Маҳаллаларда учрашувлар ўтказилди
Давлатобод туманининг “Умид”, “Истиқлол” ва “Давлатобод” маҳалла фуқаролар йиғинларида Наманган вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг раиси А.Сафаев иштирокида хотин-қизларга нисбатан оилавий зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик ва бундай салбий ҳолатларни олдини олиш чоралари, никоҳдан ажралиш ҳолатларини ҳамда оилада содир этилаётган ҳуқуқбузарликларни олдини олиш масалалари бўйича аҳоли ўртасида учрашувлар бўлиб ўтди.
Охирги вақтларда жамиятимизда кўплаб аёлларни оилавий зўравонликка учраш ҳолатлари кузатилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг 02.09.2019 йилдаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунида оилавий зўравонлик деганда нафақат жисмоний зўравонликни, балки жинсий, иқтисодий руҳий ва маънавий зўравонлик ҳам назарда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 109, 105, 104-моддаларида қасддан баданган енгил, ўртача оғирликдаги, оғир ва ўта оғир тан жароҳатлари етказганлик учун тегишли жазо чоралари белгиланганлигини. ЖКнинг 103-моддасида эса шахсни ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш учун ҳам қатъий жазо чоралари белгиланганлигини, бундай ҳаракатлар шахсни қўрқитиш, унга раҳмсиз муомала қилиш ёки унинг шаъни ва қадр-қимматини муттасил равишда камситиш натижасида содир қилинмоқда.
Вилоятимизда оилавий зўравонликга учраган хотин-қизларнинг ҳисоби олиб борилмоқда. Уларга ҳуқуқни мухофаза қилиш идоралари (ИИБ) томонидан ҳимоя ордерлари берилиб, моддий, маънавий ва психологик ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Асосий қонунимиз бўлган Конституциямизнинг 63-моддасида Оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги алоҳида эътироф этилган.
Судлар томонидан никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни кўришда асосий эътибор ёш оилаларнинг ва вояга етмаган фарзандлари бўлган эр-хотинларнинг никоҳларини мустаҳкамлашга ва уларнинг барқарорлигини сақлаб қолишга қаратилмоқда.
Наманган вилояти суди никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни кўришда Наманган вилояти, туман ва шаҳар ҳокимликлари, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш, оила ва хотин-қизлар бўлимлари ва маҳалла фаолларни билан ҳамкорликда иш юритмоқда.
Кўрилган чораларга қарамасдан вилоятимизда судларнинг ҳал қилув қарорлари асосида никоҳдан ажратиш ҳолатлари бирмунча ошган.
Судлар томонидан оилаларни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор ҳуқуқий тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Ажралиш арафасида турган кўплаб эр-хотинларни яраштиришга эришдик. Бироқ бу борада ҳамкорликдаги ишларимизни янада кучайтиришимиз шарт.
Шунингдек, оиладаги нотинчлик оқибатида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар келиб чиқаётганлигини, бу борада ҳам тегишли профилактик ишларни кучайтиришмиз, фарзандларимиз тарбиясига масъул бўлишимиз, уларни турли экстремистик оқимлар гирдобига тушиб қолмасликларидан сақлашимиз лозим.
Жамиятимизда қонунсиз никоҳ асосида турмуш қурган хотин-қизларнинг оиладаги ҳуқуқлари бирмунча чекланган ҳолда бўлади. Бундай хотин-қизлар фарзандларига туғилганлик гувоҳномаларини олишда, уй-жойга бўлган бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, турмуш ўртоғининг мулкидан мерос олишда муаммоларга дуч келмоқдалар. Шу сабабли хотин-қизлар турмуш қуришда никоҳни қонуний расмийлаштиришлари лозим бўлади.
Шу билан бирга эр-хотинларларга никоҳ шартномасини тузишларини маслаҳат берамиз. Никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси деб ҳисобланади.
Мазкур шартномани тузиш орқали эр-хотин ўзининг мулкий ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлайди. Никоҳ шартномасининг тузилиши никоҳ тугатилгандан кейин ҳам собиқ эр-хотинлар ўртасидаги мулкий муносабатларни тартибга солишда муҳимдир. Яъни, шартномада мулкий муносабатларга оид қоидаларнинг батафсил акс эттирилиши кейинчалик юзага келадиган мулк билан боғлиқ низолар, келишмовчиликларни судгача, тинч йўл билан ҳал этиш имкониятини яратиб, судлашиб юришнинг олди олинади.
Учрашувлар давомида иштирокчиларга мавзулар бўйича вилоят суди томонидан ишлаб чиқилган қўлланмалар ҳам тарқатилди.
Наманган вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича
судлов ҳайъатининг судьяси У.Солиева