СУДЬЯЛАР “ЯШИЛ МАКОН” УМУММИЛЛИЙ ЛОЙИҲАСИДА ИШТИРОК ЭТДИЛАР
Мамлакатимиз бўйлаб кенг кўламда ўтказилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Наманган вилояти суди жамоаси эзгу ташаббусга қўл урди.
Тўрақўрғон туманидаги “Шоҳидон нурли диёр” массивида жойлашган ҳудудда “Судьялар боғи” ташкил этилиб, манзарали дарахт кўчатларини экиш ишлари олиб борилди.
Ўзбекистон Қаҳрамони Халчахон Мирзаева, фахрийлар, Наманган вилояти судининг судьялари, суд ходимлари жам бўлган кўчат экиш акциясида дастлаб вилоят суди раиси Алишер Усманов “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг аҳамияти хусусида гапириб, мазкур лойиҳа юртни янада обод этиш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашда муҳим эканини таъкидлади. Шундан сўнг нуронийларнинг дуолари билан кўчат экишга киришилди.
Шу куни мазкур акцияда вилоят, шаҳар, туман судларининг 200 нафардан ортиқ судья ва ходимлари иштирок этдилар. Улар 1000 тупга яқин ясень, каталпа, клён, япон сафураси каби манзарали дарахт кўчатларини ўтқаздилар.
Акция давомида онахонлар ва судья аёллар томонидан қатлама, сомса каби миллий пишириқлар пиширилиб, дастурхонга тортилди.
Тадбир доирасида Тўрақўрғон туманидаги 5-сонли умумтаълим мактабида ҳам дарахт экиш акцияси ташкил этилди. Наманган вилояти суди раиси ва судьялар мактаб ҳовлисига 20 туп манзарали дарахт кўчатлари ва турли хил гулларни экиб, таълим муассасаси ободлигига ўз ҳиссаларини қўшдилар.
Шу куни тумандаги “Тошкент” маҳалласида яшовчи кам таъминланган оила вакилларининг ҳам холидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Хонадонлар ҳовлисига бодом, шафтоли, олма, ўрик каби мевали дарахт кўчатлари экилиб, кўнгиллар шод этилди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги тадбирлар вилоятдаги барча суд идораларида давом этмоқда.