БАНК СОҲАСИДАГИ ҚОНУНБУЗАРЛИКЛАР МУҲОКАМА ЭТИЛДИ

Бугун мамлакатимизда банк ва молия тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалиётга жорий этилиб, фаолият янги тажрибалар асосида бойиб бормокда. Банк ва мижоз ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилиб, замон талаби асосида иш юритиляпти. Бироқ, соҳа билан боғлиқ молиявий жиноятлар ортгани хизматлар бозоридаги ишларни янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Шу жиҳатдан, Наманган вилояти суди томонидан вилоятдаги банк муассасаларида турли тадбирлар ташкил этилиб, уларда банк соҳаси билан боғлиқ жиноят ишлари муҳокамаси ўтказилмоқда.

Марказий банкнинг Наманган вилояти бошқармаси, “Агробанк”, “Микрокредитбанк”нинг Наманган филиалларида бўлиб ўтган ана шундай учрашув-мулоқотларда Наманган вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари иштирок этиб, молия институтларининг ҳуқуқшунос ва кредит билан боғлиқ амалиётда иштирок этувчи мутахасисларига банк соҳаси билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича айблов ҳукми чиқарилган ҳолатлар юзасидан батафсил тушунча бердилар. Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг 9 ойи давомида айни шу йўналишда 372 нафар шахсга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилиб, 160 тасида айблов эълон қилинган. Содир этилган жиноятлар оқибатида 101 миллиард 233 миллион сўм миқдоридаги зарар етказилган бўлиб, тергов ва суд даврида 49 миллиард 881 минг сўм маблағ қопланган ва қолгани суд қарори билан ундирилиши кўрсатилган. Тадбирда мутахасислар томонидан айни жиҳатлар атрофлича таҳлил этилди.

Шунингдек, айрим ҳолларда банк ходимлари томонидан фирибгарлик, коррупцион жиноятлар ҳам кузатилаётгани таъкидланди. Хусусан, таҳлилларги кўра, мазкур даврда 43 нафар банк ходими томонидан банк соҳаси билан боғлиқ коррупцион жиноятлар содир этилгани аниқланган.

Тадбирда банк ҳуқуқшуносларининг бу борада юзага келаётган муаммолар ва уларнинг олдини олишда нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақидаги саволларига судьялар томонидан жавоб қайтарилди.


Шуҳратжон Қурбонов,

Давлатмирза Камилов,

Наманган вилояти судининг судьялари

ТАҲЛИЛЛАР, ТАЛҚИНЛАР, ТАФСИЛОТЛАР

Очиқлик, ошкоралик, шаффофлик, холислик суд тизими фаолиятида ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу одил судловни таъминлаш ва судларнинг чинакам “Адолат қўрғони”га айланишига хизмат қилади.

Шу маънода судлар фаолиятидан жамоатчиликни мунтазам хабардор қилиб бориш яхши анъанага айлангани демократик ислоҳотлар тобора долзарблик касб этиб бораётган бугунги давр одимларига хос ва мос.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар, матбуот анжуманлари ўтказиш белгиланган.

Наманган вилояти судида ташкил этилган навбатдаги матбуот анжумани вилоят судларининг 9 ойлик фаолият якунларига бағишланди.

Наманган вилоят судининг жиноят, фуқаролик, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раислари, судьялар, Наманган вилоят маъмурий суди раиси ва судьялари иштирокидаги тадбирда 9 ойлик фаолият юзасидан ахборот бердилар.

Таҳлиллар, талқинлар, тафсилотларда вилоятдаги суд идоралари томонидан 2022 йилнинг 9 ойида кўрилган жиноят, фуқаролик, иқтисодий ҳамда маъмурий ишлар таҳлили, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан чиқарилган айблов ҳукмлари, жазо амалиёти, ишларни юқори инстанцияларда кўриш, оқлов ҳукми, судланганлик ҳолати шунингдек, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар юзасидан фаолият, ҳуқуқий тарғибот жараёнлари ифода топди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари матбуот анжуманида фуқаролларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш, одил судловни таъминлаш, қонунийлик ва адолат барқарорлигига эришиш билан борасида ўзларини қизиқтирган  саволларга батафсил жавоблар олдилар.

Жараён аниқ далиллар, фаолиятга оид таҳлилий маълумотлар одиллик ва шаффофликни таъминлашда эътибор қаратилаётган жиҳатларга оид масалалар билан қизғин ўтди.

Наманган вилояти судининг

жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

ОНЛАЙН СЕМИНАР

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Судьялар олий кенгаши томонидан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларини, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ходимларини маъмурий судлар фаолияти ва уларнинг жамиятда қонунийликни таъминлашдаги роли билан таништириш белгиланган. Шунга кўра, Наманган вилоят маъмурий судида видеоконференцалоқа шаклидаги семинар бўлиб ўтди.

Маъмурий судларнинг судьялари, вилоят божхона бошқармаси ва Давлат солиқ бошқармаси ходимлари иштирок этган онлайн тадбирда маъмурий органлар қарорлари ва ҳаракатлари устидан маъмурий судларга мурожаат қилиш сабаблари, бу борада учраётгам муаммо ва камчилакларга тўхталиб ўтилди. Маърузачилар давлат органлари билан муносабатларда маъмурий суд амалиётида қонунларни қўллаш борасида шаклланган тажриба, шунингдек суд амалиётидаги баъзи бир муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида фикр-мулоҳаза билдирдилар.

Семинар иштирокчилари мазкур йўналишда ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоблар олдилар.

Фаҳриддин Мадраҳимов,

Наманган вилоят маъмурий судининг судьяси

ФАОЛИЯТ ТАҲЛИЛЛАРИ

Маълумки, 2022 йилнинг январь ойидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьялари малака ҳайъатлари ҳузурида Судьялар одоб комиссиялари фаолият йўлга қўйилди. Бу бўйича Судьялар олий кенгаши қарори билан “Судьялар одоб комиссиялари тўғрисидаги Низом” тасдиқланди. Мазкур комиссия фаолияти судьялар томонидан Судьялар одоби кодекси қоидалари бузилиши ҳолатлари юзасидан жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари ҳамда оммавий ахборот воситаларида, интернет тармоғида эълон қилинган хабар ва маълумотларни ўз вақтида холис ўрганилишини таъминлашга қаратилган бўлиб, бу борада судьялар малака ҳайъатларига кўмаклашади.

Наманган вилоят судлари судьялари малака ҳайъати ҳузурида ҳам Судьялар одоб комиссияси фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, ўзига юклатилган вазифаларни лозим даражада ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш мақсадида турли учрашув ва мулоқотлар ўтказиб келинмоқда.

Хусусан, шу йилнинг октябрь ойи давомида Наманган вилоят иқтисодий судида, Чуст, Янгиқўрғон, Учқўрғон туманларида суд идоралари ходимлари, аҳоли вакиллари иштирокида давра суҳбатлари, турли тадбирлар ташкил этилди.

Уларда судьянинг обрў-эътиборига путур етказадиган, одоб-ахлоқ қоидаларига зид хатти-ҳаракатлари юзасидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ва оммавий ахборот воситалари ҳамда бошқа расмий манбаларда эълон қилинган маълумотлар комиссия томонидан судьяга нисбатан масалани ўрганишга асос бўлиши таъкидлаб ўтилди.

Жўрабек Карабоев,Наманган вилоят судлари судьялари малака ҳайъати ҳузуридаги Судьялар одоб комиссияси раиси

ҲУҚУҚИЙ ТАРҒИБОТ

Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда тарғибот тадбирларнинг ўрни муҳим. Шу жиҳатдан Наманган вилояти суд идоралари томонидан ҳам жойларда айни йўналишдаги давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар ўтказиб келинмоқда.  

Фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро суди томонидан Чуст туманининг “Пансада” маҳалласида ташкил этилган тадбир ҳам одам савдоси ва коррупцияга қарши курашиш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, хотин-қизлар ўртасидаги жиноятчиликка барҳам бериш масалаларига бағишланди. Унда иштирок этган Наманган вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов хайъати судьялари Алишер Қўчқоров, Раҳмонжон Яхёхўжаев юқоридаги масалалар бўйича Наманган вилояти судлари томонидан олиб борилаётган ишларга тўхталдилар. Хусусан, бугун одам савдоси ва коррупция жиноятига қарши курашиш бутун дунёни ташвишга солаётган муаммо бўлиб, бу борада мамлакатимизда ҳам жиддий чора-тадбирлар белгилаб олингани таъкидлаб ўтилди.

Тадбирда шунингдек, хотин-қизлар ўртасидаги жиноятчилик таҳлил этилиб, бунга кўп ҳолларда оилавий келишмовчиликлар сабаб бўлаётгани таъкидланди. Шундан келиб чиқиб, маҳаллаларда, кенг жамоатчилик ўртасида тушунтириш, тарғибот ишларини ўтказишга келишиб олинди. Тадбир якунида аҳоли вакилларининг суд-ҳуқуқ масалаларига оид саволларига жавоблар берилди.

Соҳиба Юлчиева,

фуқаролик ишлари бўйича

Чуст туманлараро суди раиси

АҲОЛИ МУРОЖААТЛАРИ ЭЪТИБОРДА

“Суд идорасига иши тушган ҳар бир шахс ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишонч ҳосил қилиши лозим”. Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган ушбу фикрлар бугун суд идоралари фаолиятида ўзининг яққол тасдиғини топяпти.
Наманган вилояти судлари томонидан жойларда ўтказилаётган сайёр қабуллар натижасида аҳолини ўйлантираётган кўплаб масалалар ижобий ҳал этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Норин туманидаги Халқ қабулхонасида бўлиб ўтган бу галги қабулларда ҳам аҳоли мурожаатлари ўрганиб чиқилди.
Сайёр қабулда иштирок этган Наманган вилояти суди раиси Абдурасул Эранов, вилоят маъмурий судининг раиси Зарифахон Қурбонова ҳамда туман-шаҳар судларининг раис ва судьялари фуқароларнинг турли масалалардаги мурожаатларини ўргандилар.
Норинлик Мавлоно Абдуллаев сайёр қабулга бир муаммо билан келди. Унинг таъкидлаши ва Наманган вилоят суди раисига тақдим қилган ҳужжатларига кўра яшаш хонадонини вақтида кадастр рўйхатидан ўтказмаганлиги боис унга нисбатан агентлик ходимлари томонидан 3.000.000 сўм жарима белгиланган. Ҳозирда ушбу пулларни тўлашга имкони йўқлиги, шу боис жаримани камайтириб бериш бўйича амалий ёрдам сўраган. Мазкур мурожаат жойида ҳал этилиб, тайинланган 3.000.000 сўм жарима пули ўн баробарга, яъни 300.000 сўмга камайтириб берилди. Шунингдек, сайёр қабулда жазодан шартли озод қилиш, фуқаролик низоси, автотранспорт воситаси ҳужжатларини олиш, алимент ундириш каби ўнга яқин муаммоли масалалар кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилди.
Бугун суд идоралари фаолиятида асосий эътибор фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судловни таъминлаш масаласига қаратилмоқда. Бу жойларда тизимли равишда ўтказилаётган сайёр қабуллар мисолида ҳам ўз ифодасини топяпти. Маъулумот ўрнида айтиш жоиз, жорий йилнинг ўтган 9 ойида Наманган вилоят судларига жами 6567 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 2689 таси қаноатлантирилган. 3673 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.


Наманган вилояти судининг
жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

ҚУТЛОВ

Умрини эл хизматига бахшида этган инсонлар ҳамиша эъзоз ва эътиборда. Уларнинг босиб ўтган ҳаёт йўллари, тажрибалари эса ёшларга ибрат мактабидир.

Наманган вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси Муяссар Султонова ана шундай фидойи инсонлардан. Кўп йиллардан буён суд-ҳуқуқ тизимида фаолият олиб бораётган қаҳрамонимиз бугун қутлуғ 60 ёшни қарши олдилар. Шу муносабат билан ўтказилган қутлов тадбирида Муяссар опанинг ҳамкасблари жам бўлдилар. Унда иштирок этган Наманган вилоят суди раиси Абдурасул Эронов Муяссар Султоновани қутлуғ 60 ёш билан муборакбод этиб, жамиятда адолатни қарор топтириш, қонун устуворлиги йўлидаги кўп йиллик меҳнатларини эътироф этди.

Тадбирда шунингдек, Наманган вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Абдураҳмон Сафоев, судьялар сўз олиб, Муяссар Султонова узоқ йиллик меҳнат фаолияти давомида юртимиз ривожи учун сидқидил меҳнат қилгани, малакали шогирдлар тарбиялаганини эътироф этдилар.

 

Муҳайё ДЕДАМИРЗАЕВА,
Наманган вилоят судининг судьяси

ҲУҚУҚИЙ ТАРҒИБОТ – ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТ ОМИЛИ

Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда аҳоли ўртасида ўтказилаётган ҳуқуқий тарғибот ишлариниг ўрни муҳим. Шу жиҳатдан Наманган вилоят суд идоралари томонидан ҳам жойларда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Ана шундай тадбирларнинг навбатдагиси Чортоқ туманида ташкил этилди.

Тумандаги 11-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида бўлиб ўтган учрашув-мулоқотда иштирок этган жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьялари Давлатмирза Комилов, Муҳаммадиброҳим Тўланов, Шуҳратжон Қурбонов вояга етмаганлар ўртасда жиноятчиликка қарши курашиш, ёшларни турли ёт оқимлар таъсиридан асраш бўйича фикр-мулоҳаза билдириб, мазкур турдаги жиноятчилик таҳлиллари, уларнинг ҳуқуқий оқибатларига тўхталиб ўтдилар. Бу борада аҳоли вакиллари, ёшларнинг фикр-мулоҳазалари эшитилиб, уларнинг саволларига жавоблар берилди.

Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган тадбирларнинг навбатдагиси куннинг иккинчи ярмида Чортоқ туманидаги “Оқтерак” маҳалласида давом эттирилди. Унда мазкур ҳудуд ва унга ёндош бўлган маҳаллалар фуқаролари иштирок этдилар.

Очиқ мулоқот тарзида кечган суҳбатларда судьялар билан бирга Наманган вилояти прокуратураси бўлим прокурори Ҳусанбой Аҳмаджонов ҳам иштирок этди. Тадбирда фирибгарлик, безорилик, йўл-транспорт ходисалари оқибатида содир этилаётган жиноятлар, диний эктремизм билан боғлиқ жиноий ишлар ҳақида сўз юритилди. Уларнинг оқибатлари ва жабрдийда фуқароларнинг қисмати ҳаётий воқеалар орқали очиб берилди.

Судьялар иштирокида ўтказилаётган бу каби ҳуқуқий тарғибот тадбирларидан кўзланган мақсад битта. Бу ҳам бўлса, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, юртдошларимиз ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган.  

ОИЛАЛАР МУСТАҲКАМЛИГИ ЙЎЛИДА

Оилалар мустаҳкамлиги – юрт таянчи. Шу жиҳатдан бугун оилавий низоларнинг олдини олиш энг долзарб масалалардан бирига айланган. Бу борада Наманган вилояти судлари томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, Наманган шаҳрининг “Олвализор”, “Зарбдор” ва “Лола” маҳалла фуқаролар йиғинларида ўтказилган тадбирларда Наманган вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Абдураҳмон Сафоев иштирок этди. Унда никоҳдан ажралиш ҳолатлари, оилада содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, хотин-қизларга нисбатан зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик ва бундай салбий ҳолатларни бартараф этиш масалалари бўйича аҳоли вакилларига тушунтиришлар берилди.

Асосий қонунимиз  бўлган Конституциямизнинг 63-моддасида оила  жамиятнинг  асосий  бўғини эканлиги ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги алоҳида эътироф этилган.

Айни жиҳатдан, судлар томонидан никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни кўришда асосий эътибор ёш оилаларнинг ва вояга етмаган фарзандлари бўлган эр-хотинларнинг никоҳларини мустаҳкамлашга ва уларнинг барқарорлигини сақлаб қолишга қаратилмоқда. Бунинг натижасида эса жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида 200 га яқин ажралиш арафасида турган оилаларни яраштиришга эришилди.

Оилалар мустаҳкамлигига бағишлаб жойларда ўтказилаётган учрашувларда иштирокчиларга мавзулар бўйича вилоят суди томонидан ишлаб чиқилган қўлланмалар тарқатилиб, фуқаролардан келиб тушган оила, никоҳ, алимент, мерос масалаларидаги саволларга батафсил жавоблар берилмоқда.


Тўхтамурод Ражабов,

Наманган вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

Skip to content