НАМАНГАН ВИЛОЯТИ СУДИ РАИСИ ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШДИ
Наманган вилояти судида тизимда ишлаётган ёшлар ва амалиётчи талабалар билан учрашув бўлиб ўтди.
Вилоят суди раиси Алишер Усманов иштирокида ўтказилган учрашувда ватанпарварлик, касбга садоқат, коррупцияга қарши кураш мавзуларида сўз юритилди.
Мамлакатимизда барча соҳалар қатори суд тизимида ҳам юқори малакали, чуқур билим ва кўникмаларга эга кадрларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланиб, талаба-ёшларнинг суд тизимида махсус амалиётини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича “Бўлажак суд ходимлари” клуби жорий этилган.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда вилоят суди раиси соҳадаги ислоҳотларга тўхталиб, судьялик касбининг адолатни, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашдаги аҳамияти ҳақида гапирди. Келгусида мазкур тизимда фаолият олиб боришни истаган ёшлар мустаҳкам билим олишга интилиши, маънавиятли, кенг дунёқарашга эга бўлиши зарурлигига эътибор қаратди.
Салоҳиятли, ҳар томонлама малакали суд кадрларининг шаклланиши судларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайди. Бу ўринда эса суд тизимида фаолият олиб бораётган ҳар бир ходим касбий одоб-ахлоқ қоидалирга риоя қилган ҳолда, ўзига бириктирилган вазифаларни сидқидилдан адо этиши, мазкур жараёнда таъмагирлик, коррупция каби иллатларга қўл урмаслиги лозимлиги таъкидланди.
Юзма-юз мулоқотда ёшлар суд тизими ҳам шарафли, ҳам масъулиятли соҳа эканини чуқур ҳис қилган ҳолда тизимга ҳар томонлама лойиқ бўлиш, коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириб, фидойилик билан фаолият олиб боришларини билдирдилар.