ҲУҚУҚИЙ ТАРҒИБОТ – ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТ ОМИЛИ

Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда аҳоли ўртасида ўтказилаётган ҳуқуқий тарғибот ишлариниг ўрни муҳим. Шу жиҳатдан Наманган вилоят суд идоралари томонидан ҳам жойларда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Ана шундай тадбирларнинг навбатдагиси Чортоқ туманида ташкил этилди.

Тумандаги 11-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида бўлиб ўтган учрашув-мулоқотда иштирок этган жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьялари Давлатмирза Комилов, Муҳаммадиброҳим Тўланов, Шуҳратжон Қурбонов вояга етмаганлар ўртасда жиноятчиликка қарши курашиш, ёшларни турли ёт оқимлар таъсиридан асраш бўйича фикр-мулоҳаза билдириб, мазкур турдаги жиноятчилик таҳлиллари, уларнинг ҳуқуқий оқибатларига тўхталиб ўтдилар. Бу борада аҳоли вакиллари, ёшларнинг фикр-мулоҳазалари эшитилиб, уларнинг саволларига жавоблар берилди.

Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган тадбирларнинг навбатдагиси куннинг иккинчи ярмида Чортоқ туманидаги “Оқтерак” маҳалласида давом эттирилди. Унда мазкур ҳудуд ва унга ёндош бўлган маҳаллалар фуқаролари иштирок этдилар.

Очиқ мулоқот тарзида кечган суҳбатларда судьялар билан бирга Наманган вилояти прокуратураси бўлим прокурори Ҳусанбой Аҳмаджонов ҳам иштирок этди. Тадбирда фирибгарлик, безорилик, йўл-транспорт ходисалари оқибатида содир этилаётган жиноятлар, диний эктремизм билан боғлиқ жиноий ишлар ҳақида сўз юритилди. Уларнинг оқибатлари ва жабрдийда фуқароларнинг қисмати ҳаётий воқеалар орқали очиб берилди.

Судьялар иштирокида ўтказилаётган бу каби ҳуқуқий тарғибот тадбирларидан кўзланган мақсад битта. Бу ҳам бўлса, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, юртдошларимиз ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган.