Ижарага берилган ер участкаларидан самарали фойдаланиш аҳоли моддий фаровонлигини оширади

Ер — даромад манбаи. Бу гап халқимиз тилида неча асрлардан буён қайта-қайта такрорланиб ўз тасдиғини топган нақлдир. Зеро ҳар қандай замонда ҳам инсонни ер боқади.

Фуқароларимиз мамлакатимиздаги шароит ва имкониятларни тўғри тушунган ҳар қарич ердан унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Ҳатто, шундай хонадонлар борки, йиллар давомида ўзига тегишли ерларни оиласининг асосий даромад манбаига айлантирган.

Президентимиз бошчиликларида мамлакатимиз аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш, уларнинг моддий фаровонлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ушбу йўналишда бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Мамлакатимизда пахта ва ғалладан қисқартирилаётган ер майдонларида боғдорчилик, узумчилик, полиз ва сабзавотчилик, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш соҳасида экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинлари экишни кўпайтириш, шунингдек, аҳолининг кенг қатламларини жалб қилиш орқали ушбу ерлардан самарали фойдаланиш тизимини яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 ноябрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришда деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-20-сонли қарори қабул қилинди.

Шунга асосан 2022 — 2025 йилларда давомида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда фермер хўжаликлари ва кластерлар фойдаланишидаги паст ҳосилли пахта ва ғалла экинларидан қисқартирилган ерлар ҳисобидан фуқароларга 10 сотихдан 1 гектаргача бўлган ўлчамда очиқ электрон танлов орқали ижара ҳуқуқи асосида бериладиган 200.038 гектар ер майдонлари ажратилиши белгиланиб, Республикада 2022 йил давомида 80.000 гектар ер майдони электрон танлов асосида ғолиб бўлган фуқароларга топширилиши кўзда тутилган.

Қарорда 2022-2025 йиллар давомида Наманган вилоятининг туманларида фермер хўжаликлари ва кластерлар фойдаланишидаги паст ҳосилли пахта ва ғалла экинларидан қисқартирилган ерлар ҳисобидан очиқ электрон танлов орқали ижара ҳуқуқи асосида бериладиган 11.100 гектар ер майдони ажратиш белгиланди. 

Таъкидлаш жоизки, республикамизда етиштирилаётган 80 турдан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бугунги кунда дунёнинг 66 та мамлакатига экспорт қилинмоқда. Бунда, мева-сабзавотлар ва дуккакли маҳсулотларнинг экспорт ҳажми 2016 йилдан 2021 йилга қадар қарийб 2 баробарга ошган.

Жумладан, ҳисоб-китобларга кўра 1 гектар майдонда етиштирилган пахта хом ашёсига нисбатан узумдан 7 баравар, гилосдан 6 баравар, ёнғоқдан 5 баравар кўп даромад олиш ҳамда ушбу ерларда оилавий тадбиркорлик доирасида кичик интенсив боғдорчилик, узумчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш ва сабзавотчилик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали эҳтиёжманд оилаларнинг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш бўйича катта имконият яратилди.

Қишлоқ хўжалиги мақсадлари, шу жумладан деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаларини ижарага бериш бўйича материалларни тўплаш, кўриб чиқиш, уларни ваколатли органлар ва ташкилотлар билан келишиш «E-IJARA» ахборот тизими орқали амалга оширилиб, «E-AUKSION» электрон савдо платформасида очиқ электрон танлов ўтказиш орқали ижарага берилади.

Деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкаларини очиқ электрон танлов орқали ижарага беришда ўз томорқасида мева-сабзавотчилик, полиз маҳсулотларини етиштириш ва узумчиликда яхши натижаларга эришган, ушбу соҳалардан бирида таянч мутахассисликка эга бўлган фуқароларга, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»да рўйхатда турган эҳтиёжманд оилаларга алоҳида устуворлик берилиши кўзда тутилган.

2022 йилда вилоят бўйича 6349 гектар ер майдони қишлоқ хўжалиги мақсадлари, шу жумладан деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаларини ижарага бериш бўйича Республика “Ўздаверлойиҳа” давлат илмий-лойиҳалаш институти “Намвилерлойиҳа” Наманган вилояти бўлинмаси томонидан материаллар тўпланиб, лойиҳалар тайёрланиб,  кўриб чиқиш, уларни ваколатли органлар ва ташкилотлар билан келишиб, «E-AUKSION» электрон савдо платформасига чиқариш ишлари давом эттирилмоқда.

Бугунги кунга қадар  вилоятда «E-AUKSION»да қатнашиш учун 72.798 та ариза келиб тушган бўлиб, танлов асосида 34.143 нафар ғолиб аниқланган.

Наманган вилояти, туманлараро, туман (шаҳар) суди раислари ва Қишлоқ хўжалиги бошқармаси, фермерлар кенгаши, “Ўздаверлойиҳа” давлат илмий-лойиҳалаш институти, ҳокимликлар ходимлари иштирокида вилоятнинг 11 та туманида танловда ғолиб чиққан фуқароларга ўзи яшаб келаётган маҳаллаларда семинарлар ташкил этилиб, ердан фойдаланиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Жумладан, Норин туманида 51 маҳалладан 4.414 нафар, Учқўрғон туманида 64 маҳалладан 4.624 нафар, Поп туманида 77 маҳалладан 4.690 нафар, Чуст туманида  70 маҳалладан 1.735 нафар электрон танловда ғолиб бўлган фуқароларга ер майдони ажратилиб, тегишли ҳужжатлар билан , методик қўлланма тарқатилди. Шу билан бирга вилоятнинг бошқа туманларида ҳам 18.680 нафар танлов ғолибларига ер участкалари  ажратилиб, ерга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома, ордер ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан ишлаб чиқилган “Ижарага берилган ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича “МЕТОДИК ҚЎЛЛАНМА”” тарқатилди.

Методик қўлланмада давлат томонидан аҳолининг кенг қатламларини меҳнат билан банд қилиш орқали камбағалликни қисқартириш, аҳолининг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш мақсадида ажратилган
ер участкаларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, деҳқон хўжалиги еридан оқилона фойдаланмаса, ижара шартномаси суд орқали муддатидан олдин бекор қилиниши, тушунтириб ўтилган.

Ўтказилган тадбирлар давомида судьялар томонидан ғолиб фуқароларга “Ер участкасининг ижараси ер участкасига ижара шартномаси шартларида муддатли, ҳақ эвазига эгалик қилиш ва фойдаланишдан иборатлигини, берилган ер участкалари олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш объекти бўлиши мумкин эмаслигини, Ер участкасига бўлган ҳуқуқ жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг чизмалари ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келиши, ижарага берилган ер участкаларидан самарали фойдаланишни таъминлашнинг ҳуқуқий асослари,  ер участкаси ижараси тўғрисида, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилиниши, ер қонунчилигини бузганлик учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик борасида кенг тушунтириш берилди.

Туманларда ўтказилган тадбирлар давомида Президентимиз ерларни ажратишда устуворлик энг аввало маҳалладаги шароити оғир, лекин ишлашга иштиёқи баланд оилаларга берилишини ва бунга ҳоким ёрдамчилари бош қош бўлишини қайд этиб ўтганликлари таъкидланиб, ер майдони ажратиш эмас, балки аҳолини даромадини ошириш учун имконият яратиш бўлиб, ерни ижарага олган оила йил давомида яхши ишласа камида 40-50 млн. сўм даромад топиши кераклиги ҳамда даромад билан ойига 3-4 млн. сўм даромад олиши орқали ўрта ҳол оилага айланиши мумкинлиги ҳам айтиб ўтилди.

Таъкидлаш жоизки, ер умуммиллий бойликдир, Ўзбекистон Республикаси халқи ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси сифатида ундан оқилона фойдаланиш зарур ва у давлат томонидан муҳофаза қилинади.

Қарор ижросини таъминлаш ишлари давом эттирилмоқда.

Наманган вилоят суди жамоатчилик

ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Байрам арафасида аёл судьялар тақдирландилар

 Ҳозирда жадал ривожланиб бораётган юртимизда мамлакатни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири суд тизимини изчил демократлаштириш ва суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга қатъий риоя этилишини таъминлаш ҳисобланади.

  Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
7 декабрда қабул қилинган “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳиятини  таъкидлаб ўтишимиз жоиздир.

Ушбу Фармонга кўра, судьялар мустақиллигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари судьяларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича касбий фаолиятини ҳар қандай кўринишдаги ташқи таъсирлардан самарали муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмлар яратилди.

Судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолиятини рағбатлантиришни йўлга қўйиш мақсадида «Ибратли судья» мукофоти, одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб пенсияга чиққан судьялар учун «Суд фахрийси» кўкрак нишони жорий этилди.

Бугунги Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг ташаббуси билан ўтказилган видеоселектор тарзида тадбирда суд тизимида узоқ йиллардан буён самарали меҳнат қилаётган ҳамда суд тизими соҳасидан нафақага чиққан аёл судьяларга нисбатан бўлган эътибор суд соҳасида аёлларга нисбатан қилинаётган ғамхўрликларнинг яна бир ёрқин ифодаси эканлиги кенгаш раиси Холмўмин Ёдгоров томонидан алоҳида таъкидланиб ўтилди.

Дарҳақиқат, аёл-она, аёл-раҳбар, аёл-вафодор ёр!

Шу боис аёлларимизга қанча эътибор ва ҳурмат билан қарасак, жамиятимизда уларнинг ўрни беқиёс эканлигини кўрамиз.

Юқорида таъкидланганидек,   8-март Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида Судьялар олий кенгашининг ташаббуси билан ўтказилган видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда республикамизда суд соҳасида самарали меҳнат қилиб нафақага чиққан аёл-судьялар, ҳозирда тизимда фаолият кўрсатаётган фаол аёл-судьяларимиз қатори, вилоятимизда ҳам ушбу соҳада ишлаб келган бир қатор аёл судьялар кенгашнинг махсус эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Жумладан, одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб пенсияга чиққан судьялар учун таъсис этилган «Суд фахрийси» кўкрак нишони билан Ойдина Сулаймановага ва ҳозирда фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро судининг раиси вазифасида меҳнат қилиб келаётган Наргис Халиловага мукофотлар топширилди.

Бундан ташқари, Наманган вилоят маъмурий судининг раиси Зарипа Қурбонова Судьялар олий кенгашининг махсус соврини ҳисобланган эсдалик “Қўл соати” билан ва Наманган вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича Муҳайё Дедамирзаева “Фахрий ёрлиқ” билан тақдирландилар.

Ўйлаймизки, давлатимиз томонидан аёл-судьяларга бўлган чинакам эътибор, ғамхўрлик ва уларни меҳнатини муносиб тарзда тақдирлаш ишлари суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг яна бир устувор вазифаларидан бири бўлиб қолади.

Бахтиёр Касимов,

Наманган вилоят судининг судьяси                                                                 

Skip to content