ТАБИАТНИ АСРАШ — УМУМИЙ БУРЧИМИЗ

Ҳозирги глобал тараққиёт даврида инсоният олдида турган энг долзарб масалалардан бири — атроф-муҳит муҳофазаси. Дунёда иқлим ўзгариши, сув тошқинлари, ўрмон ёнғинлари, чанг-бўронлар каби табиий офатлар тез-тез содир бўлиши бу муаммонинг жиддийлигидан далолатдир. Озон қатламининг емирилиши, чучук сув манбаларининг камайиши, чўлланиш ва биохилма-хилликнинг йўқолиши каби ҳолатлар эса инсоният олдида экологик хавфнинг қанчалик катта эканини кўрсатади.


Ўзбекистонда атроф-муҳит муҳофазасига катта эътибор қаратилмоқда. “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун, Ер, Сув, Ўрмон, Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш ҳақидаги қонунлар экологик хавфсизликнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб берди. Шунингдек, Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик кодексларида атроф-муҳитга зарар етказиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун аниқ чоралар белгиланган.


Алоҳида аҳамиятга молик ҳужжатлардан бири — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 апрелдаги қарори ва унга асосан қабул қилинган Низомдир. Унга кўра, атмосферага зарарли моддалар чиқарувчи, оқова сувларини ифлос ҳолда тўкувчи ёки чиқиндиларни белгиланмаган жойга жойлаштирувчи субъектлар компенсация тўловлари тўлайди. Бу маблағлар эса яна табиат муҳофазаси йўлида сарфланади.


Иқтисодий судларда ана шундай тўловларни ундиришга оид ишларнинг кўриб чиқилиши амалиётда тобора кўпаймоқда. Судлар бу жараёнда қонун устуворлигини таъминламоқда.


Суд амалиётидан бир мисол: Жиноят ишлари бўйича судлар ҳам экологик ҳуқуқбузарликларга нисбатан қатъий чора кўрмоқда. Масалан, яқинда Наманган вилоятида фермер хўжалиги раҳбари қимматбаҳо чинор дарахтларини рухсатсиз кесгани учун жавобгарликка тортилди ва давлат фойдасига юз миллионлаб зарарни қоплаш мажбурияти юкланди. Бу каби ишлар ҳар бир фуқарога: “Табиатга қаратилган ҳар бир тажовуз жазосиз қолмайди”, деган ҳақиқатни ёдга солади.


Атроф-муҳит муҳофазаси масаласи илк бор 1972 йилдаги БМТнинг Стокгольм конференциясида кўтарилган. Кейинчалик 1992 йил Рио-де-Жанейрода “XXI аср учун кун тартиби” ва “Иқлим ўзгариши бўйича конвенция” каби муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. 2015 йилда эса Париж келишуви қабул қилиниб, иқлим ўзгаришига қарши курашда бутун дунё бирлашди.


Европа Иттифоқида “ифлослантирувчи тўлайди” принципи қатъий қўлланилади: ким табиатга зарар етказса, моддий жавобгарликни тўлиқ ўзи кўтаради. Хитой ва Жанубий Корея каби давлатларда ҳам судлар экологик ҳуқуқбузарликлар учун катта миқдорда компенсациялар тайинлаши амалиётга киритилган.


Ўзбекистон ҳам ушбу йўналишда халқаро тажрибадан унумли фойдаланмоқда. Мамлакатимиз мазкур конвенцияларга қўшилган ва миллий қонунчиликни жаҳон стандартларига уйғунлаштириш йўлида қатор ислоҳотларни амалга оширмоқда.


Табиатни муҳофаза қилиш — бу фақат давлат идораларининг эмас, балки ҳар биримиз­нинг масъулиятимиздир. Қонун талабларига риоя этиш, чиқиндиларни белгиланган тартибда йўқотиш, табиат неъматларига эҳтиёткорона муносабатда бўлиш келажак авлодлар учун соғлом муҳит қолдиришнинг ягона йўлидир.


Аброр Каримов,

Наманган туманлараро

иқтисодий судининг раиси