ўз ҳиссасини қўшган. Шу боис ҳам суд фахрийсига кўкрак нишонини ўша вақтда туман раҳбари бўлган Ботирали Ҳакимов топширди.
Тантанали тадбирда шунингдек, узоқ йиллар суд тизимида самарали фаолият олиб бориб, кўплаб шогирдлар тарбиялаган, айни кунларда қутлуғ 50 ёшни қарши олган жиноят ишлари бўйича Чуст тумани судининг архив мудири Дилоромхон Раҳимовага Олий суд раисининг фахрий ёрлиғи ҳамда вилоят суди раисининг табрикномалари топширилди.
Якунда суд фахрийларига эъзоз ва эҳтиром кўрсатилиб, уларнинг ҳар бирига судлар тарихига бағишлаб ёзилган “Мозийга бир назар…” номли китоб-альбом ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Самимий суҳбатлар санъаткорларнинг куй-қўшиқлари оҳангида, бир пиёла чой устида давом эттирилди.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2024 | Наманган вилоят суди