МУСТАҲКАМ ОИЛА – ЖАМИЯТ ТАЯНЧИ

Наманган вилояти суди ташаббуси билан Наманган шаҳар оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамда бошқа дахлдор ташкилотлар ҳамкорлигида “Мустаҳкам оила – жамият таянчи” мавзусида семинар ташкил этилди.

Наманган вилояти маъмурий суди раиси, фуқаролик судлари раислари ва судьялар, Наманган шаҳридаги имом-хатиблар, отинойилар, хотин-қизлар фаоллари иштирокида ўтказилган тадбирда оилаларни мустаҳкамлаш, оилавий низо ва ажралишларнинг олдини олиш, хотин-қизларга нисбатан бўладиган зўравонликларга қарши курашиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини суд томонидан ҳимоя қилинишини таъминлашга доир масалалар хусусида сўз юритилди.

Хусусан, Наманган вилояти маъмурий суди раиси З.Қурбонова оиланинг миллий қадрият ва урф-одатларимизни ўзида мужассам этган муқаддас маскан эканлигини таъкидлаб, унинг мустаҳкамлигини сақлаш, ҳар бир оила учун муносиб турмуш шароитини яратиш, ажримларнинг олдини олиш бугунги кундаги энг устувор вазифалардан бири эканлигига эътибор қаратди.

Тадбирда оила судьялари томонидан никоҳдан ажратиш билан боғлиқ фуқаролик ишлари бўйича суд амалиёти бўйича тушунтириш берилиб, мазкур жараёнда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, оилавий, маиший зўравонлик билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича тергов судьялари маълумот бердилар.

Семинарда шунингдек, имом-хатиблар ва отинойилар, маҳалла фаоллари оилавий муносабатларни мустаҳкамлашда нималарга эътибор қаратиш лозимлиги, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Семинар якунида иштирокчиларнинг саволларига судьялар томонидан батафсил жавоб берилди. Шунингдек, ҳамкорликда олиб бориладиган ишлар бўйича вазифалар белгилаб олинди.