СУДЛАР ФАОЛИЯТИ САРҲИСОБ ҚИЛИНДИ

Наманган вилояти судлари томонидан 2024 йилда одил судловни таъминлаш борасида қандай ишлар амалга оширилди? Суд мажлисларини ёритишда қандай тартиблар бор? Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топишга қайси суд ваколатли? 

Наманган вилояти судида бўлиб ўтган вилоят судларининг 2024 йилдаги фаолият якунларига бағишланган матбуот анжуманида иштирокчилар шу каби саволларга батафсил жавоб олдилар. 

Оммавий ахборот воситалари вакиллари, ахборот хизматлари раҳбарлари, журналист ва блогерлар иштирок этган анжуманда дастлаб Наманган вилояти суди ҳамда вилоят маъмурий суди раислари томонидан суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, қонунчиликдаги янгиликлар, 2024 йил давомида кўрилган жиноят, фуқаролик, иқтисодий ҳамда маъмурий ишлар, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларнинг таҳлили, ҳуқуқий тарғибот ишлари ҳамда соҳага оид бошқа маълумотлар ҳақида ахборотлар очиқланди.

Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш, одил судловни таъминлаш, қонунийлик ва адолат барқарорлигига эришиш борасида ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Уларнинг савол, таклиф, фикр-мулоҳазаларига суд раислари ва судьялар батафсил жавоблар беришди.

Жараён аниқ далиллар, фаолиятга оид таҳлилий маълумотлар, одиллик ва шаффофликни таъминлашда эътибор қаратилаётган жиҳатларга оид масалалар билан қизғин ўтди.


Наманган вилояти судининг

жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими