СУДЬЯЛАР ВА АДВОКАТЛАР УЧРАШУВИ
Суд амалиётидан маълумки, ишни холисона кўришда, адолатни қарор топтиришда адвокатларнинг ўрни муҳим. Шундай экан, ҳимоячилар билан ваколат доирасида доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш суд жараёнида баъзан учрайдиган тушунарсиз ҳолатларнинг олдини олади.
Айни жиҳатдан, Наманган вилояти суди ҳамда Адвокатлар палатаси вилоят худудий бошқармаси ташаббуси билан судьялар ва адвокатлар учрашуви ўтказилди.
Унда Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов, Адвокатлар палатаси вилоят худудий бошқармаси бошлиғи Ўктамжон Жамолов, судьялар ҳамда вилоятда фаолият кўрсатаётган адвокатлар иштирок этдилар.
Мулоқотда суд тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, соҳавий тартиб-таомиллар ва қонунчиликдаги ўзгаришларни аҳолига тўғри етказишда адвокатларнинг ўрни муҳим эканлиги таъкидланди. Ана шулардан келиб чиқиб, суд жараёнларида учраб турувчи айрим муаммоли ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Бу борада адвокатлар дуч келаётган ва ўз навбатида одил судловни таъминлашга тўсиқ бўлаётган камчиликлар ҳам рўй-рост ўртага ташланди.
Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов суд амалиётида адвокатлар билан юзага келаётган ана шундай муаммоларга атрофлича тўхталиб, камчиликларни бартараф этиш юзасидан ишлар олиб борилаётганини айтиб ўтди. Хусусан, айрим суд биноларида адвокатлар учун етарли шароитлар яратилмагани, суд мажлисларининг белгиланган вақтда бошланмаслиги оғриқли нуқта эканини таъкидлаб, уларнинг сабабларини тушунтириб ўтди ва бу борада аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинганини таъкидлади.
Шунингдек, адвокатлар суд процессида ҳар бир хатти-ҳаракатини касб этикаси доирасида амалга оширишлари кераклиги таъкидланди.
Очиқ, самимий, савол-жавобларга бой тарзда ўтган мулоқот якунида мана шундай учрашувларни ўтказиб туришга келишиб олинди.