СЕМИНАР-ТРЕНИНГ
Мамлакатимизда гендер тенглиги масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган. Бу масала миллий қонунчилигимизда ҳам ўзининг теран ифодасини топган. Шу боисдан гендер тенглигини таъминлаш, гендер зўравонлигининг олдини олиш энг долзарб вазифалардан биридир.
Тошкент вилоятида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўйича бош консультантлари учун “Гендер зўравонлик билан боғлиқ суд жараёнларини ёритишда нималарга эътибор бериш керак?” мавзусида ўтказилган икки кунлик ўқув семинар-тренинг ҳам айнан шу вазифалар ижросини таъминлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамиятлидир.
Олий суд, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда “East-West Management Institute” (EWMI) нодавлат нотижорат ташкилотининг Ўзбекистондаги филиалининг “Суд тизимини мустаҳкамлаш” (JSSA) қўшма лойиҳаси билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбирда иштирокчиларга гендер концепцияси ва гендер тенглик моҳияти бўйича атрофлича маълумот берилди.
Тренингда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда гендер зўравонлигига оид масалаларни ёритиш амалиёти таҳлил қилиниб, бу борадаги гендер стереотиплар ва нотўғри тушунчаларни бартараф этиш йўллари бўйича фикр алмашилди.
Малакали тренерлар томонидан вилоят судларининг матбуот котиблари хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ билан боғлиқ суд жараёнларини ёритишда гендер сезгирлик нормалари ва андозалари билан таништирилди.
Бундан ташқари, иштирокчилар ижтимоий тармоқларда зўравонликка қарши самарали курашиш омилларини интерактив тақдимотлар ва амалий машғулотлар воситасида муҳокама қилдилар.