МАТБУОТ АНЖУМАНИ БАЙРАМ ТАДБИРИГА УЛАНДИ

Наманган вилояти судида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари, ахборот хизматлари раҳбарлари, журналистлар иштирок этган анжуманда дастлаб Наманган вилояти суди ҳамда вилоят маъмурий суди раислари томонидан суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, қонунчиликдаги янгиликлар, 2025 йилнинг ўтган даври мобайнида кўрилган жиноят, фуқаролик, иқтисодий ҳамда маъмурий ишлар, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларнинг таҳлили, ҳуқуқий тарғибот ишлари ҳақида маълумотлар берилди. 

Тадбирда журналистлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш, одил судловни таъминлаш, қонунийлик ва адолат барқарорлигига эришиш борасида ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Уларнинг савол, таклиф, фикр-мулоҳазаларига суд раислари ва судьялар батафсил жавоблар беришди.

Шундан сўнг, 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Наманган вилояти судлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, суд-ҳуқуқ соҳасини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишга ўз ҳиссасини қўшган журналистларга, шунингдек, тарғибот ишларида фаоллик кўрсатиб келаётган судьяларга ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

СУДЛАРДА ПРОКУРОР ВАКОЛАТИНИ ТАЪМИНЛАШ

Наманган вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда семинар машғулоти ўтказилди.

Фуқаролик ишлари бўйича судларнинг судьялари, прокуратура ходимлари иштирок этган семинарда 2024 йилнинг 30 сентябрида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.

Мазкур қонун билан процессуал кодексларга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган бўлиб, маърузачилар фуқаролик судларида прокурор иштирокининг янги босқичи ва қонунларни амалиётга қўллаш масалалари бўйича тушунтириш бердилар. Мазкур йўналишдаги айрим муаммолар муҳокама қилиниб, камчиликларни бартараф этиш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, семинарда Олий суд Пленумининг 2025 йил 29 апрелдаги Қарорлари мазмун-моҳияти тўғрисида ҳам батафсил тушунтиришлар берилди.


Раҳмонжон Яхёхўжаев,

Наманган вилояти судининг судьяси

Skip to content