ТАҲЛИЛЛАР, ТАЛҚИНЛАР, ТАФСИЛОТЛАР

Очиқлик, ошкоралик, шаффофлик, холислик суд тизими фаолиятида ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу одил судловни таъминлаш ва судларнинг чинакам “Адолат қўрғони”га айланишига хизмат қилади.

Шу маънода судлар фаолиятидан жамоатчиликни мунтазам хабардор қилиб бориш яхши анъанага айлангани демократик ислоҳотлар тобора долзарблик касб этиб бораётган бугунги давр одимларига хос ва мос.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар, матбуот анжуманлари ўтказиш белгиланган.

Наманган вилояти судида ташкил этилган навбатдаги матбуот анжумани вилоят судларининг 9 ойлик фаолият якунларига бағишланди.

Наманган вилоят судининг жиноят, фуқаролик, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раислари, судьялар, Наманган вилоят маъмурий суди раиси ва судьялари иштирокидаги тадбирда 9 ойлик фаолият юзасидан ахборот бердилар.

Таҳлиллар, талқинлар, тафсилотларда вилоятдаги суд идоралари томонидан 2022 йилнинг 9 ойида кўрилган жиноят, фуқаролик, иқтисодий ҳамда маъмурий ишлар таҳлили, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан чиқарилган айблов ҳукмлари, жазо амалиёти, ишларни юқори инстанцияларда кўриш, оқлов ҳукми, судланганлик ҳолати шунингдек, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар юзасидан фаолият, ҳуқуқий тарғибот жараёнлари ифода топди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари матбуот анжуманида фуқаролларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш, одил судловни таъминлаш, қонунийлик ва адолат барқарорлигига эришиш билан борасида ўзларини қизиқтирган  саволларга батафсил жавоблар олдилар.

Жараён аниқ далиллар, фаолиятга оид таҳлилий маълумотлар одиллик ва шаффофликни таъминлашда эътибор қаратилаётган жиҳатларга оид масалалар билан қизғин ўтди.

Наманган вилояти судининг

жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими