МУҚАДДАСДИР ВАТАН БАЙРОҒИ
Наманган вилояти судида 18 ноябрь — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан тадбир ўтказилди.
Видеоконференцалоқа тарзида барча туманларга уланган тадбирда манбашунос-журналист Раҳимжон Ирисов Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг яратилиш тарихи, унинг давлат бошқарувидаги аҳамияти, муқаддас рамзимиздаги ранглар, тасвирларнинг мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтди. Хоразмшоҳлар, Темурийлар, Бобурийлар давлатининг ҳам ўз байроғи бўлганлиги, буюк саркардалар Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур каби аждодларимиз давлат байроғини кўз қорачиғидек асраб-авайлашгани таъкидланди. Бу – юрт байроғи нақадар муқаддас ва ғурур-ифтихор рамзи эканидан далолатлиги эътироф этилди.
Тадбирда сўз олганлар юртимиз байроғи нафақат Ўзбекистон Республикаси давлат рамзи, балки халқимизнинг, шу юртда туғилиб яшаётган турли миллат ва элатларнинг тинчлиги, ҳамжиҳатлиги тимсоли эканлигини таъкидладилар.