ТЕРГОВ СУДЬЯЛАРИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ НИМАЛАРДАН ИБОРАТ?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан 2025 йилнинг 1 январидан жиноят ишлари бўйича судларда тергов судьялари фаолият бошламоқда. Хўш, мазкур янги институтнинг жорий этилишидан кўзланган мақсад нима? Тергов судьяларининг вазифалари ва асосий йўналишлари нималардан иборат?
Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши ва Судьялар олий мактаби томонидан Наманган вилоятида ўтказилган семинар машғулотида ана шу саволларга батафсил жавоб олинди.
Судьялар, прокуратура, ички ишлар органларининг терговчи ва суриштирувчилари, вилоят божхона, солиқ бошқармалари маъмурий амалиёт ходимлари, адвокатлар ва бошқа дахлдор ташкилотлар вакиллари иштирок этган семинарда дастлаб Олий суд, Судьялар олий кенгаши судьялари томонидан тергов судьяси институти жорий этилиши доирасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Президент Фармони ижросини самарали ташкил қилиш бўйича илғор хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилгани, тергов судьяси лавозими жорий этиладиган жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларига тегишли штатлар ажратилиб, тергов судьялари тайинлангани айтиб ўтилди. Шунингдек, тергов судьяларининг вазифалари ва асосий йўналишлари ҳақида батафсил тушунтириш берилди.
Бундан кўзланган асосий мақсад судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, ишни судга қадар юритишда тарафларнинг тенглиги ва тортишуви принципини амалда таъминлаш, шунингдек, тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари самарали ҳимоя қилинишига эришишдан иборат эканлиги таъкидланди.
Фикр-мулоҳазалар ҳамда савол-жавобларга бой тарзда ўтган очиқ мулоқотда иштирокчилар тергов судьялари фаолияти билан боғлиқ саволларга батафсил жавоб олдилар.