КОРРУПЦИЯ – ИЛЛАТ!

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров Наманган вилоятида бўлиб, судьялар ва уларнинг оила-аъзолари билан учрашув ўтказди.

Коррупцияга қарши кураш масалаларига бағишланган учрашувда дастлаб Судьялар олий кенгаши томонидан тайёрланган судья қандай бўлиши лозимлиги ҳамда айрим коррупцияга йўл қўйган собиқ судья ва ходимларнинг пушаймонлиги акс этган видеолавҳа намойиш этилди. Ушбу фильм бугунги кундаги долзарб муаммолардан бўлган порахўрлик ва унга қарши курашиш, коррупциянинг аянчли оқибатларига бағишланган бўлиб, унда таъмагирлик оқибатида ўз иши ва виждонига хиёнат қилган, охир-оқибат бу қилмиши орқали жиноятчига айланган давлат хизматчиларининг аянчли қисмати акс этган.

Фильм намойишидан сўнг Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, тизимда коррупцион омилларни баратаф этиш бўйича қатор ҳужжатлар қабул қилингани, айниқса, давлатимиз раҳбари суд ишларига ҳеч ким аралашмасин, деб уқтирганларини, ҳақиқатдан ҳам суд мустақил ва холис бўлгандагина адолат қарор топишини, шунинг учун ҳам аввало судьяларимиз ўз ишларига бошқаларнинг аралашувига йўл қўймасликлари лозимлиги, агарда турли аралашув ёки босимлар юз берган тақдирда, албатта кенгашга маълум қилиниши шартлиги ҳақида таъкидлаб ўтди.

Бу борада Президентимизнинг Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишида суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларни олдини олиш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш доимо диққат марказида бўлиши зарурлигини таъкидлаганлари барча судьялар ҳамжамиятини порахўрлик иллатига қарши курашда бирдам бўлишга чақириши кераклиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, тадбирда судьянинг оиласи, ота-онаси, турмуш ўртоғи ва фарзандлари ҳам камтар, одобли бўлишдан ташқари доимо судьянинг молиявий ҳолатини, у ва оиласининг ҳалол ризқланишини ҳамда ортиқча дабдабабозликка берилмаслигини назорат қилиб туриши ҳам катта аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди.

Мулоқотда вилоят суди фахрийлар кенгаши раиси Ғозихон Яхёхўжаев, суд раислари сўзга чиқиб касбга садоқат, ҳалол-поклик тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

ҚАДРИЯТЛАРИНГ БОҚИЙ БЎЛСИН, НАВРЎЗ!

Наманган вилояти судида Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан тадбир ўтказилди.


Судьялар ва тизим ходимлари, ота-оналар иштирок этган тадбирда Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов барчани яшариш ва янгиланиш айёми билан табриклаб, эзгу тилаклар билдирди.

Шундан сўнг бир гуруҳ судья ва ходимлар, уларнинг ота-оналарига вилоят суди раисининг фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Вилоят суди томонидан Наврўз умумхалқ байрамига бағишлаб спортнинг шахмат ва шашка турлари бўйича мусобақалар ўтказилган эди. Байрам тадбирида мазкур беллашувларда ғолиб бўлган судья ва суд ходимлари диплом ва медаллар билан тақдирланди.

Тадбирда шунингдек, навбатдаги мансаб даражалари берилган суд ходимлари эълон қилиниб, муборакбод этилди.

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ УСТУВОР ВАЗИФА

Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 5 март кунги Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишидаги нутқида коррупция ислоҳотлар йўлида энг катта тўсиқ ва ғов эканлиги таъкидланиб, сўнгги йилларда бу иллатга қарши курашиш бўйича янги тизим яратилганлиги, Парламент палаталарида масъул қўмиталар, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва Агентлик ташкил қилинганлиги таъкидланди.


Шунингдек, аҳоли ва тадбиркорларга “ҳалқ хизматидаги давлат” тамойили асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилганлиги, 120 турдаги ҳужжатларни талаб қилиш, 160 дан ортиқ лицензия ва рухсатномалар бекор қилинганлиги, электрон давлат хизматлари сони 15 карра ортганлиги, бунинг натижасида аҳоли, тадбиркорлар, хорижий инвесторларнинг ислоҳотларга ишончи мустаҳкамланганлиги, мамалакатимиз иқтисодиёти 2 карра ўсиб, ўтган йили 115 миллиард долларга етгани келтириб ўтилди.


Коррупциянинг олдини олиш – давлат хизматига профессионал ва фидойи кадрларни танлаш ҳамда уларни “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлашдан бошланиши, шу боис ишга олишдаги тартиб ва ёндашувларни такомиллаштириш зарурлиги, фикри тоза, коррупцияга тоқатсиз янги авлодни тарбиялаш мақсадида таълим масканларида ҳалоллик ғояларини сингдириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги, коррупцияга қарши курашиш умуммиллий вазифа, ҳар бир ватанпарвар юртдошимизнинг виждон иши экани таъкидланди.


Суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларни олдини олиш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш доимо диққат марказида бўлиши зарурлиги, сўнгги йилларда судлар мустақиллигини таъминлаш бўйича катта ислоҳотлар амалга оширилганлиги, лекин судьяларни мажлисга чақириш, уларга ваколатига кирмайдиган вазифаларни юклаш ҳолатлари ҳам учраб тургани, айрим идоралар томонидан судга таъсир ўтказишга уринишлар ҳали-ҳануз давом этаётгани, судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш одил судловга соя солиш, деб баҳоланиши, бу бўйича сўров ҳам, жавобгарлик ҳам қаттиқ бўлиши қайд этилди.


Президентимизнинг нутқидан келиб чиқиб Олий суд раиси Б.Исламов барча судьялар ва суд аппарати ходимларига мурожаатнома йўллаб, унда суд тизимини ҳалол, пок кадрлар билан тўлдириш, уларнинг касбий малакасини ошириб бориш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги принципига риоя қилиш лозимлигига эътибор қаратди. Бу борада судларни моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, тизимда замонавий ахборот технологиялари кенг жорий этилгани ҳолда, коррупциявий хавф-хатарларни камайтириш ва инсон омилини сезиларли даражада қисқартиришга эришиб келинаётганлигини таъкидланди.


Биз судьялар Президентимизнинг нутқи ва Олий суд раисининг мурожаатномасига жавобан келгусидаги фаолиятимизда суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш ва буларга муросасиз муносабатда бўлиш, суд тизимида ҳалоллик ва покликни таъминлаш, судларда ишларнинг ўз вақтида кўрилиши ҳамда қонуний ва адолатли қарорлар қабул қилган ҳолда суд тизими обрўсини янада оширишда бор куч-ғайратимиз билан меҳнат қилишимиз лозим. Айни жиҳатдан, Президент нутқи ҳамда Олий суд раисининг мурожаатномаси юзасидан вилоят судларида коррупцияга қарши муросасиз курашиш юзасидан суҳбатлар ўтказилиб, тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.    

Қодирхон Ходжаев

Наманган вилояти судлари

Судьялари малака ҳайъати

раиси ўринбосари

ОБОДЛИК КЎНГИЛДАН БОШЛАНАДИ

Наманган вилояти судида Наврўз умумхалқ байрами олдидан ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари ўтказилди.

Эрта тонгдан судья ва тизим ходимлари вилоят суди ҳовлиси ва атрофини саранжом-саришта ҳолатга келтирдилар. Дарахтлар оқланиб, шакл берилди. Манзарали дарахт ва гул кўчатлари экилди. Атроф-муҳит турли чиқиндилардан тозаланиб, ободонлаштирилди.

Бу каби ободлик тадбирлари барча судлов ҳайъатлари ҳамда шаҳар ва туман судларида ҳам уюшқоқлик билан ўтказилди.

МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИГА ОИД СЕМИНАР

Наманган вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида меҳнат муносабатларига бағишланган семинар ўтказилди.

Шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳуқуқшунослари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва давлат ташкилотларининг кадрлар масалалари бўйича масъул ходимлари ҳамда судьялар иштирок этган тадбирда меҳнат қонунчилиги меъёрларини суд амалиётида қўллаш ва меҳнат низоларининг олдини олиш, ишга тиклаш масалалари бўйича сўз юритилди.

Мавзу юзасидан маъруза қилган судьялар меҳнат муносабатларининг қонунчиликда белгилаб қўйилган муҳим жиҳатларига тўхталиб, айрим иш берувчи корхона ва ташкилотлар томонидан ходимлар билан меҳнат шартномасини бекор қилишда йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни кўрсатиб ўтдилар. Бу каби меҳнат низоларига сабаб бўлаётган ҳолатларнинг олдини олиш бўйича ҳуқуқий ҳужжатларда белгилаб қўйилган қатъий меъёрларга амал қилиш лозимлиги таъкидланди.

Семинарда меҳнат низоларининг олдини олиш юзасидан қатнашчиларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари эшитилди. Якунда қонунчиликни қўллашда келиб чиқаётган айрим тушунмовчиликларга доир саволларга судьялар томонидан батафсил жавоб берилди.

Skip to content