ТЕРГОВ СИФАТИНИ ОШИРИШ – ҲАМКОРЛИКДАГИ ВАЗИФА
Наманган вилояти ички ишлар бошқармасида прокуратура ва ички ишлар органларида фаолият юритаётган тергов бўлинмалари ходимларини ўқитиш, билим ва малакасини оширишга қаратилган ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 27 январь куни Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари, судьялар, терговчи ва суриштирувчилар иштирок этдилар.

Ўқув-амалий семинарда дастлаб Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев ҳамда Ички ишлар вазирининг ўринбосари Рамазон Ашропов суриштирув ва тергов жараёнларида йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар ҳақида гапириб, бу борада эътибор қаратиш лозим бўлган муҳим жиҳатларга тўхталиб ўтдилар.

Олий суд судьяси Элбек Турғунбоев дастлабки тергов органлари томонидан тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган камчиликларга тўхталиб, маъмурий материаллар ва жиноят ишларини судларда кўриш жараёнидаги айрим муаммоларни очиқлади. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш, янги қонунларни қўллашда юзага келиши мумкин бўлган тушунмовчиликларнинг олдини олиш ва тергов жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Семинарда шунингдек, судлар томонидан чиқарилган оқлов ҳукмлари ҳамда Жиноят-процессуал кодексининг 416 ва 417-моддалари тартибидаги ажримлар таҳлили муҳокама қилинди.

Якунда маърузачилар томонидан берилган маълумотлар юзасидан қизғин муҳокамалар ўтказилди. Терговчи ва суриштирувчиларнинг саволларига атрофлича жавоблар берилиб, тергов сифатини янада яхшилаш бўйича иштирокчиларнинг таклифлари тингланди.






